Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев томонидан 2019 йил 16 февраль куни қабул қилинган «Етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарорида етим ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни қўллаб-қувватлаш механизмлари замон талабаларидан келиб чиқиб, янгича ёндашувлар асосида белгиланган.

Меҳрга муҳтож болаларга ғамхўрлик қилиш бугунги кунда давлат сиёсатининг муҳим йўналиши эканлигининг яна бир исботи амалга оширилди.

Президентимиз Ш.М.Мирзиёев яқинда пойтахтимиздаги Меҳрибонлик уйга ташриф буюриб, ташриф давомида ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган, ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмларини такомиллаштириш юзасидан муҳим вазифаларни белгилаб берди. Дарҳақиқат, Меҳрибонлик уйларидаги болаларимизга таълим-тарбия бериш жараёнида уларнинг ички дунёсидан хабар бўлиш, психологик ёрдам бериш, уларда ҳаётга ва эртанги кунга бўлган ишончни мустаҳкамлаш давлатимиз, жамиятимиз зиммасидаги энг муқаддас бурчдир.

Меҳрбонлик уйларининг «барча тарбияланувчилар учун шароитларни бунданда яхшилаш, иложи борича, оиладагидек муҳит, тарбия ташкил қилиш керак, улар ҳамма билан тенг бўлиб таълим-тарбия олиши, олийгоҳларда ўқиб, касб эгаллаши, уй ва иш билан таъминланиб, ҳаётда муносиб ўрин топиши учун имкониятлар яратамиз»,-деди Президент. Шу боис давлатимиз раҳбари республикадаги барча Меҳрибонлик уйлари ва махсус мактаб-интернатларни Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси масъуллигига ўтказишни белгилаб берди.

Меҳрга муҳтож болаларга мурувват кўрсатиш халқимизга хос бебаҳо қадриятларнинг бири. Иккинчи жаҳон уруши йилларида етим қолган турли миллатларга мансуб болаларни ўзбекистонликлар ғамхўрлик қилиб, уларни асраб, тарбия қилганлиги инсонпарварликнинг ёрқин намунаси бўлиб, доимо бизларнинг хотирамизда.

Шу боис Президентимизнинг белгилаб берган вазифаларни сўзсиз ва аниқ ижро этиш албатта давлатимизнинг янада ривожланишига ҳисса қўшади деб ҳисоблаймиз.

Тошкент давлат юридик университети

Д.Суюнова,

«Жиноят-процессуал ҳуқуқи» кафедраси

профессори вазифасини бажарувчиси,

юридик фанлар доктори