Шу маънода, Президентимизнинг “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” доирасида устувор йўналишлар бўйича ислоҳотлар дастурлари ҳамда “Ўзбекистон — 2030” стратегиясини амалга оширишга қаратилган давлат дастури тўғрисида”ги фармони мазкур жараённинг навбатдаги, сифат жиҳатдан янги босқичини ифодалайди.

Ҳужжат мазмунини чуқур таҳлил қилар эканмиз, уни оддий режа ёки чора-тадбирлар мажмуаси сифатида қабул қилиш мутлақо нотўғри бўлар эди. Гап, аввало, давлат бош­қаруви фалсафасидаги ўзгариш — “ҳужжат ишлаб чиқиш”дан “реал натижага эришиш” тамойилига тизимли ўтиш ҳақида бормоқда. Бундай ёндашув эса давлатнинг жамият ­олдидаги масъулияти, ижро интизоми ва ҳисобдорлик маданиятини мутлақо янги поғонага олиб чиқади.

2026 йилга мўлжалланган ислоҳотлар дас­турлари Президентимизнинг халқимиз ва парламентга йўллаган Мурожаатномасида илгари сурилган ғоялар билан чамбарчас боғлиқ. Бу ерда муҳим жиҳат шундаки, Мурожаатнома сиёсий ироданинг ифодаси сифатида қолиб кетмаяпти, балки аниқ механизмлар, масъул ижрочилар, молиявий манбалар ва ўлчанадиган натижалар билан мустаҳкамланмоқда. Давлат сиёсатидаги бундай узлуксизлик парламент назорати ва ҳуқуқий таҳлил нуқтаи назаридан ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Бу ерда стратегик мақсадлар билан кундалик давлат бошқаруви ўртасида узилиш йўқ, аксинча, улар ўзаро бир-бирини тўлдириб, ягона мантиқий занжирни ташкил этмоқда.

2026 йилдаги ислоҳотларда иқтисодиётни технологик ва инновацион ўсиш моделига ўтказиш масаласи марказий ўрин эгаллайди. Бу ерда асосий эътибор фақат ишлаб чиқариш ҳаж­мини ошириш эмас, балки қўшилган қиймат, меҳнат унумдорлиги ва рақобатбардошликка қаратилаётгани алоҳида қайд этилиши лозим. Бугунги глобал рақобат шароитида арзон ишчи кучи ёки хомашё ресурсларига таяниш модели ўз имкониятларини деярли тугатди.

Технологик ўсиш деганда фақат замонавий ускуналар ёки рақамлаштириш эмас, балки бутун ишлаб чиқариш занжирини қайта кўриб чиқиш, қўшилган қийматни ошириш, илмий ишланмаларни иқтисодиётга жорий этиш назарда тутилади. Бу жараёнда бизнес-инкубаторлар, инновацион кластерлар ва стартап экотизимини ривожлантириш алоҳида аҳамият касб этади.

Ички бозорда талабни рағбатлантиришга қаратилган чоралар эса иқтисодий ўсишни аҳоли даромади билан боғлаш имконини беради. Ипотека, электромобиль хариди учун кредит механизмларини такомиллаштириш нафақат иқтисодий фаолликни ошириш, балки экологик ва ижтимоий мақсадларга ҳам хизмат қилади.

Ички бозорда талабни рағбатлантириш, ипотека ва электромобиль хариди учун кредит механизмларини такомиллаштириш каби ташаббуслар иқтисодий ўсишнинг оддий рақамлардан одамлар ҳаётига бевосита таъсир кўрсатадиган омилга айланишини таъминлайди. Бундай ёндашув ижтимоий адолат ва иқтисодий самарадорлик ўртасидаги мувозанатни сақлашда ғоят муҳим.

2026 йил ислоҳотларида меҳнат бозорига ёндашув сифат жиҳатидан ўзгармоқда. Энди гап фақат иш ўринлари очиш ҳақида эмас, балки уларнинг меҳнат бозоридаги реал талабга мослиги, барқарорлиги ва инсон салоҳиятини ривожлантиришга хизмат қилиши ҳақида кетмоқда.

Касбларни ривожлантириш, саноат зоналари ҳузурида касбий қайта тайёрлаш марказларини ташкил этиш, янги меҳнат бозори архитектурасини яратиш — буларнинг барчаси инсон капиталига қаратилган ислоҳотлардир. Давлат сиёсатида меҳнат бозорини фақат иш ўринлари сони билан эмас, балки уларнинг сифати, барқарорлиги ва келажакка йўналтирилгани билан баҳолаш тамойили мустаҳкамланмоқда.

