Қонун билан дебиторлик ва кредиторлик қарзи муддатларини ўтказиб юбориш ҳамда корхоналарнинг ҳисобварақларида тегишли маблағлар бўлган ҳолда тўловларни амалга оширишнинг белгиланган муддатларини бузганлик, шу билан бирга, шартнома мажбуриятларини бажармаслик ёки лозим даражада бажармаслик оқибатида хўжалик юритувчи субъектларга мулкий зарар етказиш каби ҳуқуқбузарлик учун маъмурий жавобгарлик бекор бўлади.
Бундан ташқари, қонун ҳужжатларига нодавлат суд-экспертларининг суриштирув, дастлабки тергов ва суд иш юритувидаги иштироки ҳамда улар ваколатини назарда тутувчи янги нормалар киритилади.
Ушбу Қонун билан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан очиқлик тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланади.
Хусусан, Очиқ маълумотлар сифатида жойлаштириладиган, ижтимоий аҳамиятга молик бўлган маълумотлар рўйхатига киритилган маълумотларни эълон қилмаганлик ёки тўлиқ эълон қилмаганлик, эълон қилиш муддатларига ва тартибига риоя этмаганлик ёки маълумотларни бузиб кўрсатганлик учун мансабдор шахслар базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан беш бараваригача, агар маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда маъмурий жаримага тортилиши назарда тутилган.
Шу билан бирга, адвокат касбий фаолиятини амалга ошириш чоғида яна бир қанча ҳуқуқларга эга бўлмоқда. Жумладан, иқтисодий, фуқаролик ва маъмурий иш юритилаётганда судга қадар тайёргарлик чоғида ҳамда суд жараёнида ишонч билдирувчи шахснинг розилиги билан давлат ва нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари томонидан шартнома асосида экспертиза ўтказилишини сўраш, шунингдек, экспертиза хулосаси иш материалларига қўшиб қўйилишини ва суд томонидан ушбу хулоса ишдаги мавжуд далиллар билан биргаликда баҳоланишини талаб қилиш ҳуқуқи шулар жумласидандир.
Бундан ташқари, фуқаролик, маъмурий ва иқтисодий суд ишларини юритишда эксперт сифатида нодавлат суд-экспертиза ташкилотининг эксперти ҳам иштирок этиши мумкинлиги назарда тутилади.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати.