Таъкидлаш лозимки, сўнгги йилларда мамлакатимизда давлат фуқаролик хизмати фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Давлат фуқаролик хизматини, шу жумладан, номзодларни очиқ мустақил танлов орқали саралаб олиш жараёнини комплекс ҳуқуқий тартибга солишни таъминловчи, шунингдек, давлат фуқаролик хизматчиларининг иш самарадорлиги ва компетенциясини баҳоловчи мезонларни, уларнинг малакасини оширишга бўлган талаблар юзасидан самарали механизмлар соҳага тадбиқ этиляпти.

Тадбирда қайд этилганидек, давлат фуқаролик хизмати масалалари бўйича ваколатли орган — Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ташаббуси билан давлат органлари ва ташкилотларида ягона кадрлар сиёсатини олиб боришга, ходимларни самарали бошқариш ва инсон ресурсларини ривожлантиришга, малакали кадрлар захирасини рақобат асосида шакллантиришга ҳамда улар томонидан давлат фуқаролик хизматчиларининг вакант лавозимлари ўз вақтида эгалланишига йўл очилмоқда.

Давлат хизматини ривожлантириш агентлигига инсон ресурсларини бошқариш ва кадрлар салоҳияти даражасини ошириш миллий ахборот тизимини ривожлантириш ва такомиллаштиришнинг энг муҳим йўналишларини ишлаб чиқиш вазифаси юклатилган.

Шу мақсадда Агентлик томонидан давлат фуқаролик хизматига киришда инсон омилини камайтириш, бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ва коррупциявий хавф-хатарларнинг олдини олишга қаратилган давлат фуқаролик хизмати ягона электрон ахборот таҳлил тизими ҳамда Давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимлари ягона очиқ портали — vacancy.argos.uz ишга туширилди ва таркибий тузилма, штатлар, лавозимлар ва ходимлар тўғрисидаги маълумотларни ягона электрон базаси — Ягона миллий меҳнат тизими идоралараро дастурий аппарат комплексига интеграция қилинди.

Бугунги кунда Порталга 70 дан ортиқ вазирлик ва идоралар, шу жумладан, уларнинг ҳудудий бўлинмалари, тизим ташкилотлари (жами 14 мингдан зиёд), барча ҳокимликлар уланган бўлиб, 220 мингдан ортиқ фуқаро электрон шаклдаги ўз резюмесини шакллантирган. Ўтган давр мобайнида давлат органлари ва ташкилотларидаги мавжуд вакант лавозимлар бўйича 75 мингдан ортиқ танлов эълон қилиниб, вакант лавозимлар учун танловларда жами 900 мингга яқин номзод иштирок этган.

Шунингдек, давлат хизматчиларининг билим ва малакасини ошириб бориш мақсадида Агентлик томонидан давлат фуқаролик хизмати ягона электрон ахборот таҳлил тизими таркибида ходимларни масофавий ўқитиш бўйича ilm.argos.uz платформаси, ходимларнинг билим салоҳиятини автоматик аниқлаш имконини берувчи test.argos.uz платформаси жорий этилган.

– Давлатимиз раҳбари томонидан шу йил 11 майда имзоланган “Давлат бошқаруви соҳасида коррупциявий хавф-хатарларни бартараф этиш механизмларини такомиллаштириш ва ушбу соҳада жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорда 2023 йил 1 январга қадар давлат бошқаруви органларида кадрлар билан ишлаш йўналишидаги автоматлаштирилган тизимнинг жорий этилиши белгиланди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги директорирнинг биринчи ўринбосари Отабек Ҳасанов. – Яъни, эндиликда Ягона миллий меҳнат тизими идоралараро дастурий аппарат комплексига киритилаётган маълумотлар тўлиқлигини таъминлаш, вакант лавозимларни эълон қилишдан тортиб, танлов ўтказиш ва ишга қабул қилиш натижалари бўйича ҳужжатларни расмийлаштиришгача бўлган жараёнларни тўлиқ электрон тарзда Давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимлари ягона очиқ портали — vacancy.argos.uz орқали амалга оширишга қатъий риоя этиш талаб этилади. Шу билан бирга кадрларни бошқариш, баҳолаш, масофавий ўқитиш ва ривожлантириш жараёнларини давлат фуқаролик хизмати ягона электрон ахборот таҳлил тизими таркибидаги платформалари янада такомиллаштирилади.

Мулоқотда давлат органлари ва ташкилотларида ходимларни бошқариш тизимига замонавий ахборот технологияларини жорий этишнинг ягона тизими — hrm.argos.uz платформаси тақдимоти ўтказилди. Қайд этиш жоиз, мазкур платформа давлат бошқаруви органларида кадрлар билан ишлаш йўналишидаги иш фаолиятини тўлиқ рақамлаштириш мақсадида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ва Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ҳамкорлигида ишлаб чиқилди.

Шунингдек, доимий равишда кадрлар бўлинмалари раҳбарларининг малакасини оширишга қаратилган махсус курслар ташкил этилиб, унинг якунида давлат фуқаролик хизматини ривожлантириш жараёнлари ва истиқболларини мониторинг ва таҳлил қилиш ҳамда ушбу соҳадаги муаммолар ва таҳдидларнинг олдини олиш, очиқлик, профессионаллик ва ҳисобдорлик тамойилларига асосланган ходимларни бошқариш ва инсон ресурсларини ривожлантиришнинг инновацион усулларини жорий этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш амалиёти жорий этилди.

Бу эса давлат фуқаролик хизматининг ўсиш нуқталарини белгилаш, соҳани янада ривожлантириш ҳамда сифат кўрсаткичларининг ошишига хизмат қилаётгани билан аҳамиятлидир.