Бугун ҳеч бир соҳа энергетика тизимисиз тараққий эта олмайди. Янги Ўзбекистонда барча тармоқларда кузатилаётган юксак ўсиш суръатлари табиийки электр энергияга бўлган талабни оширмоқда. Жумладан, мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган электр энергиянинг қарийиб 85-90 фоизи ИЭСларда яратилса, шундан “Сирдарё ИЭС” нинг улуши 30-35 фоизга тенг.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 декабрдаги “Сирдарё иссиқлик электр станциясида энергоблокларни босқичма-босқич модернизация қилиш чора-тадбирлари тўғрисида” фармойишига асосан “Sirdaryo IES” АЖда кенг қамровли модернизация ишлари амалга оширилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, Сирдарё ИЭС қурилиши 1966 йилнинг кузида бошланган. Кўп минг кишилик жамоанинг фидокорона меҳнати эвазига 300 минг кВт/соат қувватга эга бўлган биринчи энергоблок 1972 йилнинг 26 декабрда ишга туширилган бўлса, 1981 йилда оxирги ўнинчи энергоблокнинг ишга туширилиши билан электр станциянинг қурилиши якунланди. Унинг қувват имконияти 3000 минг кВт.га етди. Бугунги кунда бу ерда 2 минг нафардан ортиқ ишчи меҳнат қилмоқда.
Станция ишга тушган кундан бошлаб ҳозирги кунгача 650,0 миллиард кВт/соатдан ортиқ электр энергияси ишлаб чиқарган.
Айни кунларда Ширин шаҳридаги “Сирдарё ИЭС”да модернизация жараёнлари якунланиш босқичига кирди.
– Маълумот ўрнида айтиш жоизки, ҳар бири 300 МВт ни ташкил этган энерго блоклар янгиланишдан аввал қуввати 250 МВтга тушиб, ёқилғи сарфи ҳам бугунги талабларга жавоб бермай қолган эди, – дейди “Сирдарё ИЭС” бош муҳандиси Жаҳонгир Қирғизбоев. – Энергия блоклар тўлиқ замонавийлашиб, уларнинг қуввати 325 МВт га етказилди. Биз бу билан 150 МВт қўшимча қувватга эришдик. Энг асосийси, бир кловатт соат учун шартли ёқилғи сарфи 40 граммга қисқаради. Натижада йилига 180 миллион куб метр таббий газни тежашга эришилади.
Боёвутда ДХШ иштирокида илк янги лойиҳа
Бундан ташқари аҳолини ва ишлаб чиқариш корхорналарини узлуксиз энергия манбаси билан таъминлаш мақсадида Боёвут туманида яна бир йирик лойиҳага қўл урилди. Бу ерда қуввати 1500 МВт бўлган янги иссиқлик электр станцияси қурилиши бошланди. Йирик лойиҳа илк бор давлат хусусий шерикчилиги асосида Саудия Арабистони компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. Бу илк тажриба бўлиб, туманда ана шундай мегақувватлардан яна иккита қурилади. Натижада ушбу иссиқлик электр станциялари 60 фоиз ёқилғини иқтисод қилган ҳолда “Сирдарё ИЭС”да модернизациядан кейин ишлаб чиқариладиган қувватга тенглашади.
– Бизнинг компания дунёдаги йирик компания ҳисобланиб, электр энергия ва сувни чучуклаштириш бўйича қатор лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда, – дейди “ACWA POWER” хорижий компаниясининг қурилиш бўйича бош директори Мубашшир Аҳмад Мажид (Саудия Арабистони). – Бундан ташқари қуёш ва шамол энергияси бўйича лойиҳалар устида ҳам ишлаяпмиз. Компаниямиз Ўзбекистондаги биринчи йирик лойиҳа бўйича иш олиб бораяпти. Айни пайтда бу ерда энг сўнгги замонавий технологиялар билан жиҳозланган 1500 МВт қувватга эга станция қурилиши бошланди. Жумладан, газ ва буғ турбиналари Япония ва Германиядан келтирилган. Бу ерда 2 минг нафар фуқаро иш билан таъминланиши кўзда тутилмоқда. Қурилиш ишларининг ўз муддатида якунлаш бўйича барча зарур чора-тадбирлар кўрилган.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, мазкур станциянинг фойдаланишга топширилиши Ўзбекистоннинг электр энергияга бўлган талабини катта қисмини қоплайди. Аҳамиятлиси, катта миқдордаги таббий газ иқтисод қилинади. Тупроқ ва ер ости сувлари ифлосланишининг олди олинади.
