Коррупциянинг олдини олишнинг энг самарали усулларидан бири давлат органлари ва муассасалари мансабдор шахслари устидан молиявий ва бошқа назорат чораларини кучайтиришдир. Президентимизнинг 2020 йил 29 июндаги «Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонида Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг асосий вазифа ва фаолият йўналишларидан бири этиб давлат хизматчиларининг даромад ва мол-мулкини декларация қилиш тизимини жорий этиш ва самарали фаолият кўрсатишини ҳамда декларацияларнинг ҳаққонийлиги текширилишини ташкил қилиш, шунингдек, ушбу жараёнда аниқланган коррупция ҳолатларига ўз вақтида таъсир чоралари кўрилишини таъминлаш белгиланди.

Шунингдек, агентликка Адлия вазирлиги, Бош прокуратура ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда халқаро экспертларни жалб этган ҳолда уч ой муддатда «Давлат хизматчиларининг даромадлари, мол-мулки ва манфаатлар тўқнашувини декларация қилиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифаси юклатилди.

Давлат хизматчиларининг мулкий декларация тизими коррупциянинг олдини олиш, ноқонуний бойиш ва манфаатлар тўқнашувини аниқлашнинг қудратли воситасидир. Жаҳон банки маълумотларига кўра, 160 дан ортиқ мамлакат активлар декларацияси талабларини жорий этган. ЕХҲТга аъзо мамлакатларнинг аксариятида активларни декларациялашнинг кенг жамоатчилик учун ошкора тизими йўлга қўйилган. Декларацияларнинг оммавийлиги, яъни жамоатчилик учун очиқлиги уларнинг коррупцияга қарши курашишдаги аҳамиятини янада оширади. Зеро, фуқаролик жамияти ва журналистлар кўпинча коррупцияга қарши курашувчи органлар томонидан декларацияларнинг ҳаққонийлигини расмий текширишнинг бошланишига олиб келадиган номувофиқликларни аниқлашда асосий роль ўйнамоқда.

Коррупцияга қарши амалдаги халқаро стандартлар, жумладан, БМТнинг Коррупцияга қарши конвенцияси ва бошқа қатор ҳуқуқий ҳужжатларда давлат хизматчилари томонидан активларнинг эълон қилиниши коррупцияга қарши самарали восита экани эътироф этилган.

Айтиш керакки, активларни декларациялаш тизими аксарият мамлакатларда мавжуд бўлишига қарамай, бу борада ягона стандартлар мавжуд эмас. Ҳар бир мамлакат декларация тизими ўзига хос хусусиятларга эга. Бироқ бу борада барча тизимларнинг умумий мақсади иккита асосий масала атрофида бирлашган: ноқонуний бойишнинг олдини олиш ва манфаатлар тўқнашувини ҳал қилиш.

Шу ўринда ушбу икки тушунчага изоҳ бериб ўтсак. Ноқонуний бойлик орттириш -давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи мансабдор шахсининг даромад ва мол-мулк декларациясида назарда тутилган пул маблағи ёки мулкидан ортиқ бойлик орттириши ва мансабдор шахс ушбу мол-мулкининг қонуний манбалари ҳақида ишонарли далилларни тақдим қила олмаслиги.

Манфаатлар тўқнашуви — шахсий (бевосита ёки билвосита) манфаатдорлик шахснинг мансаб ёки хизмат мажбуриятларини лозим даражада бажаришига таъсир кўрсатаётган ёхуд таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳамда шахсий манфаатдорлик билан фуқароларнинг, ташкилотларнинг, жамиятнинг ёки давлатнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ўртасида қарама-қаршилик юзага келаётган ёки юзага келиши мумкин бўлган вазият.