Бу жараёнда таълим, ишлаб чиқариш ва давлат институтлари ўртасидаги ҳамкорлик ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Айнан шу боғлиқлик иқтисодий ўсишни узоқ муддатли ва барқарор қилади.

Саноат зоналари ҳузурида касбий қайта тайёрлаш марказларини ташкил этиш бу борада муҳим институционал ечимдир. Бу орқали таълим тизими билан ишлаб чиқариш ўртасидаги узилиш қисқаради, касб-ҳунар таълими бозор эҳтиёжларига мослашади.

Бундай ёндашув меҳнат миграцияси, ёшлар бандлиги ва камбағалликни қисқартириш масалаларида ҳам ижобий натижа бериши кутилмоқда. Чунки инсон капиталига киритилган сармоя — энг барқарор инвестиция.

Экология соҳасида белгиланган мақсадлар қайта тикланувчи энергия манбаларининг улушини ошириш, энергия самарадорлиги бўйича KPI жорий этиш, утилизация ва қайта ишлаш занжирини шакллантириш давлат сиёсатида экологик масъулиятнинг институционаллашувидан далолат беради.

Экологик мувозанатни таъминлаш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, қайта тикланувчи энергия манбаларининг улушини 30 фоизга етказиш каби мақсадлар бугуннинг талабидан келиб чиққан ҳолда белгиланмоқда. Бу йўналишдаги KPI кўрсаткичларининг жорий этилиши экологик сиёсатни декларациядан амалий натижа даражасига кўтаришга хизмат қилади.

Бу ерда муҳим жиҳат шундаки, экологик сиёсат фақат чеклов ва тақиқлар эмас, балки иқтисодий рағбат ва самарадорлик кўрсаткичлари орқали амалга оширилмоқда. Энергия тежайдиган технологиялар, “яшил иқтисодиёт” элементларини жорий этиш бизнес учун ҳам янги имкониятлар яратади.

Дарахт кесиш учун жавобгарликни қатъий­лаштириш, утилизация ва қайта ишлаш занжирини йўлга қўйиш каби ташаббуслар эса экологик маданиятни шакллантириш билан бир қаторда ҳуқуқий механизмларни ҳам ­мустаҳкамлайди.

Ислоҳотлар дастурларида ҳар бир ташаббус учун аниқ KPI белгиланиши, шахсан жавобгар раҳбарлар ва мувофиқлаштирувчи ташкилотлар кўрсатилгани давлат бошқарувида мутлақо янги стандартлар жорий этилишини кўрсатмоқда. Ушбу ёндашув ижро интизомини кучайтиради, бюрократик сусткашликка барҳам беради ва парламент ҳамда жамоатчилик назорати самарадорлигини оширади.

Дастурларнинг тўғридан тўғри амал қилиш механизмига эга экани, айрим ташаббуслар учун қўшимча ҳужжат талаб этилмаслиги давлат аппаратида қарор қабул қилиш суръатини оширишга хизмат қилади.

2026 йилга мўлжалланган ислоҳотлар дас­турларининг энг муҳим хусусияти шундаки, улар алоҳида соҳаларни бўлинган ҳолда эмас, балки давлат, иқтисодиёт ва жамият ўртасидаги ўзаро боғлиқ тизим сифатида кўради. Ислоҳотларнинг самарадорлигини таъминлашда ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Чунки бугунги мураккаб ижтимоий-иқтисодий шароитда бир соҳадаги ўзгариш иккинчисисиз барқарор натижа бермайди.

Шу маънода, ислоҳотлар дастурлари соҳавий қамрови, институционал теранлиги ва ижро механизмлари билан аввалги амалиётдан тубдан фарқ қилади.

Ҳужжатда маҳаллага алоҳида эътибор қаратилаётгани тасодифий ҳолат эмас. Маҳалла бугун нафақат ижтимоий институт, балки давлат ва жамият ўртасидаги энг муҳим мулоқот майдонига айланмоқда. Инфратузилмани такомиллаштириш, ички йўллар, пиёдалар ва велосипед йўлаклари, жамоат масканлари, хизматлар сифати — буларнинг барчаси янги Ўзбекистон қиёфасини, энг аввало, маҳаллада шакллантиради. Уларнинг сифатли ва барқарор бунёд этилиши маҳалладаги турмуш маданиятини ўзгартиради, аҳоли фаоллигини оширади, жамоавий ­масъулиятни кучайтиради.