Иншоот қурилишида 60 яқин техника, энергетика тизими ривожланган ўнлаб хорижий давлатлардан 300 нафардан ортиқ мутахассис меҳнат қилмоқда.
Бундан ташқари минг нафардан ортиқ маҳаллий ишчилар лойиҳа ишига жалб қилинган. Эътиборлиси, айни пайтгача станция учун керакли ускунлар маҳаллий корхоналар томонидан етказиб берилмоқда. Шунингдек, янги қурилаётган бу иссиқлик электр станциясига юқори кучланишли узатиш нимстанциялари ҳам барпо этилади.
Умумий ер майдони 85 гектардан иборат мазкур станциянинг биринчи навбати 2023 йилда ишга тушириши режалаштирилган.
Таббий газда ишлайдиган энергия блокларга янги авлод – иккита газ турбинаси, иссиқликни қайтарувчи буғ генераторлари ўрнатилади.
Энергия таъминотидан оқилона фойдаланиш ва тежамкорлик маданиятини юксалтириш – давр талаби
Бугун атроф-муҳит тозалигини сақлаш, ўз фарзандларимиз ва келажак авлодларимиз соғлиғини асраш, жамиятимиз равнақи ва юртимиз ривожига ижобий таъсир кўрсатадиган электр энергия таъминотидан оқилона фойдаланиш ва тежамкорлик маданиятини юксалтириш масалаларига онгли муносабатда бўлишни ҳаётнинг ўзи талаб қилаяпти.
Кўпчилик ҳолларда истеъмолчилар электр узилишларидан шикоят қилади. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу ўринда электр энергиясини ишлаб чиқарувчи, етказиб берувчи ва тақсимловчи ташкилотлар электр таъминоти узилишидан манфаатдор эмас. Аксинча, истеъмолчиларга етказиб берилмаган энергоресурслар ишлаб чиқаришда “йўқотилган фойда” ҳисобланади. Электр энергиясини ишлаб чиқариш ва истеъмол ўртасидаги тафовут тизимнинг яхлитлигига, барқарор фаолиятига салбий таъсир этганда маълум техник шартлар асосида, тармоқдан узишлар содир бўлиши мумкин. Бу жараён автоматик тарзда рўй бериб, тизимнинг кейинги барқарор фаолияти учун уни ҳимоялаш шарти билан рўй беради.
Истеъмолчиларнинг тўлов эвазига электр энергиясидан фойдаланиш ҳуқуқидан ташқари энергиятежамкорлик ва энергиясамарадорлик масаласида маълум мажбуриятлари ҳам бор. Зеро, иқтисод қилинган газ ҳам, электр энергияси ҳам халқимизнинг бойлиги.
Шу ўринда қайд этиш жоизки, катта машаққат ва харажат эвазига ишлаб чиқарилаётган электр энергиясини тежаш муҳим аҳамиятга эга. Бунда ҳаракат ва ёруғликни илғовчи сенсорли мосламалардан фойдаланиш давр талаби. Қимматбаҳо энергоресурслардан мақсадли фойдаланиш нафақат хонадон ёки саноат корхоналарида, балки шаҳарсозлик лойиҳаларида ҳам ўз аксини топиши зарур. Ўзбекистонда мавжуд гидроиншоотлар фаолиятидан ташқари қуёш панеллари ва шамол генераторларидан фойдаланувчи “яшил энергия”нинг илк лойиҳалари жорий йилнинг охири ва 2022 йилнинг бошларида фойдаланишга топширилади. 2030 йилга бориб қайта тикланувчи энергия манбаларининг салмоғи мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган электр энергияси умумҳажмининг 25 фоизидан кам бўлмаслиги ҳукумат қарорларида стратегик вазифа сифатида белгиланган.