Муҳокамада сенаторлар бугунги кунда давлат мулкини бошқариш бўйича ягона Қонун мавжуд эмаслигини, ушбу соҳани тартибга солувчи амалдаги қонун ҳужжатларида давлат мулкига эгалик қилиш, жумладан қайси мулкларни давлатда сақлаб қолиш, қайсиларини хусусийлаштириш бўйича аниқ мезонлар белгиланмаганлигини таъкидлади.
Шунингдек, республикада 25 мингга яқин давлат муассасаси ва 2 мингдан ортиқ давлат иштирокидаги корхоналар мавжудлиги, иқтисодиётда давлатнинг иштироки юқорилиги, жумладан, республикада фаолият кўрсатаётган 2 113 та корхона 70 дан ортиқ вазирлик ва идоралар томонидан бошқариб келинаётганлиги қайд этилди.
Янги Қонун билан давлат мулкини бошқариш соҳасидаги муносабатлар тартибга солиняпти.
Маҳаллий давлат ҳокимияти органларига муниципал мулкларни белгиланган мезонлар доирасида сотиш, ижарага ва ишончли бошқарувга бериш ваколати Қонун билан белгилаб бериляпти.
Давлат иштирокидаги корхоналарда корпоратив бошқарувни жорий этишнинг асосий йўналишлари, давлат мулкидан фойдаланиш самарадорлигини баҳолаш механизмини жорий этишда давлат мулкини бошқариш субъектларининг, яъни Вазирлар Маҳкамаси, Давлат активларини бошқариш агентлиги, Молия вазирлиги, давлат органлари ва ҳокимликларнинг ваколатлари белгиланяпти.
Шунингдек, давлат мулкини бошқаришда ҳисобдорлик, шаффофлик ва маълумотларни ошкор қилиш талаблари ўрнатиляпти.
Ушбу Қонунни қабул қилиниши давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини камайтиришга, давлат мулкини бошқариш соҳасини янада такомиллаштиришга ҳамда бу соҳада Ҳукумат ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг масъулиятини ҳамда ваколатларини аниқ белгилашга, давлат мулкини бошқариш самарадорлигини оширишга хизмат қилиши қайд этилди.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати.