Тадбир давомида Давлат дастурининг 120 ва 149-бандлари ижроси бўйича Қишлоқ хўжалиги, Адлия, Ахборот коммуникациялари ва технологияларини ривожлантириш, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирликлари, Кадастр агентлиги масъул раҳбарлари бажарилган ишлар юзасидан кенг жамоатчиликка ахборот берди. Ахборот бериш учун таклиф этилган Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши вакиллари тадбирда иштирок этмади.
Давлат дастурининг 120-бандига мувофиқ қишлоқ хўжалигида ер муносабатлари бўйича ислоҳотларни янада такомиллаштириш, ерларни бозор активларига айлантириш ҳамда ер участкаларини ижара ҳуқуқи билан фойдаланишга беришнинг замонавий ва шаффоф механизмларини жорий этишга қаратилган Ҳукумат қарори лойиҳасини 2021 йил 20 мартга қадар ишлаб чиқиш белгиланган. Лойиҳада қишлоқ хўжалиги ерларини тўлиқ кадастр хатловидан ўтказиш, қишлоқ хўжалиги ерларини ажратишнинг бозор механизмларига асосланган шаффоф тизимини жорий этиш; ернинг тўлақонли субижара бозорини шакллантириш, ерга бўлган ижара ҳуқуқини сотиш ва сотиб олишни электрон тизимда, онлайн платформада амалга ошириш; экин ерларидан фойдаланиш тизимини рақамлаштириш, барча қишлоқ хўжалиги ерларининг электрон хариталарини яратиш назарда тутилган.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги вакили маълум қилишича, ушбу банд бўйича «Ер участкаларини ажратишда шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқни ишончли ҳимоя қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент фармони ҳамда «Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун ер участкаларини ижарага бериш тартибини такомиллаштириш тўғрисида»ги Ҳукумат қарори лойиҳаси ишлаб чиқилган. Жумладан, Фармон лойиҳасида йирик инвестиция лойиҳалари учун имтиёзлар белгиланмоқда, маҳаллий аҳоли учун ерларни бериш аукцион тизимда амалга ошириш, 50 фоизгача бўлган ер майдонларини аввал маҳаллий аҳолининг ўзига сотиш имкониятини бериш назарда тутилган.
Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига кўра, республикамизда ерларни хатловдан ўтказиш ишлари 2021 йил охирига қадар якунланиши лозим. Бу ваколат Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги зиммасига юклатилган.
— Қишлоқ хўжалиги ерларини тўлиқ давлат кадастр хатловидан ўтказиш ишлари Қашқадарё вилоятида бошланган. Ҳозирда Тошкент, Фарғона, Наманган вилоятларида давом эттирилмоқда, — дейди Кадастр агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Отабек Аллаберганов. — Бунда нафақат қишлоқ хўжалиги, балки вилоятнинг барча – 2,8 миллион гектар ер майдони хатловдан ўтказилди. Inolla дастури орқали ерларни давлат рўйхатидан ўтказиш ишлари ҳам олиб бориляпти. Шунингдек, йил якунигача Ўзбекистоннинг бутун ҳудуди, яъни 44,8 миллион гектар ер майдонининг электрон харитаси яратилади.
Давлат дастурининг 149-бандига кўра, ҳар бир туманнинг имконияти ва ривожланиш йўналишидан келиб чиқиб, деҳқончилик билан шуғулланадиган эҳтиёжманд оилаларга 0,1 гектардан 1 гектаргача ер майдонлари ажратиш бўйича белгиланган вазифаларнинг ижроси юзасидан ҳисобот берилди.
Маълум қилинишича, ушбу банд ижроси юзасидан «Қишлоқ хўжалигида эҳтиёжманд аҳолини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилган ва 7 апрелда Ҳукуматга қиритилган. Бунда фермерлар ихтиёридаги ерлар ёшларга ажратиб берилаётгани муносабати билан ер ва сув солиғини солиқ базасидан чиқариш, 233,6 минг гектар ер майдонларини ёшларга ажратиб бериш назарда тутилган. Бугунгача 60,2 гектар ер майдони фермер хўжалиги ва кластер ерларидан 200 мингга яқин ёшларга ажратиб берилди.
Ерлар эҳтиёжманд оилаларга қандай мезонлар ва шартлар бўйича ажратилиши режалаштирилган? Кимга 10 сотиху, кимларга 1 гектар ажратилади? Туман ҳокимликларида тегишли ташкилотлар бўлинмаларидан иборат комиссия тузилган. Комиссия аҳоли қатламидан келиб чиқиб, ер берилаётган ёшларнинг оила аъзолари сонини ҳисобга олиб, 10 сотихдан 1 гектаргача бўлган ерларни ажратиб беради.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йил Давлат дастури жами 273 банддан иборат бўлиб, шу кунга қадар 42 та банд ижроси юзасидан тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган ва ижрога қаратилган. Бу борада батафсил маълумот «Jamoatchilik.uz» платформасига жойлаштирилган бўлиб, унда Дастур ижроси юзасидан фикр-мулоҳазалар қолдириш имконияти яратилган, деб хабар беради «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати.