Ишчи гуруҳ ўтказган мониторинг натижасида алоҳида ўқишга эҳтиёжманд ўқувчиларга кўрсатилаётган таълим хизматларида айрим камчиликлар мавжудлиги аниқланди.
Мисол учун, Тўрақўрғон тумани "Лангарбобо" МФЙда жойлашган 18-мактабнинг 6 нафар ўқувчиси якка тартибда таълим олади. Кузатув натижасида улар уйида таълим олиши учун зарур шарт-шароитлар мавжудлиги, яъни ўқув қуроллари, парта, стул ҳамда кўргазмали воситалар билан муайян даражада таъминлангани аниқланди. Бироқ 9-синф ўқувчиси Н.Ҳ. доска ва дарс жадвали билан таъминланмаган. Биология фани ўқитувчиси ўтилмаган дарслар учун ҳам, яъни 26 апрель кунига қадар олдиндан баҳо қўйиб қўйган.
Бундан ташқари 6-синф ўқувчиси Г.Рга ҳам ўқитувчиси дарс ўтмай туриб, 13 апрель, 27 апрель ва 11 май кунларига олдиндан баҳо қўйиб қўйган. Инглиз тили ва она тили фани ўқитувчилари дарс ўтгани тўғрисида ҳеч қандай ҳужжат тақдим этмаган.
Янгиқўрғон тумани “Бирлик” МФЙда жойлашган 31-мактабнинг уйда таълим олувчи ўқувчиси Б.М.нинг 2021-2022 ўқув йилида уйда якка тартибда таълим олиши борасида ХТБ мудирининг буйруғи чиққанига қарамай, ўқитувчилар сабабсиз дарс қолдирган. Жумладан, инглиз тили, рус тили фани ўқитувчилари 2021-2022 ўқув йили мобайнида дарс машғулоти мунтазам қолдириб келган. Ҳуқуқшунослик фани ўқитувчиси шу йилнинг январидан 21 апрелга қадар дарс ўтмаган. Физика фани ўқитувчиси ҳам ўтган йилнинг 3 декабридан бу йилнинг 21 апрелига қадар сабабсиз дарс бермаган. Тарих, иқтисод, география фани ўқитувчилари фаолияти ҳақида ҳам ижобий сўз айтиш мушкул.
Чортоқ тумани “Бозорбоши” МФЙда жойлашган 22-мактабнинг инклюзив таълим олувчи 7-синф ўқувчиси М.Ғ. “Тўпқайрағоч” МФЙда яшайди. Уйида таълим олиши учун ўқувчига шарт-шароит яратилган. Бироқ бириктирилган ўқитувчилар дарсларни тасдиқланган дарс жадвали асосида ўтмаяпти.
Ўрганиш давомида ўқувчини баҳолаш дафтари юритилмагани аниқланди. Ота-она ва ўқитувчи ўртасида мулоқот дафтари мавжуд эмас. Жорий йилнинг 18–21 апрель кунлари умуман дарс ўтилмаган. Дарс жадвали тузилгани, уйда таълим олаётган болаларга ўқув қуроллари, мактаб партаси берилгани билан иш битмайди. Уларга вақтида таълим бериб, дарсларини ўтиш лозим.
Бугун инклюзив таълимдаги энг катта камчилик ўқитувчиларнинг ўз вақтида бориб дарс ўтмаслигида эканини Наманган вилоятидаги ўрганишлар яна бир бор тасдиқлади. Ваҳоланки имконияти чекланган болага соғлом болалар билан бир хил эътибор қаратилиши керак. Бунинг учун тизим масъуллари уйда таълим олаётган болаларнинг ўқишига алоҳида эътибор қаратиши лозим. Буни асло кечиктириб бўлмайди, дейилади Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ахборот хизмати хабарида.