Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрида кўп йиллик дарахт қулаб, учта машинани босиб қолгани тасвирланган видео ва фототасвирлар тарқалди. Тошкент шаҳар Экология бошқармаси матбуот хизмати ҳолат юзасидан маълумот берди.

Таъкидланишича, ҳолат бир гуруҳ мутахассислар томонидан жойига чиқиб ўрганилганда шумтол дарахтининг қулашига табиий омиллар таъсири сабаб бўлгани маълум бўлди. Шундан сўнг ҳодиса оқибатларини бартараф этиш борасида туман Ободонлаштириш бошқармаси томонидан манзилда тегишли тартибда ишлар олиб борилган.

Экология бошқармаси хабарида ҳолат туфайли етказилган зарар ҳам унинг миқдори ҳақида ҳам маълумот келтирилмаган. Қолган мутасадди идоралар ҳам ҳозирча расмий изоҳ бергани йўқ.

Маълумотларга кўра, катта дарахт тўғридан-тўғри йўлнинг қатнов қисмига қулаб тушган ва учта автомобиль — «Nexia», «Spark» ва BYDʼни босиб қолган. Гувоҳлар ҳеч ким жабрланмагани, бироқ автомобиллар техник шикастланганини айтмоқда.