Шу нуқтаи назардан қараганда, маҳаллалар маблағининг очиқ ва шаффоф сарфланиши, ҳисобдорлик механизмларининг кучайтирилиши давлат молияси устидан парламент назоратини ўрнатишда ҳам муҳим ­инструментдир. ­Шунингдек, фуқароларнинг бевосита ­иштироки таъминланиши эса ижтимоий ­ишончни ­мустаҳкамлайди.

Маҳаллалар инфратузилмасини такомиллаштириш масаласи ислоҳотлар дастурларида фақат қурилиш ёки ободонлаштириш вазифаси сифатида қўйилмаган. Гап, аввало, маҳалланинг ижтимоий ва бошқарув институти сифатидаги ролини кучайтириш ҳақида бормоқда.

Шу билан бирга, маҳалла маблағи сарфида очиқ ҳисобдорликни жорий этиш институ­ционал жиҳатдан жуда муҳим қадам. Натижада фуқаролар давлат қарорларининг пассив истеъмолчиси эмас, балки фаол иштирокчисига айланади. Парламент назорати нуқтаи назаридан эса янги механизмлар маҳаллий даражада молиявий интизомни таъминлашга хизмат қилади.

Ислоҳотлар дастурларида давлат бошқаруви ва суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш масаласига алоҳида блок сифатида қаралган. Асосий эътибор институционал самарадорлик, ҳисобдорлик ва очиқликка қаратилмоқда.

Жиноят ишлари бўйича судларда халқ вакиллари ҳайъати иштирокини жорий этиш ташаббуси суд ҳокимиятига ишончни оширади ва суд қарорларининг жамоатчиликка яқинлашувини таъминлайди, адолат ҳиссини кучайтиради.

Коррупцияга қарши курашишни янги босқичга олиб чиқишда фақат жиноий жавобгарликни кучайтириш билан чекланиб қолинмайди. Профилактика, институционал шаффоф­лик ва рақамлаштириш алоҳида ўрин тутади.

Ислоҳотлар дастурларида ҳар бир ташаббус учун KPI белгиланиши ва шахсан жавобгар раҳбарларнинг аниқ кўрсатилиши давлат бошқарувида жуда муҳим ўзгариш. Бу орқали ижро натижаси шахсий масъулият билан боғланади, коллектив жавобгарлик ортида яшириниш имконияти камаяди.

Умуман олганда, ислоҳотлар дастурлари соҳалар бўйича эмас, балки институционал мантиқ асосида қурилган. Маҳалладан бошлаб марказий давлат органларигача бўлган бутун бошқарув тизимида натижа, ҳисобдорлик ва очиқлик тамойиллари устуворлик касб этмоқда. Бу эса давлат сиёсатини қоғозда қоладиган режалардан одамлар ҳаётида сезиладиган ўзгаришлар даражасига олиб чиқиш имконини беради.

“Ўзбекистон — 2030” стратегиясини 2026 йилда амалга оширишга қаратилган давлат дас­тури мазмунан ҳам, шаклан ҳам ­мамлакатда давлат режалаштириш маданиятининг янги босқичини англатади. Агар стратегия узоқ ­муддатли мақсад ва йўналишларни белгилаб берса, давлат дастури айнан шу мақсадларни ҳаётга татбиқ этишнинг аниқ, ўлчанадиган ва ҳисобдор механизмларини қамраб олади. Шу нуқтаи назардан, давлат дастурини давлат сиё­сатининг “амалий конституцияси” сифатида баҳолаш мумкин.

Давлат дастурида 337 та аниқ чора-тадбир белгилаб берилгани биринчи қарашда ҳажм жиҳатидан катта кўриниши мумкин. Аммо мазмунга теранроқ назар ташласак, бу рақам ортида ислоҳотларни соҳалар бўйича бўлиш эмас, балки уларни аниқ вазифалар, муддатлар ва ижрочиларга боғлаш мантиғи турибди.

Шу билан бирга, 2026 йилда 59 та соҳавий ва 12 та энг муҳим стратегик ислоҳотларни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилиши режалаштирилгани қонунчилик жараёнининг ҳам режали ва тизимли тус олаётганидан далолат беради. Бу ерда қонун ижодкорлигига ислоҳотларни ортидан “етиб олиш” воситаси эмас, балки уларни олдиндан таъминловчи институционал асос сифатида қаралмоқда.

