Фарғона водийсини юртимизнинг бошқа ҳудудлари билан боғлайдиган Қамчиқ довонидан неча бор ўтганимнинг саноғи йўқ.
Қирқ
йиллар олдин биринчи марта қадрдонимнинг “Волга” машинасида довон ошиб,
Марғилонга борганимдаги ҳаяжон ва қўрқув тафти ҳалигача босилмагандай. Ўшанда
асфальт деган нарса тушига ҳам кирмаган, шағал эмас, йирик-йирик тошлар қоплаб
ётган йўлнинг бир томони тоғларга туташ, иккинчи томони эса тикка жарлик эди...
Иккита машина рўбарў келиб қолса, жар томондаги машинада ўтирганларнинг юрагини
ваҳима босарди: йўл тор, муюлишлари кўп, нотекис ва олис йўлнинг бирор бўлагида
ҳам жардан ҳимоялайдиган тўсиқ-восита йўқ... Эсон-омон манзилга етиб
олганимизга беадад шукрона айтиб, довон йўлини орзуламай қўйгандим.
Кейинчалик 9-10 соатлаб
йўл юрилса-да, ота юртимга Қозоғистон ва Тожикистон ҳудудидан айланиб ўтадиган автобусда
бориб келадиган бўлдим. Қардошлар билан йўлларимиз, қишлоқларимиз туташ, ҳаёт
тарзимиз ўхшаш бўлса-да, барибир қўшни-қондошларнинг тили ва дили билан
юзлашиб, тутган ризқу насибаларидан тотиб ўтишнинг завқи бошқача эди.
Туғишгандай бўлиб кетган ҳамсоя билан бирров учрашиб, ҳол-аҳвол сўрашишдан
кўнгил қанчалар ўсади-ю, жигарингдай халқнинг юртига қўниб ўтишнинг мақоми
қанчалар улуғ!..
Пешиндан кейин пойтахтдан
йўлга чиққан оғиркарвон автобус Бешариқ туманига кириб борганда аллақачон
қоронғи тушган бўларди. Бу ёғи Ўзбекистон (ўша пайтдаги номи), Бағдод, Олтиариқ
туманларидан ўтиб, Марғилонга элтадиган йўл масофаси икки юз километр атрофида
эди. Йўл олис, икки томонидаги манзара эса қора қалам билан чизилган яхлит
расмга ўхшарди: саф тортган тутлар қорайиб кўринар, юлдузларнинг ғира-шира
нурида нигоҳ етган ерларнинг бошидан охиригача пахтазорлар ястаниб, унда-мунда
симчироқлар ёки ҳовлилардаги чироқлар милтилларди... Марғилондан Тошкентга
қайтиш кундузга тўғри келгани учун бу кўринишларга ранг кирарди: фаслга қараб
тутлар ва далалар яшил, сариқ, жигарранг тус оларди. Катта йўлларга туташ
пахтазорларнинг у ер-бу ерида қисиниб-қимтингандай пастак, тор деворлар билан
ўралган ҳовлилар кўзга ташланарди. Пахта очилган мавсумда оппоқ тусга кирувчи
бу кенгликлар ҳосил йиғиб олинганидан кейин яна баҳоргача файз-барака ва
тўкинликка интизор бўларди. Дарвоқе, қай бир сув чиқмас, чекка жойларда
униб-ўсган ёввойи жийдаларни ҳисобга олмаганда, йўл-йўлакай нафақат далаларда,
балки ҳовлиларда ҳам мевали дарахтлар учраши амримаҳол эди. Собиқ тузум даврида
ҳовлилардаги мевали дарахтларгача (тутдан ташқари, чунки тут барги ипак қуртига
озуқа эди-да) солиқ солинганини (ҳовлимиздаги ўрик дарахти сал катта бўлганда,
“ҳукумат энди солиқ солади”, деб кесиб ташлашгани эсимда) айтсам, фикрим
тушунарли бўлса керак.
Тақдирларни ёритган чироқлар
Кўп қатнайверганингдан
кейин кўчалар, дарахту ариқлар, ҳатто йўл четига кимдир ўрнатган ёғоч ғўлаю
қўлбола ўриндиқларгача ёд бўлиб кетаркан.
1991 йил 1 сентябрь —
мустақиллик саодати Ўзбекистон йилномасида янги саҳифалар очган кундан бошлаб,
пахтазорларни қисқартириш ҳисобидан одамларга уй-жой қуриш учун ерлар берилиши
халқчил воқеа ва ижтимоий адолат йўлидаги залворли қадам бўлди. Халқ ширин
тушдан уйғониб кетгану бу туш эмас, ҳақиқат эканини кўриб, кўзи, орзу-ҳаваси,
ғайрати чақнаб кетгандек эди. Айниқса, ХХ асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб
пахтазорлар исканжасида бўлган, пахтазорларга қўшилиб бошидан заҳарли дорилар
ёғдирилган, дориланган далалардан сизиб чиққан сувга вақти келса юзини ювган
қишлоқ аҳлининг куну тунлари ғайратга, завқли меҳнатга ва байрамона кайфиятга
қоришиб кетди: Тошкент — Марғилон автобуси қоронғи тушганда Бешариқ туманига
кириб боргач, энди йўлларни кузатиб зерикмасди одам: вақт алламаҳал бўлишига
қарамай, икки томонда чироқлар ёнарди; бир-бирига туташ янги қурилаётган
ҳовлиларда кимдир девор тиклар, кимдир иморат қурар, яна кимдир том ёпарди.
