Шу боисдан спортни ёшлар ҳаётининг ажралмас бир қисмига, таъбир жоиз бўлса, мазмунига айлантириш - давлатимиз сиёсатининг энг устувор вазифаларидан биридир. Президентимиз ташаббуси билан илгари сурилган беш ташаббуснинг бири айнан ёшларни спортга ошно этиш ва уларни рағбатлантиришга қаратилгани билан ҳам аҳамиятли.
Ана шу эзгу ташаббусларга ҳамоҳанг қадам ташлаётган қаҳрамонимиз Улуғбек Қўчқаров 2014 йилдан буён Наманган муҳандислик технология институтининг жисмоний тарбия фани катта ўқитувчиси вазифасида ишлаб келмоқда.

Олийгоҳ спорт соҳасига ихтисослашмаган. Бироқ талабалар дарслардан сўнг спорт билан шуғулланишади. Спортнинг якка кураш, бокс, муайтай ва кураш турлари бўйича машғулотларни Улуғбек олиб боради. Унинг меҳнатлари бесамар кетмаяпти. Сўнгги олти йил ичида институт талабалари орасидан саксондан зиёд Ўзбекистон чемпионати совриндорлари етишиб чиқди. Ўттиздан зиёд Ўзбекистон чемпионлари, муайтай бўйича 4 нафар Осиё чемпионати совриндори, ўнлаб муайтай бўйича спорт усталарининг борлиги эса фикримизни янада яққолроқ ифодалабгина қолмай, Улуғбекнинг ўз ишига нақадар сидқидил ёндашишидан далолат беради.

- Мураббийимиз Улуғбек Лочинбековичга ҳар жиҳатдан ҳавас қиламиз, - дейди институтнинг 2-босқич талабаси Достонбек Сайдуллаев. - Чунки устозимиз самимийлик, мардлик, ҳалоллик каби юксак инсоний фазилатлар эгаси. Интизомни, тўғриликни ёқтиради. Мен шу кунгача қўлга киритган муваффақиятларимда Улуғбек аканинг ҳиссаси катта эканини доим қалбан ҳис этаман. Айни пайтда муайтай бўйича спорт устасиман, икки карра Ўзбекистон чемпиони ва Осиё кубоги совриндори бўлдим.

Улуғбекнинг шогирдлари орасида Достонбек каби умидли спортчилар жуда кўп. Дилноза Тожиддинова - улардан бири. Дилноза институтнинг ЭСМТ факультети 1-босқич талабаси. У икки карра Ўзбекистон чемпиони бўлди. 

Шу кунларда 2002-2003 йилларда туғилган ўсмирлар ўртасида олий ўқув юртига имтиҳонларсиз кириш ҳуқуқини берадиган мусобақа бўлиб ўтиши лозим эди. Лекин карантин сабаб қолдирилди. 18 ёшдан катталар ўртасида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон чемпионати ҳам шу сабабдан ўтказилмай турибди. Карантиндан сўнг ўтадиган ушбу мусобақаларга Улуғбекнинг шогирдлари индивитдуал тарзда жиддий тайёрланишяпти.

Дарвоқе, карантиндан сўнг Таиланднинг Бангкок шаҳрида бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатида инстиитутнинг тўрт нафар талабаси ҳам иштирок этади. Улар орасида қизлар ҳам бор. 

- Спортни танлаган йигит-қиз ҳаёт йўлида асло адашмайди, - дейди Улуғбек Қўчқаров. - Чунки спорт, унинг қайси тури бўлишидан қатъий назар, инсонни сабр-бардошли, қатъиятли, фақат олдинга интилувчан этиб тарбиялайди, ҳаёт синовларига тоблайди. Мени ёшларнинг азму шижоати қувонтиради. Уларнинг аҳдида мустаҳкам йигит-қизлар эканлиги нафақат эгаллаётган соҳалари, балки спортда ҳам ютуқларга замин яратмоқда.

Санжарбек ҲАМИДОВ