Бу маҳалла аҳли ва ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш ва касб-ҳунарга йўналтириш учун айни муддао бўлмоқда. Навбатдаги манзил Зомин тумани Даштобод шаҳарчасидаги “Бахт” маҳалласи бўлди. Институт жамоаси ташаббуси билан бу ерда Педагогик ва психологик хизмат кўрсатиш, инклюзив ва коррекцион таълим илмий тадқиқот маркази очилди.
Бу марказни ташкил этишдан мақсад маҳалла аҳлига, хусусан, аёллар ва ёшларга психологик ёрдам кўрсатишдан иборат. Бу марказда институтнинг малакали психологлари иш олиб боради. Мурожаат қилган шахснинг муаммолари ўрганилади. Уларга тўғри маслаҳат ва тавсиялар берилади. Шунингдек, бу марказ оилавий можаролар туфайли руҳий тушкунликка тушган аёллар, ёшлар, ўқувчиларнинг ҳаётини изга солиш учун хизмат қилади.
— Марказ ходимлари маҳалла аҳлига яқин сирдош, ўқувчи-ёшларга дўст сифатида суҳбатлар ўтказади. Керак бўлса, ўқитувчиларга методик ёрдам кўрсатилади. Келгусида мана шундай марказни бизга бириктирилган ҳар бир маҳаллада очиш ниятимиз бор. Ҳамкорлик доирасида биз асосий эътиборни мактаб битирувчиларининг олий таълим муассасаларига ўқишга киришига кўмаклашиш ва касб ўргатишга, иккинчи томондан, қуйи синфларда таҳсил олаётган ўқувчиларни қизиқишига қараб касб-ҳунар, санъат турларига йўналтиришга, истеъдодини юзага чиқаришга қаратдик. Натижада айнан паст кўрсаткичли мактаб битирувчиларининг 50 фоизи олий таълим муассасалари талабаси бўлди. Ҳамкорликда ижобий натижа кўп. Ёшларимизнинг тўғри йўлни танлашига ёрдам беришимиз даркор, — деди институт ректори Ш.Шарипов.
Институт талабалари тайёрлаган психологик-тренинг машғулотлари мактаб ўқувчиларида катта қизиқиш уйғотган бўлса, иқтидорли талабаларнинг мусиқий чиқишлари, бадиий дастур йиғилганларда чуқур таасссурот қолдирди, дейилади Жиззах давлат педагогика институти ахборот хизмати хабарида.