Аниқроқ айтадиган бўлсак, давлат хизматчиси меҳнатсеварлик, пунктуаллик, хушмуомалалик, чуқур мулоҳазалик, тинглай олиш, беғараз ёрдам, буйруқ ва кўрсатмаларни ўз вақтида бажариш, ҳақгўйлик, аниқлик, адолатли қарор чиқариш ва шу кабилар ахлоқий сифатлар билан ажралиб туриши керак.

Бу борада Вазирлар Маҳкамасининг жорий йилнинг 2022 йил 14 октябрда қабул қилинган “Давлат фуқаролик хизматчилари томонидан одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан давлат хизматчиларининг одоб ва ахлоқ қоидалари ва ҳатто ишдан ташқари вақтлардаги хулқ–атворини янада аниқлаштириб, белгилаб берди.

Ўрни келганда айтиш мумкин, шу вақтгача давлат хизматчисининг ишдан ташқари вақтлардаги хулқ–атворини тартибга солувчи, жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилиш, хизмат фаолиятидаги ташқи кўриниш ва кийиниш услубига оид талаблар, одоб-ахлоқи қоидаларини назорат қилиш ва давлат хизматчиларини ҳимоя қилиш каби умумий одоб-ахлоқ қоидалари белгиланмаган эди.

Давлат хизматчилари этикасини бузган ходимлар интизомий жазога тортилиши ҳамда огоҳлантирилиши, расмий узрнома келтириши, танбеҳ берилиши мумкин.

Давлат хизматчисининг одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилишини ташкилотнинг инсон ресурсларини бошқариш бўлинмалари ёки Одоб-ахлоқ комиссиялари, шунингдек, махсус ваколатли давлат органи томонидан назорат қилиб борилади.

Бундан ташқари, янги тартибга кўра, давлат хизматчиларини хизмат вазифаларини бажариш билан боғлиқ таҳдид, ҳақорат, туҳмат ва қонунга хилоф бошқа хатти-ҳаракатлардан ҳимоя қилиш давлат органлари ва ташкилотларининг раҳбари томонидан амалга оширилади.

Зиммасига юклатилган вазифаларни бажаришга тўсқинлик қилиш, жиноят ёки бошқа ҳуқуқбузарлик содир этишга оғдиришга қаратилган мурожаатлар, шунингдек, ҳамкасблари томонидан содир этилган ёки содир этишга тайёргарлик кўрилаётган қонунбузилишлар ҳақида хабар берган ходимларни вужудга келиши мумкин бўлган таҳдид ва хавф-хатарлардан ҳимоя қилиш чоралари кўрилади.

Хулоса қилиб айтганда, Давлат фуқаролик хизматчиларининг одоб-ахлоқ қоидалари давлат хизматида юксак касбий маданиятни шакллантириш, жамоатчилик онгида давлат хизматига бўлган ҳурмат ва ишончни ошириш ҳамда давлат хизматчиларининг ахлоқ қоидаларига зид бўлган хатти-ҳаракатларининг олдини олишга қаратилган.

Санжар МУХАМЕДОВ,

Бухоро вилояти ДСБ

бошлиғи ўринбосари.