Куни кеча биринчи марта Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев билан “Янги Ўзбекистон” газетаси бош муҳаррири ўртасида тарихий суҳбат бўлиб ўтди. Нашрнинг 17 август сонида эълон қилинган мулоқот бугунги ижтимоий ҳолат ва аҳоли турмушининг барча жиҳатлари яна бир бор диққат марказига тушишига ва иқтисодий тараққиёт ҳамда аҳоли турмуш фаровонлигининг ўсиши учун муҳим омил бўлишига ишонамиз.
“Мамлакатимиз тараққиётини янги, юксак босқичга кўтариш, бунинг учун янги ислоҳотларни амалга ошириш объектив зарурат, энг муҳим стратегик вазифага айланди. Бугунги кунда бутун халқимизнинг қалбидан чуқур жой олган, умуммиллий ҳаракатга айланиб бораётган “Янги Ўзбекистон” ғояси замирида ана шундай улуғ аждодларимиз, умуман олганда, миллий тарихимизда Биринчи ва Иккинчи уйғониш даврларига асос солган аллома боболаримизнинг орзу-интилишлари ва армонлари ҳам мужассам, десак, адашмаган бўламиз.
Инсоният тарихи шундан далолат берадики, ҳар қайси халқ ҳаётидаги маънавий уйғониш жараёнлари миллий ўзликни англашга олиб келади ҳамда мамлакатнинг иқтисодий, маданий тараққиётини янги босқичга кўтаради. Бундай ижтимоий ноёб ҳодиса “Ренессанс” – уйғониш, қайта тикланиш, юксалиш деб аталиши барчамизга аён.
Маълумки, бугунги Ўзбекистон замини қадимда икки буюк уйғониш даврига – Биринчи (маърифий – IX-XII асрлар) ва Иккинчи (Темурийлар – XIV-XV асрлар) Ренессансга бешик бўлган. Бу – жаҳон илм-фанида ўз исботини топган ва тан олинган тарихий ҳақиқатдир.
Ҳозирги вақтда мамлакатимизда яна бир муҳим Уйғониш жараёни кечмоқда. Шунинг учун “Янги Ўзбекистон” ва “Учинчи Ренессанс” сўзлари ҳаётимизда ўзаро уйғун ва ҳамоҳанг бўлиб янграмоқда, халқимизни улуғ мақсадлар сари руҳлантирмоқда”, — дея таъкидлади давлатимиз раҳбари.
Суҳбат чоғида “инсон ҳуқуқ ва эркинликлари”, “қонун устуворлиги”, “очиқлик ва ошкоралик”, “сўз эркинлиги”, “дин ва эътиқод эркинлиги”, “жамоатчилик назорати”, “гендер тенглик”, “хусусий мулк дахлсизлиги”, “иқтисодий фаолият эркинлиги” сингари фундаментал демократик тушунчалар ва ҳаётий кўникмалар ҳозирги вақтда реал воқеликка айланиб бораётгани алоҳида урғуланди.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий ислоҳотлар жараёнида “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган муҳим конституциявий тамойилни жорий этишга устувор аҳамият берилмоқда. Бунинг сабаби нимада? деган саволга юртбошимиз, “Мен кўп йиллар давлат бошқарувининг энг қуйи бўғинидан бошлаб, ўрта ва энг юқори поғонагача – барча босқичларда масъул лавозимларда ишлаганман, Олий Мажлис депутати ҳам бўлганман. Шунинг учун ҳам эски бошқарув тизимининг барча нуқсон ва камчиликларини, аҳолини қийнаётган дарду муаммоларни қуйи бўғиндан бошлаб, ич-ичидан, бошқалардан кўпроқ биламан, деб тўлиқ ишонч билан айта оламан”, — деган фикрлари кўп миллионли халқимизнинг қалбини тўлқинлантириб юборди, десам хато бўлмас.
Айниқса, бугунги кунда биз эришган энг муҳим натижа – демократик ислоҳотларимиз ортга қайтмайдиган тус олганлиги, бугун одамлар уйғонмоқда, жамият уйғонмоқда, маънавий уйғоқ жамият — бу, ҳеч шубҳасиз, қудратли кучдир, олдимизда турган ишларнинг барчасини ўзимиз, ўз кучимиз билан қилишимиз кераклиги, ҳеч ким четдан келиб биз учун биронта муаммони ҳал қилиб бермаслиги борасида билдирилган фикрлар айни халқимизнинг дилидаги гаплар сингари янгради.
Ўзбекистон Марказий ва Жанубий Осиё минтақаларидаги интеграция ва ҳамкорлик жараёнларини фаоллаштиришда тобора муҳим роль ўйнамоқда. Шу йил 15-16 июль кунлари Тошкент шаҳрида “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусида ўтказилган халқаро конференция, шунингдек, дунёнинг кўплаб мамлакатларидаги юртдошларимизни қўллаб-қувватлаш ва улар билан алоқаларимизни янада мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилган “Ватандошлар” жамғармаси, ҳар йили Халқаро дўстлик куни сифатида кенг нишонланадиган 30 июль санаси Ўзбекистонда “Халқлар дўстлиги куни” деб эълон қилиниши, Оролбўйи минтақасида инсон хавфсизлигини таъминлаш бўйича кўп томонлама Траст фонди фаолияти йўлга қўйилганлиги ва бошқа кўпгина масалалар суҳбатда қамраб олинди.
Таълим соҳасига тўхталиб, давлатимиз раҳбари “Қутлуғ анъаналарни давом эттириб, юртимизда янги хоразмийлар, фарғонийлар, берунийлар, ибн синолар, мирзо улуғбеклар, навоийларни тарбиялаб етказиш – нафақат вазифамиз, балки тарих ва келажак олдидаги муқаддас бурчимиздир”, — дея таъкидлади.
Суҳбатда ҳар бир ҳокимнинг кабинети “Халқ қабулхонаси”га айланиши лозимлиги, коррупция балосини жамиятимиз ҳаётидан йўқ қилиш ва бошқа кўпгина ижтимоий муаммолар тилга олиндики, буларнинг барчаси истиқболда халқимизнинг фаровонлигига хизмат қилади, албатта.
Зебинисо АҲМАДОВА,
БухДУ битирувчи курс магистранти, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзоси, Фан-таълим масалалари қўмитасининг матбуот котиби