Мажлисда Қўмита аъзолари, Вазирлар Маҳкамаси масъул ходимлари, Қўмита ҳузуридаги Экспертлар кенгаши аъзолари, кўриб чиқилаётган масалалар бўйича масъул вазирлик ва идоралар мутахассислари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Мажлисда Сенатнинг йигирма учинчи ялпи мажлиси кун тартиби доирасида муҳокама этиладиган масалалар дастлабки тарзда кўриб чиқилди.
Жумладан, сенаторлар томонидан «Моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни муҳокама қилинди.
Ҳужжатда моддий маданий мерос объектларини нобуд қилганлик, бузганлик ёки уларга шикаст етказганлик учун жавобгарликни кучайтириш, бундай тоифадаги объектларга жуда кўп миқдорда зарар етказганликни ифодаловчи қилмишларни оғир жиноятлар тоифасига ўтказиш, дастлабки терговни прокуратура органларига юклаш назарда тутилганлиги таъкидлаб ўтилди.
Шунингдек, мажлисда «2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастурининг ижроси бўйича Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи муҳокама қилинди.
Давлат дастурининг бажарилиши доирасида Оролбўйи минтақасини, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида ҳам бир қатор тадбирлар амалга оширилганлиги таъкидлаб ўтилди.
Жумладан, Дастурнинг 201-бандида белгиланган «Аҳолига коммунал хизматлар кўрсатиш тизимини янада яхшилаш» тадбири юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида кўп квартирали уйларда энергия тежамкор ва энергия йўқотишларини камайтиришга қаратилган санация дастурини тажриба тариқасида амалга ошириш мақсадида Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳамда Германия иқтисодиёт ва энергетика Федерал вазирлигининг Энергетика агентлиги ўртасида пилот лойиҳани амалга ошириш тўғрисида келишувга эришилган.
Мазкур лойиҳанинг дастлабки қиймати 2,4 миллиард сўмга баҳоланган, ҳозирда лойиҳа-қидирув ташкилоти билан шартнома тузилган ва лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш учун консалтинг учрашувлари бўлиб ўтган.
Шунингдек, Дастурнинг 250-бандидаги «Орол денгизи ҳалокати оқибатида юзага келган экологик фожиалар таъсирини юмшатишга қаратилган амалий ҳаракатларни қатъий давом эттириш» тадбири юзасидан Нукус шаҳри атрофида 10 км масофада «яшил белбоғ» яратилган, Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик траст жамғармаси маблағлари доирасида Тахтакўпир туманининг 5 та фуқаролар йиғинида 3,5 минг аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш йўлга қўйилган.
Шу билан бирга, Нукус шаҳри, Беруний ва Қўнғирот туманлари перинатал марказлари 42 турдаги замонавий асбоб-ускуналар билан модернизация қилинган, натижада хизмат кўрсатиш йилига 8,5 минг кишидан 20 минг кишига ортиши таъминланган ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида 280,5 гектарда «Судоче-Акпетки» давлат буюртма қўриқхонаси ташкил этилган.
Бундан ташқари, мажлисда сенаторлар ва экспертлар гуруҳи аъзоларига Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 11 ноябрдаги «2020-2023 йилларда Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4889-сонли ҳамда 2021 йил 29 июлдаги «Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2021 йил 18 майдаги «Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисида»ги махсус резолюциясини амалга ошириш чоралари тўғрисида»ги ПҚ-5202-сонли қарорлари, шунингдек, 2021 йил 23 ноябрдаги «Оролбўйи минтақасида тадбиркорликни жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-25-сонли Фармонининг Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида ижросини ўрганиш натижалари бўйича ахборот берилди.
Кўриб чиқилган масалалар юзасидан Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати.