Аҳоли томорқасида етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари хорижга экспорт қилинишига ҳам шу тамойил кенг йўл очмоқда.
Ангор туманидаги Баҳор маҳалласининг асосий драйвери деҳқончилик. 300 гектардан ортиқ аҳоли томорқасида карам, саримсоқпиёз, дайкон, редиска ва шолғом, лавлаги кабилар экилади. Биргина 2022 йилда маҳалла деҳқонлари томонидан 92 миллиард сўмлик 28 минг тонна маҳсулот етиштириб, 20 минг тоннаси экспортга чиқарилган. Маҳалладаги ҳоким ёрдамчисининг айтишича, жорий йилда 35 минг тонна маҳсулот етиштириш режалаштирилган.
Кафолатли бозор таъминланса, миришкор меҳнатдан қочмайди
— Маҳалламизда логистика маркази ва хизмат кўрсатиш йўлга қўйилган, — дейди Баҳор маҳалласидаги ҳоким ёрдамчиси Ҳамид Муҳаммадиев. — “Surxon golden trade” МЧЖнинг логистика марказида 10 минг тоннагача мева-сабзавотни сақлаш қувватига эга музлаткич омбор мавжуд. Деҳқонлар етиштирган маҳсулот мавсумнинг ўзидаёқ экспортга йўналтирилмаса, махсус хоналарда сифатли ҳолда сақланади. Жамиятда хизмат кўрсатиш ҳам йўлга қўйилган бўлиб, аҳолидан маҳсулотлар йиғиб олиниб, юртимиз ва жаҳон бозорларига олиб чиқиш учун тайёрланади. Логистика марказида 400 дан ортиқ киши иш билан таъминланган. Миришкорларимиз етиштираётган маҳсулот учун аниқ ва кафолатланган бозор мавжуд. Шунинг учун маҳалла аҳли меҳнаткаш. Улар учун кафолатли бозор таъминланса, ҳар қандай “инжиқ” экин, тупроқ билан тил топиша олади.
Президентимизнинг 2021 йил 15 декабрдаги “Мева-сабзавотчилик соҳасини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, тармоқда кластер ва кооперация тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори соҳада маҳсулот ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, сақлаш, хизмат кўрсатиш ва сотиш (экспорт қилиш) жараёнларини ўзаро интеграция қилиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилмоқда. Ҳужжатга кўра, жорий йил 1 январдан бошлаб Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан тижорат банклари орқали фермер, деҳқон хўжаликлари ва бошқа маҳсулот етиштирувчиларга мева, узум, сабзавот, картошка, полиз экинлари, кўкатлар ва доривор ўсимликлар, дуккакли ва мойли экинлар етиштириш учун кредитлар ажратиш тизими йўлга қўйилди. Шунингдек, қарорда мева-сабзавотни қайта ишловчи, сақловчи ва экспорт қилувчиларга етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини харид қилишда талаб этиладиган айланма маблағларни тўлдириш учун револьвер кредит ажратилиши ҳам белгилаб қўйилган. Соҳа вакиллари учун яратилаётган бу каби имкониятлар уларни ердан янада самарали фойдаланиш, салмоқли ва сифатли ҳосил олиш орқали кўпроқ даромад топишга ундамоқда.
Бир мавсумда 80 миллионгача даромад
Маҳаллада яшовчи Гулхол Равшановага қарашли 20 сотих томорқада июнь ойи бошида 20 мингга яқин карам ниҳоли экилган. Сентябрь ойига келиб бир дона карам 3 килограммгача тош босади.
Асосий вақти ниҳол парваришлаш билан ўтадиган деҳқон опанинг турмуши, ўй-фикрлари ерга боғланган. Суҳбат чоғида миришкор оила фаровонлиги, дастурхон тўкинлиги ва рўзғор кам-кўстини тўлдиришда томорқадан олинаётган даромаднинг ўрни беқиёслиги, деҳқоннинг хазинаси ер эканини кўп таъкидлади. Гулхол опанинг сўзларини тинглаб, у деҳқон оиласида катта бўлган, ёшлигидан ер билан тиллашиш ҳадисини олган, деган хаёлга бордик. Ундай эмас экан.