Айни кунларда мамлакатимизда кенг жамоатчилик иштирокида қизғин муҳокама қилинаётган «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги қонун лойиҳасида давлат фуқаролик хизматчилари ва уларнинг оила аъзоларининг даромадлари, мол-мулки ва кўп миқдордаги харажатларини декларация қилиш тартиби жорий этилиши кўзда тутилмоқда. Унга мувофиқ, давлат фуқаролик хизматчилари ҳар йили ўзининг ва оила аъзоларининг даромадлари, мол-мулки ва кўп миқдордаги харажатлари ҳақида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда декларация топшириши шарт. Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланган рўйхатда айрим тоифадаги давлат фуқаролик хизматчилари, шу жумладан, уларнинг яқин қариндошларининг кенгайтирилган доирасига нисбатан даромадлар, мол-мулк ва кўп миқдордаги харажатларни декларация қилиш юзасидан қўшимча талаблар белгиланиши мумкин.

Декларация топширилгани ҳақидаги маълумотлар номзоднинг давлат фуқаролик хизматига киришидан олдин кадрлар бўлинмалари томонидан текширилади. Давлат фуқаролик хизматчиси давлат фуқаролик хизматини тугатган кундан бошлаб ўн иш куни ичида охирги ўн икки ой учун декларация тақдим этади. Бу жараён тўғри ва тўлиқ амалга оширилгани қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат солиқ органи томонидан текширилади. Давлат фуқаролик хизматчилари ва оила аъзоларининг даромадлари мол-мулки ва кўп миқдордаги харажатлари тўғрисидаги декларацияда келтирилган маълумотлар белгиланган тартибда чоп этилади, махфий ва қонун билан ҳимоя қилинадиган бошқа турдаги маълумотлар бундан мустасно.

Хулоса қилиш мумкинки, жисмоний шахсларнинг даромад ва харажатлари тўғрисида декларация амалиёти бутун дунёда коррупция ҳуқуқбузарликларига қарши курашишда кенг тарқалган институтдир. Декларация, унда баён этилган маълумотларнинг ошкоралиги давлат хизматига кўрсатган хизматлари асосида кириш учун зарурий шарт ҳисобланади.

Шунингдек, жаҳон амалиётида парламент аъзолари учун ҳам тадбиркорлик ва хусусий шахслар манфаатларини ҳимоя қилишни чеклашга қаратилган активларни декларациялаш тизими кенг тарқалган. Жисмоний шахсларнинг умумий декларацияси шаффофлик, ҳисобдорлик ва давлатнинг иқтисодий ўсишини кафолатлайдиган муҳим восита саналади. Хорижий давлатларда давлат мансабдор шахсларининг декларация тизимига тўлиқ ва бепул кириш имконияти учун ташкилий-ҳуқуқий тартиб-таомиллар ҳам ишлаб чиқилган.

Давлат хизматчиларининг барча тоифалари учун активларни декларация қилиш тизимини жорий этиш катта ресурсларни талаб қилади. Бу жараённи тегишли тайёргарлик ишларини кўрмасдан амалга ошириш қийин. Активлар декларациясини киритишда дастлаб ижро ҳокимияти, прокуратура, хавфсизлик идораларининг давлат хизматчилари, шунингдек, давлат иштирокидаги хўжалик юритувчи субъектларнинг раҳбарлари билан чекланиш таклиф этилади.

Мустақиллик ва дахлсизлик муаммоси билан боғлиқ ҳолда парламент аъзолари ва судьялар учун активлар декларациясини жорий этиш кейинги босқичда амалга оширилиши мумкин ва буни тегишли органларнинг институтлари орқали амалга оширилиши мақсадга мувофиқ.

Активлар декларациясининг киритилиши муносабати билан нотўғри маълумотлар тақдим этганлик ёки декларация тақдим этмаганлик учун дастлаб интизомий, маъмурий чораларни қўллаш лозим бўлади. Кейинчалик юқори лавозимли мансабдор шахсларга нисбатан нотўғри маълумотлар тақдим этганлик ёки декларация тақдим этмаганлик учун жиноий жавобгарлик жорий этилиши мумкин.

Баҳодир ИСМОИЛОВ,

Бош прокуратура академияси

Коррупцияга қарши курашиш илмий таълим маркази бошлиғи

Умид АБДУРАҲИМОВ,

Бош прокуратура академияси магистранти