Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизматининг берган хабарига кўра, делегация аъзолари юртимиз Соғлиқни сақлаш вазири Абдуҳаким Хаджибаев ҳамроҳлигида Зангиота туманидаги юқумли касалликлар шифохонасида ҳам бўлиб, коронавирусни даволаш борасидаги Ўзбекистон тажрибаси билан танишди.
Зангиота туманидаги юқумли касалликлар шифохонасининг умумий қиймати 504 миллиард сўм бўлиб, 33 гектар майдондаги 2 та комплексни ўз ичига олади. Бунда юқумли касалликлар хусусияти ва замонавий тиббиёт талаблари инобатга олинган. Муассаса 4 минг ўринга мўлжалланган.
Реанимация бўлимларида ҳар бир койка сунъий ўпка вентиляцияси ва даволаш аппаратлари билан жиҳозланган. Бу бўлимни кардиология, неврология, педиатрия каби турли йўналишлар бўйича жиҳозлаш ҳам мумкин.
Лабораторияда вирусология, биокимё ва иммунология, микробиология, паразитология бўйича энг илғор аппаратлар ўрнатилган. Масалан, амалдаги полимер занжирли реакция ускунаси 5 соатда ўртача 40 кишига ташхис қўйса, бу ердаги замонавий жиҳозлар 2 соатда 90 та намунани аниқлаш имкониятига эга. Экспресс-тест усулида қондаги антитаначаларни 10 дақиқада аниқлаш имкони яратилган. Полимер занжирли реакциянинг антиген экспресс тести йўлга қўйилган бўлиб, 5 дақиқада инсонда коронавирус бор ёки йўқлиги аниқланади.
Шунингдек, қабул-диагностика бўлимида мультиспирал компьютер ва магнит резонанс томография, рақамли рентген ҳамда замонавий ультратовуш диагностикасини бир вақтнинг ўзида бажариш мумкин.
Меҳмонлар Ўзбекистонда қисқа фурсатларда шундай улкан мажмуанинг барпо этилгани таҳсинга лойиқ эканини таъкидлашди.
Делегация сафари давом этмоқда.