Ҳадемай, ҳа, жуда тез фурсатда кўркам иморатлар, тунукаю шиферли томлар,
ярақлаган деразалару чиройли пардалар, янги экилган гулу дарахтлар орзуманд ва
ҳавасманд қалбларнинг ўзига хос тилмочига айланди.
Кейинчалик... қишлоғу
шаҳарлар орасида гектарларга чўзилган ўрикзорлар, олмазорлар, шафтолизорлар,
беҳизору олхўризорлар бўй чўзди, гуллаб мевага кирди. Қовун-тарвуз полизлари,
ловиязорлар, сабзавот пайкаллари барпо этилди... Давлатмандлар кўпайса, давлат
бойийди дейди. Халқнинг соғлом бўлиши эса, биринчи навбатда, дастурхонида
дармондориларга бой сабзавоту мева-чеваларнинг етарли ва тўкислигига боғлиқ.
Халқимизда
“оғиркарвон” деган сўз бор. Бу ташбеҳ етти ўлчаб бир кесадиган, қадамини чуқур
мулоҳаза билан босадиган, хулоса чиқаришга шошилмайдиганларга... баъзан эса
янгиликка қўл уришга иккиланиб турадиганларга нисбатан ҳам ишлатилади. Шу —
кейинги тоифа вакиллари ҳаётнинг ҳамма соҳасида учрайди. Демоқчимизки,
мустақиллик йилларининг ижтимоий-иқтисодий, маданий-маиший соҳалардаги
янгиловчи ислоҳотлари натижаси баъзи ҳудудларда йиллар сайин яққол кўзга
ташланган бўлса, айрим жойларда қадамини зўрға судраб босди.
...Ота-онамнинг тарихий илдизи
Фарғона вилояти Қўштепа туманининг Марғилон шаҳрига туташ Ойимча қишлоғи билан
боғлиқ. Жигарларнинг зурриёдлари шу ерда яшайди. Қолаверса, ҳар гал она
шаҳримга шу қишлоқдан ўтган катта йўл орқали кириб бораман.
“Шу кўчаларда ҳам
ўзгариш, янгиланиш бўлармикан?” дея ўйладим бундан бир неча йил олдин Тошкент —
Фарғона катта магистралидан борарканман. Ҳўқанди латиф қиёфасидаги
анъанавийликка уйғун замонавий ўзгаришлардан кўзим қувнарди. Тадбиркорликнинг,
ер илмининг ҳадисини олган олтиариқликларнинг ҳовлиларидан кўчаларигача бирдек
таралган ва қаралган узум сўритокларию томорқаларига, шунингдек, уларнинг
даромади рамзи бўлган кўркам ҳовли-жойларига тасаннолар айтиб бордим.
Бозорни бир айланиб...
Бу йил яна баҳорга
етказганига шукрона айтиб, дийдору савоб талабида тонг пайти йўлга чиқдим.
Қамчиқ довонининг саккизталаб машина бирдек ҳаракатлана оладиган магистралини
кўриб улғайган фарзандларимизга бу йўлларнинг ярим аср, борингки, ўттиз йил
олдинги ҳолати ҳақидаги гапларимиз эртакдек туюлади. Довон оша водийга қалбан
елиб борарканман, яна йўлнинг икки томонини, катта йўлга ирмоқдек қўшилган
кўчаларгача синчиклаб кузатаман: тоғ ёнбағирларида ҳам палапартиш эмас,
расамади билан экилган дарахтлар қад ростлаган, йўллар четидаги қатор тераклар
бўй-басти сараланган навқирон аскарлар сафини эслатади. Аввалги йиллардаги каби
йўловчилар улоқтириб кетадиган ҳар хил сув ва егуликдан бўшаган идишлар, қоғозу
елим халтачалар деярли кўринмайди. Аҳоли яшайдиган қишлоқлар ва уларни
боғлайдиган олис-олис кўчалар, кенгликлар ҳамда далалардаги саришталик,
озодалик “ярқ” этиб кўзга ташланади. Салобати нигоҳга сиғмайдиган ўрикзорлар ва
олмазорлар улкан гулдастага ўхшайди. Токи Марғилонга етгунча йўлларнинг
илгариги қуроқ манзараси тамоман ўзгарганини кўрасиз: қадим йўллардаги қадрдон
қишлоқлар кетма-кет пешвоз чиқади, ҳаммасида ободлик, саришталик, девору
иморатлари текис ғиштин ҳовлилар қад ростлаган... “Янги авлод”, “Келажак” деб
номланган марказлар, новвойхоналар олдидан шукрона келтириб ўтамиз.
