Қарор билан «Давлат функциялари – бизнес учун имконият» лойиҳаси амалга оширилади.

Лойиҳага асосан, давлат бошқаруви соҳасига хусусий секторни жалб қилишнинг дастлабки йўналишлари белгиланди.

Шунга кўра, 2020 йил 1 январдан тажриба-синов тариқасида Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида кўчмас мулк бўйича кадастр муҳандиси институти жорий этилган бўлиб, мазкур тажриба-синов доирасида:

- 2021 йил 1 апрелдан Кадастр агентлиги томонидан бериладиган малака шаҳодатномасига эга кўчмас мулк бўйича кадастр муҳандисларига, шу жумладан кўчмас мулк объектларига бирламчи кадастр йиғмажилдини тайёрлаш ҳуқуқи берилади;

- кўчмас мулк объектларига кадастр йиғмажилдини, шу жумладан бирламчи кадастр йиғмажилдини тайёрлаш жараёнлари махсус автоматлаштирилган ахборот тизими орқали амалга оширилади ҳамда Кадастр агентлиги томонидан мониторинги олиб борилади;

- кўчмас мулк бўйича кадастр муҳандиси ўз фаолиятини юридик шахслар билан меҳнат шартномасини тузиш орқали ёки якка тартибдаги тадбиркор сифатида амалга оширади;

- кўчмас мулк объектларига кадастр йиғмажилдини, шу жумладан бирламчи кадастр йиғмажилдини тайёрлаш бўйича хизматлар учун нархлар тадбиркорлар томонидан мустақил равишда Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлайдиган минимал ставкалардан кам бўлмаган миқдорда белгиланади ҳамда келиб тушадиган маблағлар тўлиқ ҳажмда унинг тасарруфида қолади, деб хабар беради Адлия вазирлиги матбуот хизмати.