Жамиятни қонунлар тартибга солиб туради ва адолат ўрнатади. Қонун устувор юрт ҳамиша тараққиёт босқичларида ривожланиб бораверади. Зеро, ҳар жиҳатдан пишиқ, пухта тайёрланган қонунларда ҳаётий ва халқчил тамойиллар устувор аҳамият касб этса, уни амалиётга татбиқ этиш ҳам самарали бўлади.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси томонидан ўтказилган ишчи гуруҳ йиғилиши “Давлат мулкини бошқариш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишланди. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ахборот хизмати хабар берди.
Тегишли соҳа вакиллари, депутатлар, экспертлар, бир қатор вазирлик ва идоралар вакиллари иштирок этган тадбирда қонун лойиҳаси қизғин муҳокама қилиниб, уни маромига етказиш, пишиқ-пухта ҳолатга келтириш бўйича кўплаб таклифлар берилди.
Қайд этилганидек, мазкур ҳужжатда давлат мулкига эгалик қилиш, бошқариш соҳасида илғор хорижий тажриба ва амалиётга таянган ҳолда яхлит, тўғридан-тўғри амал қиладиган ягона нормалар назарда тутилмоқда. Шунингдек, давлат мулкига эгалик қилишнинг аниқ мезонларини белгилаш мақсадида лойиҳада давлат мулкига эгалик қилишни асослаш принциплари белгиланмоқда.
Шу билан бирга, давлат иштирокидаги корхоналарда корпоратив бошқарувни жорий этишнинг асосий йўналишлари, давлат мулкидан фойдаланиш самарадорлигини баҳолашни жорий қилиш ҳамда давлат мулкини бошқаришда ҳисобдорлик, шаффофлик ва маълумотларни ошкор қилиш талаблари ўз аксини топаётир.
Йиғилишда ишчи гуруҳга экспертлар, олимлар томонидан берилган таклиф ва тавсиялар асосида қонун лойиҳасини маромига етказиш топширилди.