Биз бораётган марказий
кўчанинг икки томонида катта ҳудудни эгаллаган “Қумтепа” бозоридаги манзарани,
тўкинликни, одамларнинг кўтаринки кайфиятини ва гуруллаб турган савдо-сотиқни
бир кўрсангиз эди! Нон расталарида момоларимиздан мерос жиззали,
помидорқоқию пиёзли, сариёғли, ёнғоғу майизли нон-патирларгача бор. Ҳўл мевалар
расталарида эса айни тўкин куз мавсумининг таровати уфуриб туради.
Пештахталарга тўлиб-тошган пистаю бодом, туршагу майизлар, ёнғоғу жийдалар
турининг саноғига етолмайсиз (ҳамёнингиз кўтарганини танлайверасиз). Улар
қаторида олчақоқиларгача топилади. Асал ва сариёғнинг тозасини олмоқчи
бўлсангиз, ана, ранг-рўйи тиниқ, соддаю самимий миришкорларнинг растасига
боринг! Кўк-резаворлар бозори кўкламнинг мўъжаз ҳовлисига ўхшайди. Бундан ўн
йиллар олдин оиласига бир тандиргина кўк сомса тайёрлаш учун атрофдаги
далаларни кезиб чиқадиган қишлоқ бекалари бугун томорқасининг чеккасида жағжағ,
исмалоқ, отқулоқ экиб бизнес қиляпти. Бу экологик тоза маҳсулотдан сотувчи ҳам,
олувчи ҳам бирдек манфаатдор ва миннатдор. Сут, қатиқ, сариёғ расталаридаги
маҳсулотларни кўриб ўтарканман, беихтиёр бундан қирқ йил муқаддам бир яшар
қизимга бўтқа пишириб бериш учун табиий сут излаб, Тошкентнинг марказидан
Қибрайга қатнаганларим эсимга тушиб кетди... Яратганга шукр, у кунлар ўтиб
кетди! Бари хотираларда қолди! Фақат энди бу тўкинликнинг қадрига етишимиз,
исрофгар ва ношукр бўлмаслигимиз шарт!
Эҳ-ҳе, бозорнинг энг
гуруллаган жойи бу ёқда экан-ку: кўчатлар, ниҳоллар селкиллаб турибди — баҳорда
бу ҳаммамизга таниш манзара. Аммо гул бозори ҳар доимгидан ҳам кенгайиб
кетибди. Зотан, йўл-йўлакай бир неча гулкўчат ва тувакдаги гуллар
сотувчиларининг қаторидан ўтган эдик. Илгари ўзимизда бўлмаган гул турлари
ҳақида сўрагандим, сотувчи: “Йўқ, чет элдан олиб келганимиз йўқ. Ўзимиз ўстириб
кўпайтиряпмиз”, деб жавоб берди. Харидорлар — шу атрофдаги хонадонларнинг
бошлиқлари, бекалари. Уларнинг гўзалликка, гулларга ҳаваси, меҳру ихлоси ва
интилиши негадир ёдимга асалариларни солди.
Инсон фақат қорин учун
яшамайди. Аммо халқимиз содда ва лўнда қилиб айтиб қўйибди: “Бўш қоп тик
турмайди”. Жуда кичкиналигимизда отажонимнинг қора эски чарм сумкасини
неъматларга тўлдириб дарвозадан хурсанд кириб келишини ва нималарнидир арзон
олганидан мамнун бўлиб гапирганини... онам эса тиккан дўппиларини бозордаги
солиқчилардан яшириниб юриб сотганини шукрона билан сўзлашини эшитиб, бозорнинг
кундалик ҳаётимиздаги аҳамиятини англаб борганмиз.
Одатда
ҳар қандай савдо жойида сотувчига нисбатан харидор кўп бўлади. Лекин бугун
“Қумтепа” бозорини айланиб кузатарканман, сотувчи ҳам, олувчи ҳам бирдек
кўплигини кўрдим. Демак, “Экаман, ундириб етиштираман, халқ дастурхонию
рўзғорини тўкин қилиб, элу юртни бойитаман, ҳалол даромад топаман”, деганлар оз
эмас. Уларнинг сафи ўтган йилдагига қараганда анча-мунча кенгайган. Энг муҳими,
бу хайрли ниятни амалга ошириш учун шароит ҳамда имконият етарли. Иқтисодиётда
талабга қараб таклиф яратилади, деган қатъий қонуният барқарор. Бозорда
савдо-сотиқнинг гуруллаб ётгани ҳам айнан мана шу меъёрнинг мутаносиблиги
белгисидир.
Муҳтарама УЛУҒОВА,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими