Мамлакатимизда аҳолига юқори малакали ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишда ошкоралик, адолат ва шаффофлик тамойиллари асосида замонавий талабларга жавоб берадиган самарали тизим яратилмоқда. Бу борада давлатимиз раҳбарининг ўтган йил 28 - июлдаги “Соғлиқни сақлаш соҳасида ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори муҳим аҳамият касб этади.
Ушбу меъёрий ҳужжатга кўра, ўтган йилнинг 1 октябридан давлат бюджети маблағлари ҳисобидан имтиёзли тоифага кирувчи шахсларни электрон ахборот тармоғи орқали ҳисобга олиш ва навбат асосида даволанишга йўллаш тизимига 14 та тиббиёт муассасаси ўтказилди. Академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази, Республика ихтисослаштирилган урология илмий-амалий тиббиёт маркази, Академик Ё.Тўрақулов номидаги Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази ва Болалар миллий тиббиёт маркази шулар жумласидан.
Мазкур ихтисослаштирилган тиббиёт муассасаларида давлат бюджети маблағлари ҳисобидан имтиёзли тоифага кирувчи шахсларга квота асосида ордер бериш тартиби бекор қилинди. Унинг ўрнига халқаро тажриба — молиялаштиришнинг янги механизми асосида беморларни ҳисобга олиш ва навбат асосида даволанишга йўллашнинг электрон ахборот тизими жорий этилди. Бу жараёнда имтиёзли тоифага кирувчи шахсларни ихтисослаштирилган муассасаларга даволаниш учун йўллашда касалликнинг оғирлик даражасига кўра, ахборот тизими орқали навбатда туришнинг шаффоф механизмлари амалиётга татбиқ этилди. Шу тариқа беморларга ўзининг сўрови, мурожаати ҳамда навбати ҳақидаги ахборотни олиш имкони яратилди.
Айни вақтда эса беморларга уларнинг касаллигига мувофиқ ихтисослаштирилган муас сасаларда даволанишни таъминлайдиган йўлланмалар берилмоқда. Ушбу йўлланма ахборот тизимида автоматик тарзда шакллантирилади. Бемор давлат ёки нодавлат тиббиёт ташкилотида тиббий хизматлардан фойдаланишни ўзи ихтиёрий танлай олади.
Бу жараёнда Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси ўзига хос ўрин тутади. Бемор жамғарма билан шартнома тузган тиббиёт муассасасида даволангач, мазкур муассасага беморга кўрсатилган тиббий хизматларни асословчи ҳужжатларга кўра, базавий нархлар доирасида сарфланган маблағ бюджет ҳисобидан тўлиқ тўлаб берилади.
Тизимда кўрсатилаётган хизматлар сифатини янада ошириш, аҳолига қулайлик яратиш мақсадида 52 та ҳудудий тиббиёт муассасаси билан ҳам ҳамкорлик шартномаси тузилган. Шу тариқа уларда ҳам молиялаштиришнинг янги механизми йўлга қўйилди ва бу орқали беморларнинг ўз яшаш ҳудудида юқори технологик тиббий ёрдам олиши учун зарур шароит яратилди. Бундай имтиёзлардан унумли фойдаланган беморларнинг вақти ва маблағи тежалмоқда. Энг муҳими, уларнинг пойтахтга келиб, овора бўлишининг олди олинмоқда.
Имтиёзли тоифага кирувчи шахслар тиббий хизматлардан фойдаланиш учун Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси билан шартномаси мавжуд давлат ёки нодавлат тиббиёт ташкилотлари орасидан ўзига маъқулини эркин танлаш ҳуқуқига эга. Нодавлат тиббиёт ташкилотлари кўрсатадиган тиббий хизматлар учун қўйиладиган талаблар Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган.
Яхши янгиликлардан яна бири шуки, ҳозир Қашқадарё ва Фарғона вилоятларида жойлашган ўнга яқин нодавлат тиббиёт ташкилотлари билан шартнома тузилган. Келгусида Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тавсиясига кўра, бош қа ҳудудлардаги нодавлат тиббиёт муассасалари билан ҳам шартномалар тузиш кўзда тутилган. Бундай муассасаларнинг имтиёзли тоифага кирувчи беморларга кўрсатган юқори технологик тиббий ёрдами харажатларини Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси қоплаб беради.
Бу ўзгаришлардан кўзланган асосий мақсад инсон қадрини улуғлаш, юртимизда яшаётган ҳар бир одамнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлашдир. Зеро, сўнгги йилларда юртимизда амалга оширилган ислоҳотлар замирида инсон саломатлиги асосий ўринни эгаллайди. Аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини ошириш, ёшларни олий тиббий таълимга қамраб олиш, ёш мутахассислар учун шароит яратиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, бир сўз билан айтганда, халқни рози қилиш ислоҳотлар мазмунидир.