Давлат дастури лойиҳасининг кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилиши ислоҳотларнинг энг муҳим институционал жиҳатларидан. Интернет ва оммавий ахборот воситалари орқали 5 миллиондан зиёд фойдаланувчи лойиҳа билан танишгани, 22 мингдан ортиқ таклиф ва фикр билдирилгани бу рақамлар фақат статистика эмас, балки жамиятнинг давлат қарорларига бефарқ эмаслиги, аксинча, фаол иштирок этишга тайёр эканини кўрсатади.

Бу жараёнда муҳокама формал “изоҳ қолдириш” босқичидан чиқиб, ҳақиқий сиёсий мулоқот шаклига айланди. Олий таълим ташкилотлари ва давлат идораларида ўтказилган

50 дан ортиқ муҳокамада 10 мингга яқин талаба, профессор-ўқитувчилар ва давлат хизматчилари иштирок этгани эса илмий-эксперт салоҳиятининг қарор қабул қилиш жараёнига жалб этилганини англатади.

Муҳокамалар натижасида 1000 га яқин таклифнинг давлат дастури лойиҳасига киритилгани жамоатчилик иштироки декларация даражасида қолмаганини кўрсатади. Айниқса, аёллар ва болаларга нисбатан зўравонлик учун жазони кучайтириш, педофилия учун умрбод озодликдан маҳрум этиш каби ташаббуслар жамиятда адолат ва хавфсизликка талабнинг юксаклигини акс эттиради.

Ипотека ва электромобиль хариди учун кредит механизмларини такомиллаштириш, қайта тикланувчи энергия манбалари улушини ошириш, коррупцияга қарши курашни янги босқичга олиб чиқиш каби таклифлар эса иқтисодий ва институционал ислоҳотлар ўртасидаги боғлиқликни кучайтиради.

Жиноят ишлари бўйича судларда халқ вакиллари ҳайъати иштирокини жорий этиш ташаббуси суд ҳокимиятини жамоатчиликка яқинлаштириш, адолатни фақат ҳуқуқий эмас, балки ижтимоий қадрият сифатида мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Муҳокамаларда маҳалла маблағи сарфи бўйича очиқ ҳисобдорликни йўлга қўйиш, ички йўллар, пиёдалар ва велосипед йўлаклари ётқизиш, бизнес-инкубаторлар барпо этиш каби таклифларнинг қизиқарли деб топилгани жамиятда қуйи даражадаги ислоҳотларга эҳтиёж катта эканини кўрсатади.

Бу таклифлар мамлакат тараққиёти фақат марказий қарорлар билан эмас, балки ­маҳаллий ташаббуслар орқали ҳам таъминланиши мумкинлигини англатади. Маҳалла айнан шу маънода давлат сиёсати учун “лакмус қоғози” вазифасини бажаради.

Давлат дастурини ишлаб чиқиш жараёнида хориждаги ватандошлар билан ўтказилган мулоқотлар алоҳида аҳамиятга эга. АҚШ, Германия, Туркия, Франция, Канада, Жанубий Корея, Япония, Швеция, Португалия ва Қозоғистонда ташкил этилган муҳокамаларда 60 га яқин қўшимча таклиф олингани Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг глобал тажриба билан уйғунлашаётганини кўрсатади.

Бу таклифлар орасида нодавлат мактаблар фаолияти учун шаффоф лицензиялаш механизмларини жорий этиш, таълим амалиётида корхона мутахассисларини рағбатлантириш тизимини ишлаб чиқиш, соғлиқни сақлашда ягона рақамли скрининг тизимини жорий этиш каби ташаббуслар алоҳида эътиборга лойиқ.

Хориждаги ватандошлар илгари сурган “натижага боғланган имтиёз” (performance-based subsidy) модели ва “Export-as-a-service” концепцияси иқтисодий сиёсатда сифат ўзгаришини англатади. Бу ерда давлат қўллаб-қувват­лови формал имтиёз эмас, балки аниқ иқтисодий натижалар билан боғланади.

