Жаҳонда коронавирус пандемиясидан кейин юзага келган иқтисодий вазият ҳамон мураккаблигича қолмоқда. Халқаро валюта жамғармасининг 2023 йил октябрь ойи ҳисоботига кўра, жаҳон иқтисодиёти ўсиш суръатлари ҳозирги 3,0 фоиздан 2024 йилда 2,9 фоизга, ривожланган давлатлар иқтисодиёти эса мос равишда 1,5 фоиздан 1,4 фоизга секинлашмоқда. Бу Ўзбекистон иқтисодиётига ҳам ўз таъсирини кўрсатмай қолмайди. 2024—2026 йиллар учун ишлаб чиқилган иқтисодий прогнозларда шу жиҳатлар ҳам эътиборга олинган.
Аҳадбек ҲАЙДАРОВ,
Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари:
— Сўнгги 4 йилда глобал иқтисодиётда кузатилаётган мураккаб вазиятга қарамасдан мамлакатимизни ривожлантириш стратегияларидаги иқтисодиётни эркинлаштиришга қаратилган ислоҳотлар ҳамда тармоқ, соҳа ва ҳудудларни ривожлантиришга йўналтирилган дастурларнинг амалга оширилиши натижасида 2023 йилда ҳам барқарор иқтисодий ўсиш суръатларига (5,6—5,8 фоиз) эришишимиз кутилмоқда. Жумладан, Халқаро молия ташкилотлари томонидан тайёрланган Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиш прогнозларига кўра, 2023 йилда ялпи ички маҳсулот ўсиши 5,5 фоиз, 2024 йилга бориб эса 5,5-5,6 фоиз атрофида бўлади. Бир қарашда, ўсиш кўрсаткичи секинлашгани кўринади. Аммо бошқа давлатлар билан солиштирганда, бу ижобий кўрсаткичдир.
Бу жараёнда Давлат бюджети маблағлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда, самарали сарфланиши ҳам муҳим аҳамиятга эга. Яъни, даромадлар бевосита харажатлар билан уйғун бўлиши лозим. Масалан, келаси йили Давлат бюджети даромадлари 270,6 триллион сўм, харажатлари эса давлат мақсадли жамғармаларига трансфертларни инобатга олган ҳолда 312,8 триллион сўм бўлиши прогноз қилинмоқда. Бу ялпи ички маҳсулотга нисбатан 24,0 фоиз юқори ёки 2023 йил кутилаётган ижрога нисбатан 30,6 триллион сўмга кўп дегани.
Ушбу жами харажатларнинг 16,6 фоизи таълим ва фан соҳаси, 5,8 фоизи иқтисодиёт, 4,8 фоизи ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури, қолган қисми эса бошқа тармоқлар ҳиссасига тўғри келади. Шунингдек, суғориш тизимини тиклаш ва сув ҳисобини юритиш тадбирларига жорий йилга нисбатан 3 триллион сўмга кўпроқ маблағ ажратилиши режалаштирилмоқда. Чунки сув тақчиллиги масаласи Марказий Осиёда ҳам тобора долзарблашиб бормоқда. Бу борада бизнинг энг катта салоҳиятимиз каналларни бетонлаштириш ҳисобланади. Шу боис, тизимга йўналтириладиган маблағлар ҳисобидан 1 016 километр каналларда таъмирлаш ишлари, жумладан, 815 километр бетонлаштириш, 17 километр лотокларни янгилаш ва бошқа ишлар бажарилади. Натижада йилига 706 миллион метр куб сув иқтисод қилиниб, 411 минг гектар майдонни суғориш яхшиланади ва йиллик эксплуатация харажатлари 196 миллиард сўмга камаяди. Қолаверса, 390 та йирик сув ўтказиш нуқтаси замонавий сув ўлчагич билан жиҳозланиб, сув ҳисобини юритиш яхшиланиши кутилмоқда.
2024 йилда жами бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари тушумлари ва харажатлари мос равишда 30,5 триллион сўмни ташкил этиши прогноз қилинган. Давлат бюджетидан эса уларга 33,1 триллион сўм ажратилади. Кейинги 3 йилда бундай жамғармаларнинг даромадлари тушуми 55,4 триллион сўм, харажатлари эса 97,1 триллион сўмга етади. Келаси йилда Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари тақчиллиги 3,1 фоиз бўлиб, 2025-2026 йилларда тақчиллик даражаси 1,8—2,2 фоизгача пасайиши прогноз қилинган.
Умуман, 2024—2026 йиллар иқтисодий таҳлилида ҳар бир жиҳат эътиборга олинган. Солиқ-бюджет сиёсати бўйича белгиланган асосий йўналишлар ҳам шулар жумласидан. Ундан ўрта муддатда асосий солиқ ставкаларини ўзгартирмасдан сақлаб қолиш, бюджет даромадлар базасини кенгайтириш, берилган солиқ, божхона имтиёзларини самараси ва берган натижасига қараб қайта кўриб чиқиш ва босқичма-босқич бекор қилиш, инсон капитали ривожланишига доир харажатлар устуворлигини таъминлаш ва ижтимоий ҳимоянинг манзиллигини кучайтириш, иш ҳақи ва пенсия миқдорларини инфляциядан кам бўлмаган миқдорда ошириб бориш, “Яшил бюджетлаштириш” тамойилларини босқичма-босқич жорий этиш каби долзарб вазифалар ўрин олган.
Бу чора-тадбирларни биргина давлатнинг ўзи ёки бир нечта ташкилот уддалай олмайди. Жараёнларда шу жамиятнинг ҳар бир аъзоси бевосита иштирок этади. Барча соҳаларда бюджет харажатларини оптималлаштириш, Давлат бюджети маблағларини тўғри ва самарали йўналтириш эса мамлакатимиз иқтисодий ривожига хизмат қилиб, юқори даромадли давлатлар қаторига қўшилишимизга йўл очади.
(Мақола “Янги Ўзбекистон” газетасининг 03.11.23 й, 229-сонида эълон қилинган)