Буни баъзи ижтимоий тармоқларда бир ёқлама талқин қилиш ҳолатлари кузатилмоқда. Шулардан келиб чиққан ҳолда ҳолатга аниқлик киритиш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз», — дейилади ДТМ баёнотида.

ДТМга кўра, балларнинг юқори эканига ушбу омиллаб сабаб бўлган:

2019-йилдан бошлаб умумтаълим фанларидан тест саволлари тўплами нашр этилди ва ушбу тўпламда ишлатилган саволлар базасининг 20 фоизидан кўпроғи кириш тест жараёнларида фойдаланилди.

Телеграм тармоғида э-синов тизимидан абитуриентларга бепул фойдаланиш имконияти яратилди (тест синовларига қадар 1,4 млндан ортиқ абитуриент ушбу хизматдан бепул фойдаланди).

Тест топшириқлари соддалаштирилди. Бунда авваллари қўлланилган 4-даража қийинликдаги (энг қийин) саволлар умуман олиб ташланди, бу йил улар ишлатилмади, 3-даражали саволлар сони камайтирилди ва 1-даражали саволлар сони тегишли равишда оширилди (12 та савол – 1 даражали, 12 та савол – 2 даражали, 6 та савол – 3 даражали). Шунингдек, барча умумтаълим фанлари бўйича назарий саволларнинг сони кўпайтирилди, ўқув-лаборатория машғулотларига оид, расмли, харитали ва жадвалли тест топшириқлари сони оширилди.

Миллий ва халқаро сертификатларнинг тегишли даражасига, пандемия даврида ишлаб чиқилган ИЕЛТС Индиcатор сертификатига эга бўлган абитуриентлар учун ҳам максимал балл бериш белгиланди.

Халқ таълими вазирлиги ва Давлат тест маркази томонидан абитуриентларнинг тест синовларига пухта тайёргарлик кўришлари учун “Онлайн репетитор” теледастурлари мунтазам эфирга узатилди.

Жорий йил учун истисно тариқасида тест синови топшириладиган 5 та фандан 2 та мутахассислик фани қолдирилди.

Ҳар бир тўғри деб топилган жавобга балл бериш тизими ўзгартирилиб, биринчи ва иккинчи фан учун мос равишда 3,2 ҳамда 3,1 баллдан берилди, олдинги йиллардаги каби 1,1 балл бериш қўлланилмади.

Тест синовларини топшириш учун ажратилган вақт меъёри оширилиб, амалдаги тартибда кўрсатилган 2 соат ўрнига 3 соат этиб белгиланди.