Экспорт қилувчи корхоналар учун логис­тика, божхона, сертификатлаш, маркетинг ва тўлов масалаларини ягона оператор орқали комплекс хизмат сифатида тақдим этиш ташқи бозорларга чиқишдаги институционал тўсиқларни камайтиради. Бундай ёндашув кичик ва ўрта бизнес учун ҳам янги имкониятлар очади.

Умуман олганда, давлат дастури ва уни ишлаб чиқиш жараёни давлат ва жамият ўртасидаги муносабатлар янги босқичга кўтарилаётганини кўрсатади. Давлат қарор қабул қилувчи ягона субъект эмас, балки жамоатчилик, экспертлар ва хориждаги ватандошлар билан ҳамкорликда ҳаракат қилувчи институтга айланмоқда.

Бу эса ислоҳотларнинг легитимлиги, ижтимоий қабул қилиниши ва барқарорлигини таъминлайди. Давлат дастури айнан шу жиҳати билан 2026 йилги ислоҳотларнинг энг муҳим институционал устуни сифатида намоён бўлади.

2026 йилга мўлжалланган ислоҳотлар дас­турлари ва давлат дастури мазмунини чуқур таҳлил қилар эканмиз, улар марказида умумий ғоя турганини кўрамиз — бу инсон қадри. Ушбу тушунча сўнгги йилларда давлат сиёсатининг бош мезонига айлангани тасодифий эмас. Чунки барқарор тараққиёт, кучли иқтисодиёт ёки самарали давлат бошқаруви, энг аввало, инсоннинг фаровон ҳаёти, ижтимоий ҳимояси ва адолатга ишончи билан чамбарчас боғлиқ.

Бош қонунимизда мамлакатимиз “ижтимоий давлат” сифатида белгилаб қўйилгани бежиз эмас. Ижтимоий давлат фақат нафақа ёки моддий ёрдам бериш тизими эмас, балки давлатнинг фуқаро олдидаги маънавий ва ҳуқуқий масъулиятини англатади. 2026 йилдаги ислоҳотлар айнан шу масъулиятни аниқ механизмлар орқали таъминлашга қаратилган.

2026 йилга мўлжалланган ислоҳотлар дас­турлари ва давлат дастури умумий мантиғини таҳлил қилар эканмиз, давлат, жамият ва шахс ўртасида янги мувозанат шаклланаётганини кўрамиз. Давлат ўзини фақат назорат қилувчи ёки тартиб ўрнатувчи институт сифатида эмас, балки шерик, ҳимоячи ва имконият яратувчи субъект сифатида намоён этмоқда.

Бу мувозанатда маҳалла, фуқаролик жамия­ти институтлари, экспертлар ва хориждаги ватандошлар ҳам фаол иштирок этмоқда. Натижада ислоҳотлар “юқоридан қуйига” тушириладиган қарорлар эмас, балки жамият билан ҳамкорликда шаклланадиган жараёнга айланмоқда.

Дастурлар ижросини молиялаштириш учун ажратилаётган 250,5 триллион сўм ва жалб қилинаётган 50,4 миллиард долларнинг самарали сарфланиши давлат сиёсатига ишончни белгилайдиган муҳим омил. Шу боис, Адлия вазирлиги ва Ҳисоб палатаси томонидан доимий мониторинг юритилиши, Вазирлар Маҳкамасида ҳар чоракда ижрони муҳокама қилиш, парламентга ҳисобот тақдим этиш механизмлари қўлланмоқда. Бу тизим ижро жараёнида очиқлик ва ҳисобдорликни таъминлаб, ислоҳотларнинг қоғозда қолиб кетиш хавфини камайтиради.

Ушбу ҳужжатлар юртимизда давлат сиёсати сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилаётганини кўрсатади. Бу босқичда асосий мезон инсон ҳаётида сезиладиган аниқ натижалардир.

Янги иш ўринлари, аҳоли даромадининг ўсиши, ижтимоий ҳимоянинг кучайиши, адолат ва ишонч муҳитининг мустаҳкамланиши, ислоҳотларнинг ҳақиқий самараси айнан шу ерда намоён бўлади. Давлатимиз раҳбари белгилаб берган ҳар бир қарор, ҳар бир дастур, аввало, одамлар розилигида ўз аксини топиши шарт. Ана шу тамойил 2026 йилги ислоҳотларнинг ҳам, “Ўзбекистон — 2030” стратегиясининг ҳам бош мезони бўлиб қолади.

Акром ТОШПЎЛАТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги

Парламент тадқиқотлари институти директори,

юридик фанлар доктори