Тадбир давомида Давлат дастурининг 177 ва 184 бандлари ижроси бўйича Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ва Молия вазирлигининг масъул раҳбарлари бажарилган ишлар юзасидан кенг жамоатчиликка ахборот берди.
Жумладан, Дастурнинг 177-бандига мувофиқ, республика аҳолисини коронавирусга қарши профилактик эмлаш ишларини ташкил этиш;
184-бандга кўра, аҳолига давлат томонидан бепул тиббий хизматлар ва дори воситалари билан кафолатланган пакет доирасида тиббий хизмат кўрсатиш тизимини босқичма-босқич амалиётга жорий этиш каби вазифаларнинг ижро ҳолати юзасидан масъулларнинг ҳисоботи тингланди
Жамоатчилик эшитуви давомида коронавирус инфекциясига қарши эмлаш жараёнларининг бориши, Ўзбекистонга олиб келинган вакциналар ва уларга ажратилган маблағлар тўғрисида, шунингдек, вакцинация жараёнларида дуч келинаётган муаммолар ҳақида батафсил маълумотлар тақдим этилди.
Шу билан бирга, бепул тиббий хизматлар ва дори воситалари билан кафолатланган пакет доирасида тиббий хизмат кўрсатиш бўйича амалга оширилаётган ишлар, жумладан, кафолатланган пакет неча турдаги тиббий хизматлар ва дори воситаларини қамраб олиши, бунинг учун қанча маблағ талаб этилиши каби саволларга жавоб олинди.
Тадбирда жамоатчилик вакиллари томонидан вакцинация жараёнларининг суст кечаётгани, ижтимоий тармоқларда тиббий муассасаларда айрим ҳолларда дори воситаларининг етишмаслиги бўйича аҳоли томонидан чиқишлар бўлаётгани қайд этилди, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.
Шунингдек, хабар орқали «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили» давлат дастури жами 273 банддан иборат бўлиб, бу борада батафсил маълумот «Jamoatchilik.uz» платформасига жойлаштирилганлиги маълум қилинди.