Бундан ташқари, маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида ушбу ҳуқуқбузарликларни такрор содир этилган учун ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олиш чоралари белгиланяпти.
Шу билан бирга, эндиликда дарахтлар ва буталарнинг қимматбаҳо навларини кесишга, кундаков қилишга, шикастлантиришга ёки йўқ қилишга олиб келадиган лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиққанлик учун ҳам маъмурий жавобгарлик киритилмоқда.
Бундан ташқари, ноқонуний дарахт кесганлик ёки кундаков қилганлик учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 4 та моддасига асосан маъмурий жавобгарлик белгиланган. Мазкур моддаларда бир хил маъмурий ҳуқуқбузарлик учун турли миқдордаги жарималар ва номутаносиблик мавжудлиги инобатга олиниб, ўзгартишлар орқали бир турдаги маъмурий хуқуқбузарликка нисбатан битта моддада бир хил жавобгарликни белгилаш назарда тутилган.
Таъкидланганидек, мазкур Қонуннинг қабул қилиниши дарахтлар ва буталарни қонунга хилоф равишда кесилиши, кундаков қилиниши, шикастлантирилиши ёки йўқ қилиниши билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, бу борада жисмоний ва юридик шахсларнинг масъулиятини ошириш, шунингдек ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва давлат экологик назоратининг самарали ташкил этилишига хизмат қилади.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди, деб хабар беради Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.