“Ҳаммамиз деярли ҳар куни турли идораларга мурожаат қиламиз. Дейлик, нотариус, архив ёки кадастр идорасидан, газ, электр, сув таъминоти ташкилотидан ёки маҳалладан оддий бир маълумотнома олиш учун баъзан кун бўйи навбатда туришга тўғри келади. Ана шундай, бир қарашда арзимас бўлиб туюладиган ишлар учун одамларнинг қанча вақти, асаби кетади. Шуларнинг ҳаммасини бир жойда, марказлаштирган ҳолда, тезлик билан ҳал қилса бўлади-ку!” деган эди Юртбошимиз янги тизим тўғрисида сўзлар экан. Давлатимиз раҳбари ўз нутқида Адлия вазирлиги қошидаги “Ягона дарча” марказлари негизида ҳар бир шаҳар ва туманларда “Фуқаролар эмас, ҳужжатлар ҳаракатланади” тамойилига кўра фаолият олиб бориши белгиланган янги тузилма Давлат хизматлари марказларини ташкил этиш фикрини илгари сурган эдилар.

 “Ана шундай тизимни йўлга қўйсак, ўйлайманки, халқимизга катта енгиллик яратилади, одамлар биздан рози бўлади,”  дея ишонч билан айтилган сўзлар орадан ҳеч қанча ўтмай ўз исботини топди, десак муболаға бўлмас. 2017 йил 12 декабрьда ташкил топган Давлат хизматлари агентлиги уч йил мобайнида халқнинг ишончини оқлай олдими? Чекка ҳудудларгача ташкилот марказлари етиб бордими? Аҳоли бу хизматлардан қониқдими, каби турли саволлар кўпчиликнинг хаёлидан ўтиши табиий. Андижон вилояти мисолида оладиган бўлсак, натижалар кишини чуқур мулоҳазага чорлайди.

Давлат хизматлари аҳолини қониқтирдими?

Аввало маълумот ўрнида айтиб ўтиш жоиз, бугунги кунда вилоятдаги шаҳар ва туманларда 16 та Давлат хизматлари марказлари, Андижон, Жалақудуқ, Пахтаобод ва Қўрғонтепа туманларида эса марказларнинг 4 та шаҳобчасии фаолият юритмоқда. 2018 йилнинг бошида марказларда жами 37 турдаги давлат хизматлари кўрсатилган бўлса, ҳозирга келиб уларнинг сони 145 тага етди (қарийб 3,5 бараварга ортган).

Тизим ташкил этилган кундан бугунги кунга қадар марказлар томонидан қарийб 1 миллион 724 мингдан ортиқ хизматлар кўрсатилди. Шундан бир ярим миллионга яқини шахсан, 200 мингдан ортиғи эса интернет орқали кўрсатилган хизматлардир ва ушбу кўрсатилган хизматларнинг ижобий натижалари ҳар доим фуқаролар юз-кўзида ўз ифодасини кўрсатди. Қолаверса, электрон баҳолаш тизимида ҳам ҳамиша юқори кўрсаткичлар қайд этилди.

Шароитнинг йўқлиги ходим кайфиятига ҳам, иш сифатига ҳам жиддий таъсир этади

Хизматларнинг ортиши яхши. Аммо хизмат кўрсатувчи ташкилот жойлашган бинода мижозлар учун етарли даражада шароит бўлмаса, нафақат мижознинг кайфиятига, балки ходимнинг иш сифатига ҳам жиддий таъсир қилиши шубҳасиз. Шу сабабли ҳам сифатли ва ўз вақтида тезкор давлат хизматлари кўрсатишда марказларнинг бинолари инновацион ғоялар асосида сўнги техника жиҳозлари билан таъминланганлиги, барча қулайликларга эга бўлиши аҳамиятли жиҳат.

 Улуғнор давлат хизматлари қийин кечадиган ҳудуд эди. Ҳозир эса…

Яқинда фойдаланишга топширилган марказлардан бири бу Улуғнор туманидаги Давлат хизматлари марказидир.

Бундан ярим аср аввал фақат қумликлардан иборат бўлган майдонлар ўрнида замонавий, барча қулайликларга эга биноларнинг қурилиб, фойдаланишга топширилгани шу ерлик аҳолининг оғирини анчайин енгил қилди, десак янглишмаймиз. Боиси бу туман Анджондаги давлат хизматлари қийин кечадиган ҳудудлардан бири бўлган.

Айни дамда эса бир неча йиллардан буён фойдаланилмай, бўш ва нураб ётган бино ўрнида анъанавий архитектура ва халқаро меъморий дизайн билан уйғунлашган Марказнинг янги биноси қад ростлаган. Ташкилотда бир вақтнинг ўзида 15 нафар, бир кунда 300 нафар фуқарога хизмат кўрсатиш имконияти мавжуд. Замонавий тарзда жиҳозланган кенг ва ёруғ хоналар, электрон навбат, ҳордиқ чиқариш учун қулай ва юмшоқ ўриндиқлар, болалар майдончаси, хорижий ва маҳаллий инвесторлар учун алоҳида хоналарнинг мавжудлиги мижозларнинг хизматлар билан боғлиқ ҳар қандай оғирини енгил қилади. Шунингдек, мониторлар орқали эса давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги янгиликлар, давлат хизматлари олиш тартиблари тўғрисидаги роликлар мунтазам намойиш этиб борилади.

Бинода давлат хизматлари марказидан ташқари, туман Фуқаролик ҳолатлари далолатномаларини ёзиш бўлими ҳамда Бош вазир қабулхонаси ҳам жойлашганлиги мурожаат қилувчилар учун яна бир имконият яратади.

Шу кунга қадар яна 4 та - Андижон,  Балиқчи, Бўстон ва Марҳамат туманларида ҳам мана шундай шароит ва қулайликларга эга Давлат хизматлари марказларининг янги бинолари фойдаланишга топширилди.

Янги марказлар янги йил байрамлари арафасида фойдаланишга топширилади

Айни пайтда вилоятимизнинг Хонобод шаҳри ҳамда Шаҳрихон, Олтинкўл, Избоскан, Хўжаобод туманларида ҳам Давлат хизматлари марказларининг янги биноларини қуриш ва реконструкция қилиш ишлари изчиллик билан давом этмоқда. Қурилаётган ушбу қулай ва шинам бинолар уч йиллик ҳамда янги йил байрамлари арафасида фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.

Бир сўз билан айтганда, Давлат хизматлари агентлиги давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида уларнинг сифати, тезкорлиги, шаффофлиги ва фойдаланиш имкониятини тубдан ошириш орқали аҳоли турмуш шароитларининг яхшиланишига муносиб улушларини қўшишга, уларнинг оғирини енгил, узоғини яқин қилиш, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, бугунги кундан рози бўлиб яшашларини таъминлашга хизмат қилиш асосий мақсадимиздир. Халқ рози бўлса, ташкилотдан ҳуш кайфият билан қайтса биз мақсадга эришган бўламиз ва бунга ҳамиша астойдил ҳаракат қиламиз.

Маҳмуджон АБДИЖАЛИЕВ,

Давлат хизматлари агентлиги

Андижон вилояти бошқармаси бошлиғи