Ҳар бир давлатнинг иқтисодий, ижтимоий ривожланиши ва тараққий этиши шубҳасиз давлат бошқаруви тизимининг нечоғлик самарали ташкил этилганига боғлиқ. Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 29 декабрь кунги Олий Мажлисга Мурожаатномасида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар халқимизнинг кундалик ҳаётида ўз ифодасини топиши, қўйилган мақсад ва кутилаётган натижаларга эришиш кўп жиҳатдан давлат бошқарувидаги самарадорликка бевосита боғлиқлиги алоҳида эътироф этилган. Шу билан бирга давлат бошқаруви тизими самарадорлигини оширишга қаратилган аниқ вазифа ва йўналишлар ҳам белгилаб берилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ушбу вазифаларни амалга ошириш юзасидан бир-бири билан бевосита боғлиқ бўлган қуйидаги 5 та йўналиш бўйича режаларни белгилаб олган.

Биринчиси — давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятини натижадорликка йўналтириш.

Барчамизга маълумки, нафақат давлат бошқаруви тизими, балки бошқа соҳаларда ҳам иш фаолияти қанчалик пухта ташкил қилинмасин, натижа бўлмаса, бундай фаолият самарасиздир. Давлат бошқарувида фаолиятни натижадорликка йўналтиришнинг асосий механизмларидан бири — ўлчанадиган аниқ мезон ва индикаторлар асосида баҳолаш тизимини жорий этиш ҳисобланади.

Ҳозирги кунда давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда ходимлари фаолиятини баҳолашнинг ягона механизми мавжуд эмаслиги сабабли ходимларни рағбатлантириш ёки интизомий чора кўриш жараёнлари субъективлик, манфаатдорлик ва бошқа салбий мезонлар ҳисобига амалга ошириб келинмоқда. Бундан ташқари, баҳолаш механизмини жорий этиш орқали давлат хизматчиларига юклатилган аниқ вазифа ва функцияларнинг самарали ижросини таъминлаш мумкин.

Мазкур йўналишда Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан тадқиқот ва амалий таҳлиллар ўтказилди. Жумладан, турли вилоятлар кесимида 12 туман (шаҳар) ҳокимликлари фаолиятида энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари асосида баҳолаш тизимини жорий этиш бўйича эксперимент ўтказилди. Таҳлиллар натижасига кўра, туман (шаҳар) ҳокимлари ўринбосарларининг фаолият самарадорлиги ўртача 56 фоиз эканлиги аниқланди. Шу билан бирга туман ҳокимликлари жорий фаолиятида 300 га яқин вазифа ва функциялар бўйича иш юкламалари мавжудлиги, аммо, уларнинг аксарияти ҳокимликларнинг асосий вазифалари тоифасига кирмаслиги аниқланган. Бу эса ўз навбатида ҳокимликларнинг комплекс ривожлантириш бўйича стратегик вазифаларни амалга ошириш ўрнига асоссиз жорий топшириқларнинг ижроси билан банд бўлиб қолганидан далолат беради.

Шу билан бирга, амалдаги меҳнатга ҳақ тўлаш тизими меҳнат фаолиятида эришиладиган натижалар билан боғлиқ эмаслиги сабабли маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ходимлари тегишли натижаларга эришилишидан бевосита манфаатдор эмас.

Ҳозирда барча маҳаллий давлат ҳокимияти ва давлат бошқаруви органларида энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари асосида фаолиятга баҳо бериш, натижадорликка қараб меҳнатга ҳақ тўлаш, рағбатлантириш ва чора кўриш тизимини жорий этиш бўйича режали ишлар амалга оширилмоқда. Шу мақсадда, тегишли ҳужжатлар лойиҳалари ҳам ишлаб чиқилди.

Иккинчиси — давлат бошқарувида фаолиятни рақамлаштириш орқали оптималлаштириш.

