Олимларнинг хулосалари BMJ журналида чоп этилди.

“Бизнинг тадқиқотимиз рациондаги омега-3 ёғ кислоталарининг юқори даражаси сурункали буйрак касаллиги ривожланиш хавфини камайтиришини кўрсатди. Бу денгиз маҳсулотлари учун тааллуқли эди, лекин ўсимликка асосланган озиқ-овқатлар ҳам ушбу моддаларни ўз ичига олади. Умуман олганда биз тўплаган маълумотлар денгиз маҳсулотларининг буйраклар саломатлиги учун фойдали эканини исботлади”, деб ёзади тадқиқотчилар.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маълумотларига кўра, ҳозирда 880 миллионга яқин бемор сурункали буйрак касаллигидан азият чекмоқда. Бу касалликларга чалинганлар сони дунёнинг кўп жойларида тез суръатлар билан ўсиб бормоқда. Семизлик ва диабет буйрак касалликларининг ривожланиши учун иккита муҳим хавфли омиллардан саналади. Буларнинг барчаси олимларни ушбу сурункали касалликларнинг олдини олиш ва даволашнинг янги усулларини излашга ундамоқда.

Австралиянинг Сидней шаҳридаги Янги Жанубий Уэльс университети профессори Жейсон Ву бошчилигидаги гуруҳ омега-3 ёғ кислоталарининг турли хил озиқ-овқат манбалари буйраклар соғлиғига қандай таъсир қилишини ўрганиб чиқди. Бундай маълумотларни олиш учун олимлар дунёнинг 12 та мамлакатида яшовчи 25 мингдан ортиқ одамнинг буйраклари ҳолатини таҳлил қилишди.