Мамлакат тараққиётининг замонавий босқичида кенг кўламли ислоҳотларнинг муваффақиятли амалга оширилиши ва 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг устувор йўналишларига эришишда давлат органларининг юридик ва жисмоний шахслар билан ўзаро самарали ва сифатли ҳамкорлиги фаолиятини ташкил этиш муҳим жиҳатдир.

Божхона органларининг юридик ва жисмоний шахслар билан ўзаро ҳамкорлиги самарадорлигини оширишда «Қоғозсиз ва электрон божхона»нинг мантиқий давоми ва ривожланиши бўлган «Рақамли божхона»ни шакллантириш, шунингдек, божхона иши соҳасидаги умумэътироф этилган халқаро норма ва стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш мақсадида “2020–2023 йилларда божхона маъмуриятчилигини ислоҳ қилиш ва Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона хизмати органлари фаолияти самарадорлигини ошириш Концепцияси” тасдиқланди.

Мамлакатимизда ташқи иқтисодий фаолиятни либераллаштириш, экспорт салоҳиятини кучайтириш, инвестициявий жозибадорликни ошириш ва божхона маъмуриятчилигини такомиллаштириш бўйича Харакатлар стратегиясида белгиланган «Ягона дарча» марказлари фаолиятини автоматлаштириш,  идоралараро электрон ҳамкорликни таъминлаган ҳолда, божхона фаолиятига тааллуқли бўлган рухсатнома ҳужжатларини ахборот тизими орқали масофадан туриб олишга доир вазифалар ижросини амалга оширишда божхона соҳасида хам божхона органларининг юридик ва жисмоний шахслар билан ўзаро ҳамкорлиги самарадорлигини ошириш мақсадида электрон ахборот тизими жорий қилинди.

Жумладан, фитосанитария, санитар-эпидемиологик, ветеринария, экологик назорат органлари ва сертификатлаш органлари фаолиятини ўрганиш натижалари уларнинг Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараси орқали ўтувчи товарлар ва транспорт воситаларига нисбатан назорат функцияларини амалга ошириш самарадорлиги ва тезкорлигини ошириш, шу жумладан идоралараро электрон ҳамкорликни жадал жорий қилиш мақсадида 2019 йил 23 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ташқи иқтисодий фаолиятни амалга оширишда маъмурий тартиб-таомилларни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ-4297 сон қарори қабул қилинди. Қарор билан 2021 йил 1 январга қадар БМТнинг Савдо тартиб-таомилларини соддалаштириш ва электрон иш амалиётлари бўйича маркази томонидан ишлаб чиқилган «ягона дарча» механизмини яратиш бўйича тавсиялар ва йўл-йўриқ тамойиллари мезонларига жавоб берадиган «Ягона дарча» божхона ахборот тизимини жорий этиш белгиланган эди.

Давлат божхона қўмитаси, «Ўзстандарт» агентлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, «Ўздавкарантин» инспекцияларининг автоматлаштирилган ахборот тизимлари «Ягона дарча» божхона ахборот тизимига интеграция қилиш орқали ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари, божхона расмийлаштируви бўйича мутахассислар учун “Ягона дарча” божхона ахборот тизими яратилди.

Бундай ижобий ўзгаришлар нуфузли халқаро ташкилотлар томонидан ҳам кенг эътироф этилмоқда. Жумладан, Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорацияси томонидан эълон қилинган «Бизнес юритиш - 2020» ҳисоботида Ўзбекистон 69-ўринни эгаллаб, ислоҳотлар миқёси ва самарадорлиги бўйича дунёнинг энг яхши 20 та ислоҳотчи давлати қаторидан жой олди.

Божхона органлари ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши тузилган бўлиб, Кенгаш ўз ишини жамоатчилик асосида олиб борадиган, доимий фаолият юритувчи маслаҳат-кенгаш органи ҳисобланади. Жамоатчилик кенгаши Давлат божхона қўмитаси марказий аппарати ҳузурида ташкил этилган ва унинг фаолияти ДБҚнинг барча ҳудудий ва таркибий тузилмаларига татбиқ этилади. Қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда, қарорларда, шунингдек, давлат, тармоқ ва ҳудудий ривожлантириш дастурларида жамоатчилик манфаатлари ва жамоатчилик фикри ҳисобга олиниши, фуқароларнинг, юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини, жамият манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида қонун ҳужжатлари талаблари ижросини таъминлаш, Давлат божхона хизмати органлари зиммасига юкланган ҳамда ижтимоий ва жамоатчилик манфаатларига дахл қилувчи вазифалар ва функцияларни бажариш, давлат хизматларини кўрсатиш, ижтимоий шериклик доирасида амалга ошириладиган битимлар, шартномалар, лойиҳалар ва дастурларни рўёбга чиқариш бўйича божхона органлари ва унинг мансабдор шахсларининг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш белгиланган.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, божхона органлари ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажаришда давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда фуқаролар билан ҳамкорлик қилмоқда. Давлат органлари ва бошқа ташкилотлар божхона органларининг ўз фаолиятини амалга оширишида, шунингдек божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишларига қарши курашишида уларга ўз ваколатлари доирасида кўмаклашиб келмоқда. Божхона органларининг давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлиги электрон ахборот алмашинувидан фойдаланган ҳолда амалга оширилиши таъминланмоқда.

Хосиятхон АБДУРАҲМОНОВА,

Давлат божхона қўмитаси  Божхона институти

божхона хизмати капитани, “Умумҳуқуқий фанлар” кафедраси профессори в.б.,

юридик фанлар доктори (D.Sc)