Хусусан, ўтган 2025 йилда давлат буюртмачилари томонидан ўтказилган жами бошланғич қиймати 18,8 трлн. сўм бўлган 23 мингдан ортиқ давлат харидлари бўйича ўрганишлар ўтказилди. Унда буюртмачи ва иштирокчилар томонидан 16 135 та савдолар жараёнида 28 304 та рақобатга зид қуйидаги ҳаракатлар аниқланган:
16 017 та ҳолатда савдоларни ўтказишнинг қонун ҳужжатларида белгиланган тартиби бузилган;
1 145 та ҳолатда савдолар иштирокчиларининг фаолиятини мувофиқлаштириш ҳолатлари аниқланган;
801 та ҳолатда савдолар иштирокчиларини асоссиз равишда четлаштириш ҳолатлари аниқланган;
8 647 та ҳолатда савдоларнинг битта ёки бир нечта иштирокчисига савдоларда қатнашиш учун имтиёзли шарт-шароитлар яратиб берилган;
685 та ҳолатда иштирокчилар ўртасида аффилланганлик ҳолатлари аниқланган;
61 та ҳолатда буюртмачи ва иштирокчилар ўртасида аффилланганлик ҳолатлари аниқланган;
948 та ҳолатда бошқа рақобатга зид ҳолатлар аниқланган.
Юқорида келтирилган ҳолатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ҳамда бошқа ваколатли органлар билан ҳамкорликда ўрганилиб:
11 427 та харидларда аниқланган ҳолатлар юзасидан белгиланган тартибда мазкур органларга маълумотлар тақдим этилди.
4 708 та харидлар бўйича ваколат доирасида ишлар қўзғатилиб, давлат харидлари субъектлари мансабдор шахсларга нисбатан 714 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомалар расмийлаштирилиб, судларга юборилди.
Шу билан бирга, Қўмита томонидан давлат харидларида қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўйган корпоратив буюртмачиларга нисбатан белгиланган тартибда молиявий жарималар қўлланилиб, қонун бузилиш ҳолатларини бартараф этиш ва келгусида йўл қўймаслик бўйича кўрсатмалар берилди.
Рақобат қўмитаси томонидан давлат харидларида рақобат муҳитини таъминлаш мақсадида доимий ўрганиш ва мониторинг ишлари давом эттирилмоқда.