Давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида 70 дан зиёд давлат хизматлари соддалаштирилиб, давлат хизматлари марказлари томонидан қамраб олинган хизматларни кўрсатиш муддати ва талаб этиладиган ҳужжатлар сони ўртача икки баробарга қисқартирилди.

Амударё тумани Давлат хизматлари маркази аҳолига сифатли ва тезкор давлат хизматларини кўрсатиб, самарали фаолият юритиб келмоқда. Марказ томонидан жорий йил бошидан аҳолига жами 59 мингдан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилган.

Марказда тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказишда тизимли ишлар олиб борилаётган бўлиб, жорий йилнинг шу даврига қадар 600 нафардан ортиқ якка тартибдаги тадбиркорлар, 200 дан ортиқ юридик шахслар давлат рўйхатидан ўтказилган.

Шу билан бирга, туман Давлат хизматлари маркази ходимлари шаҳар марказидан олис ҳудудларга бориб, фуқароларга сайёр тарзда ҳам давлат хизматлари кўрсатишмоқда. Бу эса инсонларнинг оғирини енгил, мушкулини осон қилиб, қатор қулайликларни яратмоқда.

Минажатдин КУТЛИМУРАТОВ,

Янги Ўзбекистон мухбири