Юқорида қайд этилган Мурожаатномада давлат бошқаруви тизимида бир-бирини такрорлайдиган идоралар, функциялар ва бюрократик тўсиқларни қисқартириш бўйича давлат бошқаруви ходимлари сонини ўртача 15 фоизгача оптималлаштириш масаласи таклиф этилган.

Барчамизга маълумки, давлат бошқаруви тизимини оптималлаштириш дейилганда, мавжуд штат бирликлари сонларини қисқартириш ёки маҳаллий тилда “сокращения” деб нотўғри тушунилади. Аксинча, оптималлаштириш жараёни давлат органларига юклатилган вазифаларни қайта кўриб чиқиш натижасида такрорловчи ёки самарасиз функцияларни аниқлаш ва бартафар этиш орқали тизимни такомиллаштиришга қаратилган. Юқорида айтиб ўтганимиздек, ҳар бир ходимнинг фаолияти аниқ мақсадларга йўналтирилар экан, эндиликда бир-бирини такрорлайдиган идоралар, функциялар бўлиши мумкин эмас. Шунинг учун такрорловчи функцияларни амалга ошираётган таркибий тузилма фаолиятини қисқартириш ва иш юкламаси юқори бўлган бошқа тузилмага қаратиш мақсадга мувофиқ бўлади.

Бу ислоҳот давлат бошқарувида фаолиятни рационал равишда амалга ошириш ва қисқартирилган штат бирликлари ҳисобига тежалган маблағларни ходимларни қўшимча рағбатлантиришга йўналтириш орқали иш самарадорлигини оширишга замин яратади.

Шу билан бирга давлат бошқаруви тизимини оптималлаштиришда рақамлаштириш муҳим аҳамият касб этади. Ҳозирги кунда барча соҳаларда ахборотлаштириш тизимлари кенг қўлланилаётган бир пайтда давлат бошқаруви тизимида ҳам ахборот коммуникацион технологияларини жорий этиш ва кенг фойдаланиш замон талаби ҳисобланади. Шунингдек, давлат органлари томонидан кўрсатиладиган хизматларни ахборотлаштириш ва рақамлаштириш ортиқча инсон ресурслари тежалишига ҳамда мазкур соҳадаги фаолиятда шаффофликни таъминлашга муносиб хисса қўшади.

Рақамлаштириш орқали давлат бошқаруви тизимини нафақат оптималлаштириш, балки хизмат кўрсатиш билан боғлиқ функцияларнинг тезкор, самарали ва шаффоф тарзда амалга оширилиши ҳамда ходимлар орасида жамоавий рақобатни шакллантириш, уларни фаоллик, ташаббускорлик каби ижобий фазилатларга мотивациялашни таъминлайди.

Учинчиси — давлат бошқаруви тизимига малакали ва энг муносиб кадрларни шаффоф механизмлар асосида жалб қилиш.

Албатта, давлат бошқаруви тизимида самарадорликни таъминлашни малакали, масъулиятли, замонавий фикрлайдиган, ташаббускор кадрларсиз тасаввур этиб бўлмайди. Ўз навбатида, бу каби кадрларни жамлаш ва улар салоҳиятидан унумли фойдаланишда коррупцион ҳолатларни бартараф этиш ҳам муҳим аҳамият касб этади. Негаки, давлат бошқаруви тизимида коррупциянинг ҳар қандай кўринишига муросасиз бўлиш мазкур соҳанинг барқарор ривожланиши ва самарали фаолият кўрсатишини таъминлайди.

Шу мақсадда Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан “Давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимларининг ягона очиқ портали” vacancy.argos.uz ахборот тизими ишга туширилди. Ҳозирги кунда вазирлик ва идораларнинг 800 дан ортиқ лавозимлари бўйича очиқ мустақил танловлар эълон қилинди. Эътибор қилинг, 800 та ўрин учун 20 минг дан ортиқ номзодлар ҳужжат топширишди. Бунда ҳужжат топшириш ва имтиҳондан ўтиш электрон тизим орқали мутлоқо шаффоф тарзда амалга оширилади. Ҳозиргача 396 нафар муносиб кадрлар танлаб олиниб, жой-жойига қўйилди.

