Хусусан, жорий йилнинг ўтган 9 ойида ваколатли органлар томонидан давлат хизматлари кўрсатилишида 27 минг 638 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди. Шундан 27 минг 50 тасида муддат бузилган бўлса, 268 та ҳолатда мурожаатлар асоссиз рад этилган. Шунингдек, 19 та ҳолатда ортиқча ҳужжатлар талаб этилган, 199 ҳолатда эса тўғридан-тўғри хизмат кўрсатилган.
Қонунбузилиш ҳолатлари ташкилотлар кесимида таҳлил қилинганда, газ таъминоти ҳудудий филиали томонидан 4 минг 416 та, ҳокимликлар томонидан 5 минг 930 та, ер ресурслари ва кадастр хизмати томонидан 1 минг 481 та қонун бузилиши ҳолати аниқланган. Шунингдек, 461 та ҳолатда электр таъминоти корхонаси, 1 минг 476 та ҳолатда қурилиш бўлими, 584 тасида солиқ органлари тизимида, 949 тасида соғлиқни сақлаш муассасалари, 173 тасида бошқа хизмат кўрсатувчи идоралар томонидан қонунбузилиш ҳолатлари қайд этилган.
Аниқланган ҳолатлар юзасидан ваколатли идораларга 187 та огоҳнома, 40 та тақдимнома ва 10 та жиноий таклиф киритилди. Шунингдек, 211 нафар қонунни бузган ходимларга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома расмийлаштирилди. Кўрилган чора-тадбирлар натижасида 135 нафар мансабдор шахс интизомий жавобгарликка тортилиб, 12 нафари эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. 211 нафар шахсга нисбатан эса маъмурий жазо чоралари қўлланилди.
Қаҳрамон ҲАФИЗОВ,
ДХА Тошкент вилояти бошқармаси бўлим бошлиғи