Шу асосда поликлиникага мурожаат қилган ёки шифохонага борган шахсга индивидуал маслаҳат бериш, зарурат бўлса, назоратга олиш, консультация ва даволаш-реабилитация жараёнига жалб қилиш амалиёти олиб бориляпти. Вилоятдаги ҳар бир тиббиёт муассасасида тиббий бригадалар шакллантирилиб, 852 мингдан ортиқ аҳоли хатловдан ўтказилди.
Тиббий карталар электрон шаклга ўтказилмоқда. Бу бемор учун ҳам, шифокор учун ҳам анча қулай. Чунки беморнинг электрон базага киритилган маълумотлари тез топилади. Олдинги ташрифлар ва текширувларнинг ёзувини шифокор тўлиқ кўра олади. Бунинг учун бир неча дақиқа кифоя. Тиббий карталарнинг қоғоз шаклида эса беморлар ҳамширанинг рўйхатга олиши, карталарни қидириб топишини кутиши ва шифокор ҳам ёзувларни кўздан кечириши учун кўпроқ вақт сарфларди.
Давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этиш жараёнида бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида шифокордан олдинги кўрик учун белгиланган стандартларга мувофиқ жиҳозланган хоналар ташкил этилди. Натижада бир беморни кўриш, ташхис қўйиш, муолажаларни ўтказиш учун оилавий шифокор аввалгидек ўртача 5-6 дақиқа ўрнига 15-20 дақиқа вақт ажратиб, ҳар бир беморни тиббий кўрикдан ўтказяпти, унга кўпроқ эътибор қаратиш имкони яратилди. Шифокордан олдинги кўрик хонасида амалиётчи ҳамширалар беморни мустақил текшириб, юқумли бўлмаган (юракқон томир, қандли диабет, нафас олиш органлари) касалликлар хавфини баҳолаши учун дастлабки скринингдан ўтказади. Шикоятларини қайд этади ва зарур ҳолларда оилавий шифокор қабулига йўналтиради. Дастлабки кўрик натижасида оилавий шифокор қабул қиладиган беморлар сони ортиб, уларни тор соҳа мутахассисларига йўналтириш ўртача 16 фоиз камайди.
Масалан, Гулистон шаҳридаги 4-оилавий поликлиниканинг бир амалиётчи ҳамшираси томонидан жорий йилнинг январь-февраль ойларида 40 ёшдан ошган 165 киши мақсадли скрининг текширувларидан ўтказилди. Натижада уларнинг 114 нафари (69 фоизи)да юрак-қон томир касалликлари бўйича хавф омиллари эрта аниқланиб, назоратга олинди.
Энг муҳими, тиббиёт муассасасига келган беморлар энди навбатда кутиб турмайди. Улар олдиндан, ўзига қулай вақтда электрон навбатга ёзилиш имкониятига эга. Тиббий бригадалар фаолияти туфайли оилавий шифокорнинг обрўси ортиб, меҳнат самарадорлиги ҳам ошмоқда.
— Тиббиёт соҳасида биринчи мақсад трансформация, яъни беморга қулайлик яратиш, — дейди соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаев. — Бемор шифокорга мурожаат қилгандан бошлаб кейинги жараёнларгача тартибга келтириш борасида ижобий натижаларга эришилмоқда. Шифокор қабулига олдиндан ёзилиш, вақтини белгилаш, белгиланган муддатда кўрикдан ўтиш шифокор учун ҳам, бемор учун ҳам бирдек қулай. Бу орқали бошқарилмайдиган навбатга чек қўйилди.
Сирдарёда профилактик кўриклар ўрнига ҳудуднинг ўзига хослигидан келиб чиқиб мақсадли скрининг текширувлар олиб борилмоқда. Асосан, профилактикага эътибор қаратилмоқда. Профилактика ишлари яхши йўлга қўйилса, касаллик кам бўлади ва унга сарфланадиган маблағ ҳам тежалади.
Мақсад ҳам касалликларни эрта аниқлаш, тиббий ёрдамнинг бирламчи бўғинида малакали ва сифатли хизмат кўрсатиш, аҳолининг саломатлик даражаси, ўртача умр кўриш давомийлигини оширишдан иборат.
— Ўзбекистон аҳоли саломатлигини сақлашнинг сифатли моделини жорий этмоқда, — дейди Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Ўзбекистон бўйича маслаҳатчиси Кристофер Фицпатрик. — Бу ривожланган давлатлар тажрибасидан ўтган жуда яхши моделдир. Биз жараёнларни бевосита кузатиб боряпмиз ва эксперт сифатида айтишим мумкинки, касалликка чалинган инсоннинг уйига бепул доридармон етказиб бериш унга имкон қадар тезроқ ёрдам кўрсатишга хизмат қилади. Ҳар бир соғлиқни сақлаш тизимининг ўзига хос жиҳатлари бор. Касалликларни даволашдан кўра олдини олган яхши, шу билан бирга, касалликларни эрта аниқлаш ҳам даволашда катта самара беради. Ўзбекистонда илк бор давлат тиббий суғуртаси тизимини тажриба-синов тариқасида жорий этиш, беморларга қулайлик яратиш мақсадида шифохоналарни бирлаштириш, уларнинг негизида тиббиёт кластерини ташкил этиш, у ерда илм-фан ва амалиётни уйғунлаштириш ишлари бажарилмоқда. Соҳада мураккаб ва юқори технологик амалиётлар жорий этилаётир. Бу борада ҳам халқаро тажрибадан келиб чиқиб тавсия ва маслаҳатлар бериш, ушбу мураккаб жараёнларнинг амалиётга тезроқ татбиқ этилишига кўмаклашишга доим тайёрмиз.
