Тадбирда дўстлик жамияти раиси Анил Шастри, мамлакатимизнинг Ҳиндистондаги элчиси Дилшод Аҳатов ва дўстлик жамияти аъзолари иштирок этди.

Йиғилиш чоғида дўстлик жамияти томонидан олиб борилаётган жорий фаолият ҳамда 2022 йил давомида кўзда тутилган ишлар ва тадбирларнинг режаси атрофлича муҳокама қилинди.

Хусусан, Дилшод Аҳатов жорий йил февраль ойида Лал Баҳодур Шастри номидаги Менежмент институтида ўзбекистонлик ёшлар учун АКТ йўналишида бепул онлайн ўқув курслари ташкил этилганлиги муносабати билан дўстлик жамиятининг раиси ва мазкур олий ўқув юртининг раҳбари Анил Шастрига алоҳида миннатдорлик билдирди. Таълим, фан ва маданият йўналишларидаги бундай амалий ташаббуслар Ҳиндистон-Ўзбекистон дўстлик жамияти фаолиятида муҳим ўрин тутиши таъкидланди.

Ўз навбатида, Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганлигининг 30 йиллиги муносабати билан ҳамда “Наврўз” умумхалқ байрамининг нишонланиши доирасидаги қўшма тадбирларнинг ташкилий жиҳатлари юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Учрашувда Ўзбекистон ва Ҳиндистондаги тегишли олий таълим муассасаларининг профессор ва талабаларини алмашувини ташкил қилиш орқали амалий алоқаларни ўрнатиш, тарих ва умумий қадриятларимизга алоқадор бўлган асарларни ўзбек, ҳинд ва инглиз тилларига таржима қилиш бўйича таклифлар муҳокама қилинди. Бу борада Анил Шастри ўзбекистонлик тадқиқотчи, олимлардан иборат делегациянинг Ҳиндистонга ташрифини ташкил қилишга тайёр эканини билдирди.