Номзодлар ўртасида ўтказилган сўров натижалари уларнинг давлат хизматига қизиқиши ортганлигини кўрсатди. Шунингдек, танлов энг аввало, таниш-билиш, уруғ-аймоқчилик ёки коррупция каби салбий аломатларнинг олдини олишида самарали восита эканлиги қайд этилди. Шу маънода танлов жараёнларини янада такомиллаштириш ва жорий йил якунига қадар барча вазирлик ва идоралар фаолиятига тўлиқ татбиқ этиш бўйича тизимли ва режали чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Тўртинчиси — давлат хизматчиларини тизимли равишда қайта тайёрлаш ва уларнинг узлуксиз малака оширишини ташкил этиш.

Ҳозирги глобаллашув шароитида давлат бошқаруви тизимида фаолиятни инновацион усуллар орқали самарали ташкил этиш албатта мазкур соҳа ходимларини узлуксиз малака оширишини талаб этади. Давлат хизматчиларининг малакаси ва билимларини мониторинг қилмасдан туриб, улар фаолиятида самарадорлик ва натижадорликни таъминлаб бўлмайди.

Бугунги кунда мамлакатимиз олий таълим муассасалари ҳузурида 32 та, вазирликлар ва қўмиталар ҳузурида 29 та, корхона ва ташкилотлар ҳузурида 64 та, жами 125 та малака ошириш марказлари фаолият юритмоқда.

Бироқ кейинги 3 йил ичида давлат хизматчиларининг 30 фоизи малака ошириш курсларида қатнашган. Давлат хизматчиларининг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш борасида ягона ўқитиш стандартлари мавжуд эмаслиги ва мазкур таълим муассасалари фаолиятини мувофиқлаштирувчи органнинг белгиланмаганлиги сабабли ҳар бир таълим муассасаси ўзича ўқитишни йўлга қўйган.

Мазкур соҳада Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан давлат хизматчиларининг сиёсий-ҳуқуқий, иқтисодий, ахборот-коммуникация технологиялари ва маънавият сохасидаги билим даражасини аниқлаш, шунингдек, уларнинг “Психологик портрети”, яъни эмоционал интеллект (EQ) вa интеллектуал коффициенти (IQ)ни яратиш мақсадида “Давлат хизматчиларини синовдан ўтказиш модули” – махсус тест тизими ишлаб чиқилди. Бугунги кунга қадар ушбу тизим орқали 35 мингга яқин давлат хизматчиларининг малакаси ва касбий кўникмалари баҳоланди. Давлат хизматчиларининг ўртача билим кўрсаткичи 67 баллни ташкил этиб, улардан 33 фоизининг (11 мингдан ортиқ) баҳоси қониқарсиз эканлиги маълум бўлди.

Эндиликда мавжуд давлат ва нодавлат таълим муассасаларининг давлат хизматчилари малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш имкониятидан келиб чиқиб, йиллик буюртма портфелларини шакллантириш бўйича тегишли таклифлар ишлаб чиқилган. Унга кўра, узоқ муддатли ўқув курслари ҳажми мақбуллаштирилиб, қисқа муддатли малака ошириш курслари, жумладан, масофавий таълим технологияларидан кенг фойдаланган ҳолда давлат хизматчиларининг малакасини ошириш, шунингдек, янги компетенцияларга ўргатишнинг самарали тизимини жорий этишни назарда тутади.

Бешинчиси — давлат бошқаруви тизимига ёшларни кенг жалб қилиш бўйича зарур шароитлар яратиш.

Бугунги кунда олиб борилаётган ислоҳотлардан кўзда тутилган натижаларга тўлиқ эришишни таъминлаш мақсадида янгича фикрлай оладиган, замонавий билим ва кўникмаларга эга бўлган ёш авлодни давлат хизматига қабул қилиш долзарб бўлиб турибди.

