Йиғилишда эълон қилинган давлат ижтимоий буюртмаси ва давлат гранти танловларига қабул қилнган лойиҳаларни кўриб чиқиш бўйича ишчи гуруҳнинг ҳисоботи тингланди. Давлат ижтимоий буюртмаси танловига қўйилган 11 та вазирлик ва давлат ташкилотларининг 17 та буюртмасига 44 та лойиҳа келиб тушган. Натижаларга кўра, 10 та ННТ, ОАВ ва фуқаролик жамияти институтларининг 10 та ижтимоий буюртма лойиҳаси 8 млрд. 430 млн. сўмга қўллаб-қувватланди. Ажратилган ижтимоий буюртма нодавлат нотижорат ташкилотлари жойлардаги мавжуд муаммоларни ҳал этишга, фуқароларнинг ижтимоий фаоллигини янада оширишга қаратилган муҳим ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни амалга оширилишига хизмат қилади. Бу эса таълим, маданият, тиббиёт, экология, кадастр, қурилиш, коммунал хўжалиги, бандлик ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш каби соҳаларда ННТлар фаоллигини ошириш, ижтимоий шериклик ва жамоатчилик назоратининг самарадорлигини кучайтиришга қаратилмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон “Меҳр-шафқат ва саломатлик” жамоат фонди буюртмаси доирасида Хоразм вилоятининг Урганч шаҳар, Қўшкўпир ва Урганч туманларидаги жами 12 та маҳалланинг ҳар бирида “Workout” майдончалари ва “Саломатлик мактаблари” ташкил қилади. 50 та меҳмонхона, оилавий меҳмон уйлари ва хостеллар ходимларининг малакаси “www.ichkiturizm.uz” веб-сайти томонидан ташкил этилган платформа орқали оширилади. Ўқув жараёнлари учун материал ва видео дарсликлар ишлаб чиқилади. Ушбу платформа орқали меҳмонхона ҳамда ички туризм соҳа субъектлари учун ўз хизматлари ҳақида бепул тарғиб қилиш имконияти яратилади.
Жиззах вилояти “Istiqlol avlodi” маркази Зомин туманидаги “Бешкуби“ қишлоқ фуқаролар йиғинининг “Толли” ва “Ингичка” қишлоқларини
6 000 дан ортиқ аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлашга қаратилган буюртмани амалга оширади. “Bolalar sporti” маданий–маърифий ахборот газетаси давлат буюртмаси асосида Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Сурхондарё, Жиззах, Наманган вилоятларининг энг чекка ҳудудлардаги 30 та мактабгача таълим муассасасида замонавий кутубхоналар яратади. “Барқарор ривожланиш маркази” қошида “Виртуал маданият маркази” платформаси ишга туширилади.
“ЭКОСАН” экология ва саломатлик халқаро хайрия жамоат фонди Қорқақалпоғистон Республикаси (Нукус шаҳар), Сурхондарё (Термиз шаҳар), Бухоро вилояти (Бухоро шаҳар) ва Сирдарё вилоятларидан 6 тадан жами 24 та маҳалла танлаб олиниб, махсус чиқиндихоналар ташкил этилади.Шунингдек, умуртқа соҳаси бўйича ногиронлиги бор ёшларни билим олишлари учун имконият яратиш мақсадида “Она табиат – 3D” китоби Нефтъ ва газ саноатининг Ўзбекистон илмий муҳандислар жамияти томонидан тайёрланади. Тошкент шаҳрининг Бектемир, Яшнобод, Сергели, Яккасарой туманида, Тошкент вилоятининг Ўртачирчиқ, Юқоричирчиқ, Пскент, Оҳангарон туманларидаги умуртқасида нуқсони бор ва уйда доимий ётоқда бўлган 300 нафар ногирон болаларга ҳамда Халқ таълими вазирлиги орқали вилоятлар кесимида имконияти чекланган болаларга етказиш чоралари кўрилади.
Йиғилишда ННТ, ОАВ ва фуқаролик жамияти бошқа институтлари, ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссиялари аъзолари билан мулоқотни кучайтириш, жамиятда ижтимоий шериклик ва жамоатчилик назоратининг хилма-хил шакл ва механизмларини амалиётга жорий этиш, ҳудудларда учрашувлар ташкил этиш бўйича вазифалар белгилаб олинди.
Кун тартибидаги масалалар юзасидан Парламент комиссиясининг қарорлари қабул қилинди.