2021 йил 24 апрель куни Норин-Қорақадарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармасида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун матбуот анжумани ўтказилди. Тадбир Сув хўжалиги вазирлиги тасарруфидаги объектларда давлат-хусусий шериклик лойиҳаларининг амалга оширилишига бағишланди.
Президентимизнинг 2020 йил 10 июлдаги Фармони билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган концепцияси”да сув хўжалигида давлат-хусусий шериклик ва аутсорсингни жорий этиш, алоҳида сув хўжалиги объектларини фермер, кластер ва бошқа ташкилотларга фойдаланиш учун бериш, тежалган маблағларни сув хўжалиги объектларини модернизация қилиш ҳамда ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш ва рағбатлантиришга йўналтириш билан боғлиқ чора-тадбирларни амалга ошириш кўзда тутилган.
Концепция доирасида республика бўйича сув хўжалиги соҳасида 2020 йилда 8 та ва 2021 йилнинг ўтган даврида 3 та, жами 11 та битим имзоланди.
Шунингдек, сув хўжалигида давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини жадаллаштириш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 10 апрелдаги “Сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва сув хўжалиги объектларидан фойдаланишда давлат-хусусий шерикликни кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унга кўра, жорий йилда сув хўжалиги объектларини давлат-хусусий шериклик шартлари асосида бошқарувга бериш бўйича 100 та лойиҳа рўйхати шакллантирилиб, бунда 180 дан ортиқ сув хўжалиги объектларини хусусий шерик бошқарувига берилиши режалаштирилган.
Лойиҳалар бўйича 29 та кластер, 38 та фермер хўжаликлари ва 23 та бошқа тадбиркорлик субъектлари томонидан хусусий ташаббус кўрсатилган. Ташаббускорлар билан музокаралар ўтказилиб, лойиҳа босқичларини белгиланган муддатларда бажариш юзасидан ўзаро келишиб олинган.
Сув хўжалиги вазирлигининг давлат-хуссий шериклик лойиҳалари бўйича бош мутахассиси Баҳромжон Ҳамроқуловнинг таъкидлашича, ушбу лойиҳаларнинг дастлабки умумий қиймати 2 трлн. 362 млрд. 410,0 млн. сўмни ташкил қилади ва хусусий шерик томонидан дастлабки йилларда 348 млрд. 872,6 млн. сўм инвестиция киритилади ҳамда 302 млрд. 030,0 млн. сўм бюджет маблағлари тежалишига эришилади.
Ҳозирда 76 та лойиҳа бўйича лойиҳа ҳужжатлари ишлаб чиқилаётган бўлиб, 24 та лойиҳа бўйича эса музокаралар давом этмоқда.
Андижон вилоятида ҳам сув хўжалиги объектларида давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш бўйича кенг кўламли ишлар бажарилаяпти. Жумладан, 2021 йилда 5 та лойиҳани амалга ошириш ва Асака туманидаги “Ниёз-ботир-1к”, Булоқбоши туманидаги “Жўраполвон”, Марҳамат туманидаги “Машъал-2к” ҳамда Қўрғонтепа туманидаги
“Тош-Охур-1к”, “Тош-Охур-2к” насос станцияларини хусусий шерикликка бериш кўзда тутилган.
Шу кунга қадар, Қўрғонтепа туманидаги “Тош Охур-1к” ва “Тош Охур-2к” насос станцияларини давлат-хусусий шерикликка бериш бўйича “Интерагростарт” МЧЖ билан биргаликда лойиҳани дастлабки баҳолаш бўйича ҳисоб-китоблар ишлаб чиқилди.
- 2021 йилда режалаштирилган лойиҳаларга қўшимча равишда Хўжаобод ва Андижон тумани экин майдонларини сув билан таъминловчи “Зауроқ ГЭС” ҳамда Избоскан ва Пахтаобод туманларидаги экин майдонларини сув билан таъминловчи “Аламайдон” насос станцияларини хусусий шерикликка олиш бўйича “Ўзмахсуссувтаъмиртаъминот” ЁАЖ корхонаси томонидан қизиқиш билдирилмоқда, – дейди Норин-Қорақадарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғи Хушнуд Ҳамидов. – Шунингдек, Норин-Қорадарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармасига қарашли автотураргоҳ ва унинг ҳудудидаги бўш турган бино-иншоотлардан бетон ва бетон маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳамда махсус техникаларга хизмат кўрсатишни давлат-хусусий шериклик асосида йўлга қўйиш бўйича талабгор билан бошланғич ҳужжатларни расмийлаштириш ишлари олиб борилмоқда.