Давлат тиббий суғуртаси механизмлари доирасида сурункали касалликларга чалинган беморларга кўпроқ эътибор берила бошлади. Илгари улар рўйхатга олиниб, даволаниш буюрилган ва кузатувга олинган. Афсуски, ҳамма бемор ҳам доридармонни ўз вақтида харид қилиб, муолажаларни бошлай олмасди. Натижада беморларда асоратлар пайдо бўлди. Энди давлат тиббий суғуртаси жорий этилгани туфайли беморларга дорининг бир қисми бепул берилмоқда. Дорихона эса поликлиниканинг ўзида жойлашган.
Давлат тиббий суғуртаси механизмини жорий этиш жараёнида реимбурсация тизими ҳам амалиётга киритилди. Бу “харажатларни қоплаш” маъносини англатади. Яъни аҳолини дори-дармон билан таъминлаш, алоҳида сурункали касалликларни даволаш учун шифокор томонидан буюрилган дорилар харажатларини мақсадли компенсация қилишни назарда тутади.
Даволаш стандартларига кўра, дори қабул қилиш ҳар қандай касалликни даволашнинг ажралмас қисмидир. Бироқ сурункали касалликларни амбулатор шароитда узлуксиз даволаш тизими мукаммал эмас. Шу боис, аҳолининг зарур дори-дармондан фойдаланиш имкониятини ошириш учун реимбурсацияни амалиётга жорий этиш зарурати юзага келди.
— Реимбурсацияда асосан уч хил йўналишдаги — гипертония, юрак ишемик, қандли диабетнинг иккинчи тури, бронхиал астма, ўпканинг сурункали обструктив касаллиги қамраб олинган, — дейди Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси имтиёзли дори воситалари билан таъминлаш бўлими бош мутахассиси Мавлуда Ғиёсова. — Мазкур жараёнда биз 11 та дорини халқаро патентланмаган ном билан киритганмиз. Бу тизимнинг йўлга қўйилгани сурункали касаллик билан оғриганларни дори-дармон билан узлуксиз таъминлаш имкониятини беради. Бемор электрон рецепт асосида дорини ўзига қулай вақтда олиши мумкин. Бунинг учун сурункали касаллик билан диспансер назоратида турган беморлар ўз оилавий шифокорига мурожаат қилади. Шифокор беморни зарур текширувдан ўтказади, керак бўлса, лаборатория-диагностика текширувларига юборади. 10-халқаро касалликлар таснифига кўра, аниқ ташхис қўйилгач, электрон тиббий картага маълумотлар киритилади ва электрон рецепт шакллантирилади. Ўша заҳоти беморнинг мобиль телефонига хабар келади. Зарурат туғилганда (беморнинг талабига кўра), шифокор электрон рецептни беморга қоғоз шаклида тақдим этиши мумкин.
Шифокордан электрон рецептни олган бемор Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси билан шартнома тузган дорихонага дори олиш учун мурожаат қилади. Реимбурсацияда иштирок этаётган дорихона беморга дори-дармонни электрон рецепт асосида бепул беради. Бунда берилган дори бўйича дорихоналар сарф-харажатини Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси қоплаб беради. Шартнома бандларига кўра, дорихоналар рўйхатга киритилган дори-дармоннинг узлуксиз таъминотини ҳамда жорий йил якунига қадар уларнинг нархи ўзгармаслигини таъминлаши лозим.
Реимбурсация шаффофлик ва адолат тамойилларига жуда мос бўлиб, жараён электрон амалга оширилади. Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси, бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари ва дорихона раҳбарлари бевосита кузатиб бориш имкониятига эга. Реимбурсация ҳозир фақат Сирдарё вилоятида тажриба-синов жараёнида амалиётга татбиқ этилмоқда. Олинган натижаларга кўра, келгусида юртимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам жорий этиш мўлжалланган.
Бундан ташқари, беморларнинг доридармонни қабул қилиш ва соғлом турмуш тарзига риоя этишини таъминлаш мақсадида оилавий поликлиника ва оилавий шифокорлик пунктларида сурункали касалликларга чалинган беморлар учун “Профилактик мактаблар” очилиб, уларда патронаж ҳамширалар сурункали касалликларга чалинганларни кузатиб бормоқда.
Юртимиздаги ҳар бир ислоҳотда, энг аввало, аҳоли эҳтиёжлари ҳисобга олинади. Сирдарё вилоятида йўлга қўйилган давлат тиббий суғуртаси тажриба-синов лойиҳасининг илк натижалари ҳам аҳолининг сифатли ва малакали тиббий хизматдан фойдаланишини таъминлаш, саломатлигини асрашга қаратилаётган эътиборнинг ёрқин исботидир.
Рисолат МАДИЕВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири