Қўмита раисининг биринчи ўринбосари Асадулла Қаюмовнинг маълумот беришича, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 4 февралдаги 52-сонли қарорига асосан 2021 йил 1 апрелдан бошлаб масъул лавозимларга тайинланган шахслар учун давлат тилини билиш бўйича даража сертификатларини олиш учун Қўмита тизимида масъул лавозимларга тайинланган шахслар Давлат тест марказининг https://org.dtm.uz/ сайти орқали белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилмоқда.
Бугунги кунгача Қўмита тизимида масъул лавозимларга тайинланган ходимларнинг 9 нафари белгиланган тест синовларидан муваффақиятли ўтиб, давлат тилини билиш бўйича даража сертификатини олишди. Шу билан бирга, Қўмита тизими ходимларининг 4 нафари тест синовларида иштирок этишди.
Ходимларнинг лотин алифбосидаги билимларини кенгайтириб бориш мақсадида А.Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш марказида ўқишлар ташкил қилинмоқда.
Жорий йилнинг 2 июнь куни қўмитада Президентимизнинг “Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ва бошқа давлат тилига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятини тушунтиришга қаратилган ўқув-семинар ташкил қилинди. Унда Давлат тили ривожи йўлида барча вазирлик ва идораларга яқиндан кўмак бераётган Малака ошириш маркази директори Иномжон Азимов лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосининг имло қоидалари, асосий ўзгаришлар ҳақида гапириб ўтди.
Шунингдек, семинарда қонунчиликдаги ўзгаришлар, ҳусусан 2022 йил 18 январь куни қабул қилинган “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида” Ўзбекистон Республикасининг ЎРҚ-746-сонли Қонуни ҳамда янги таҳрирдаги “Реклама тўғрисида”ги қонунга киритилган янги нормалар ҳақида кенг жамоатчилик вакиллари хабардор қилинди.
“Қадринг баланд бўлсин, она тилим” шиори остида Вазирлар Маҳкамасининг Маънавият ва давлат тилини ривожлантириш масалалари департаменти ташаббуси билан нашр этилган янги китоблар тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. Унда Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси директори Азизжон Иминов иштирок этиб, қатнашчиларни жамғарма фаолияти билан таништирди.
Тадбирнинг иккинчи қисмида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Энг фаол китобхон” танловида фаол иштирок этган ходимлар тақдирланди.
Гўзал Қодирова,
Ўзбекистон республикаси Монополияга қарши курашиш
қўмитаси раисининг маслаҳатчиси