— Асл касбим — ўқитувчи. Ҳозир нафақадаман. Қўшни тумандан келин бўлиб тушганман. Зиёли оилада катта бўлганман. Томорқамиз кичкина эди. Деҳқончилик билан шуғулланмасдик. Бу ерга келгач, маҳалла аҳли етиштираётган экинлар, олаётган ҳосилни кўриб, деҳқончиликка меҳрим ошган. Томорқадан қўшимча даромад олиш истаги пайдо бўлган. Қўни-қўшни, маҳалла аҳлидан миришкорлик сабоғини олиб, иш бошлаб юборганман. Бир мавсумнинг ўзида 80 миллионгача даромад оламиз. Маҳалламизда логистика маркази бор. Маҳсулотларимиз тўғридан-тўғри хорижга экспорт қилинмоқда. Авваллари сабзавот мўл ва бозорбоп бўлса ҳам туманимиз бозоридан четга чиқишга қўрқар эдик. Ҳозир эса оддий қишлоқ деҳқони етиштирган маҳсулот жаҳон бозорларига кириб бормоқда. — дейди Г.Равшанова.
Экин етиштирсам, завқ оламан
Маҳалланинг яна бир миришкори Панжи Искандаров ҳар мавсумда 100 миллион сўмгача даромад кўради. Ёши улуғ бу отахон меҳнаткашликда болаларию невараларига ўрнак.
— 65 сотих ерга карам, лавлаги ва дайконнинг турли навларини экканмиз. — дейди бобо. — Ҳар мавсумда 20 тоннагача маҳсулот етиштирамиз. Экинларимга қарасам, бор чарчоғимни унутаман. Томорқангиз яшилликка бурканиб, кўзни қувонтириб турса яхши-да. Баъзан болаларим “бўлди энди, дам олинг, кетмону белкурак кўтариб юришни бас қилинг, бирор ерингиз оғриб қолади”, дейишади. Йўқ, мен уйда бекор ўтирсам, соғлиғимни йўқотаман. Экин етиштирсам, завқ оламан, ҳосилга киргани сайин меҳнатга иштиёқим янада ортаверади. Ердан самарали фойдаланаётган ҳеч бир маҳалладошимиз кам бўлаётгани йўқ: уй қуриб, тўйлар қиляпти, машина оляпти, фарзандларини ўқитяпти. Хуллас, деҳқончилик ортидан орзулари рўёбга чиқмоқда.
Бутун дунёда аҳолини озиқ-овқат билан таъминлаш энг долзарб масала бўлиб турган бир пайтда томорқадан унумли фойдаланиш — муносиб ечим. Қолаверса, бизда аҳоли даромадининг 40-50 фоизи озиқ-овқат маҳсулотларига сарфланади. Қишлоқ хўжалигидаги ҳосилдорлик элимиз дастурхони тўкин бўлишини таъминлайди. Демак, соҳада яратилган имкониятлардан унумли фойдаланиб, маҳсулот етиштириш маҳалладан жаҳон бозорлари сари йўл очиш катта самара беради.
Бозорга бир маҳсулотни вақтида, харидор талабига мос ҳолда олиб чиқиш учун шунчаки меҳнатнинг ўзи камлик қилади. Экин парвариши учун ҳам изланиш керак. Маҳалла аҳли ана шу изланишдан қочмайди. Бу борада ҳудуд аҳолисининг бир турдаги маҳсулот етиштириши қўл келади. Боиси, улар бир-бирига маслаҳатгўй, тўғри йўл кўрсатувчи, шу билан бирга, рақобатчи ҳам бўлади. Мана шу жиҳатлар уларни доим ҳаракатда бўлишга, йилда уч бор ҳосил олишга ундайди.
Феруза ЖЎРАЕВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири