Унда Давлат статистика қўмитаси раиси ўринбосари Маҳмуджон Зиядуллаев, Юқори Чирчиқ тумани ҳокими Ускенбай Атемов, қўмита, ҳокимлик ҳамда Тошкент вилоят статистика бошқармаси масъул ходимлари, маҳалла фаоллари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Йиғилишда таъкидланганидек, аҳолини рўйхатга олиш – бу мамлакат аҳолисининг муайян вақтдаги «фотосурати»ни олиш имконини берувчи умумдавлат миқёсидаги кенг кўламли тадбир бўлиб, аҳоли тўғрисидаги ишончли ахборот манбаи ҳисобланади.

Аҳолини рўйхатга олишда ҳар бир фуқаронинг маълумотлари муҳим аҳамиятга эга бўлиб, аввало, аҳолининг аниқ сони, ёши, жинси, фуқаролиги, миллий таркиби, оилавий аҳволи, маълумоти, уй-жой билан таъминланганлик даражаси, бандлиги, даромад манбалари каби кўрсаткичлар бўйича батафсил маълумот тўпланади.

Ўзбекистон Республикасида аҳолини рўйхатга олиш тадбири 2023- йилнинг 1–25 ноябрь кунлари ўтказилади. Шунингдек, аҳолини рўйхатга олиш жараёни ва барча меъёрий ҳужжатларни синовдан ўтказиш мақсадида 2021 йилнинг 1–25 ноябрь кунлари Андижон вилоятининг Хўжаобод тумани, Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ тумани, Хоразм вилоятининг Хива шаҳри ҳамда Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида синов тариқасида аҳолини рўйхатга олиш тадбири ўтказилиши белгиланди, деб хабар беради Давлат статистика қўмитаси матбуот хизмати.