Шунингдек, олий таълим муассасаларини битирган билимли ёшларни давлат хизматига қабул қилишнинг шаффоф тизими мавжуд эмаслиги аҳоли, айниқса, ёшлар орасида давлат хизмати жозибадорлигининг пасайишига сабаб бўлмоқда. Шу маънода давлат органлари республикадаги барча олий таълим муассасалари билан ҳамкорликни ўрнатган ҳолда ёшларнинг давлат хизматига қабул қилинишида ўзига хос “кўприк” вазифасини бажаришга манфаатдор бўлиши лозим.

Бу борада Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан замонавий ахборот-технологияларидан фойдаланган ҳолда барча ёшлар учун тенг имконият яратадиган ҳамда фақат билим ва салоҳиятдан келиб чиққан ҳолда давлат хизматига қабул қилишнинг шаффоф механизмларини назарда тутувчи вакант лавозимлар электрон тизими ишлаб чиқилган. Мазкур тизим орқали олий таълим муассасасининг ҳар бир битирувчисида давлат органлари ва ташкилотларидаги вакант лавозимлар бўйича тўлиқ маълумотга эга бўлиш, келажакда ўзи танлаган йўналиш бўйича давлат хизматига кириш имконияти вужудга келади.

Бундан ташқари, ёшларни давлат хизматига жалб қилиш, қизиқишини ошириш ҳамда малакали ва қобилиятли ёшларнинг селекция тизимини амалга ошириш мақсадида Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг Ёшлар ишлари агентлиги билан Давлат фуқаролик хизматида ёшлар билан ишлаш бўйича ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги меморандуми имзоланган.

Мазкур меморандум билан ёшлар орасидан энг муносиб, интелектуал салоҳияти юқори бўлганларни “Келажак лидерлари” этиб тарбиялаш бўйича режали селекция тизимини амалга ошириш, ёшларнинг давлат хизматига қизиқишини ошириш ва жозибадорлигини таъминлашга доир аниқ чора-тадбирлар белгиланган.

Давлат бошқаруви тизимида самарадорликни таъминлашга доир санаб ўтилган мезонларни самарали амалга ошириш ва тўғри татбиқ қилишда мазкур соҳада юзага келадиган муносабатларни ҳуқуқий мустаҳкамлаш, қонун билан тартибга солиш лозим. Шу мақсадда давлат бошқаруви тизимида кадрларни танлаш, фаолият самарадорлигини баҳолаш, қайта тайёрлаш ва малака оширишнинг аниқ мезонлари ҳамда давлат хизматчисининг ҳуқуқий мақомини белгиловчи “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Мазкур лойиҳанинг халқчиллигини таъминлаш мақсадида кенг жамоатчилик муҳокамалари ташкил этилди ҳамда лойиҳада таклиф этилаётган нормаларни халқаро стандартларга мувофиқлаштириш учун хорижий давлатларнинг илмий муассасалари ва халқаро ташкилотлари томонидан ҳуқуқий экспертизадан ўтказилди. Айни пайтда лойиҳа Парламентга киритишга тайёрланмоқда.

Умуман олганда, давлат бошқаруви тизимини тўғри ислоҳ этиш ва самарали ташкил этилишидан давлат ва жамият бирдек манфаатдор ҳамда мазкур соҳада тенг масъулиятли бўлиши лозим. Шу маънода Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги давлат бошқаруви тизимини янада ислоҳ қилиш ва самарадорлигини ошириш масалалари бўйича жамоатчилик вакиллари, журналистлар ва блогерларни фаол ҳамкорликка чақириб, ҳар қандай таклиф ва ташаббус доирасида доимий мулоқотга тайёрлигини маълум қилади.

Ғолибжон АБДУАЗИЗОВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги

Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги бош инспектори