Фавқулотда вазиятлар вазирлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, шу йилнинг 7 апрель куни соат 08:24 да «112» тизими орқали вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармасига Денов тумани «Оқтом» МФЙ ҳудудидаги АГҚШда «КАМАЗ» русумли пропан газ ташувчи махсус автомобилдан сиғимга газ қуйиш жараёнида чақнаш содир бўлгани ва оқибатда ёнғин келиб чиққанлиги ҳақида хабар келиб тушган.

Ҳодиса жойига 5 та қутқарув бўлинмаси соат 08:39 да етиб борган. Ёнғин соат 08:42 да ўраб олинган бўлиб, айни вақтда уни тўлиқ бартараф этиш ишлари давом эттирилмоқда.

Дастлабки маълумотларга кўра, сиғимдаги портлашга газни бўшатиш вақтида технологик жараён талабларининг бузилиши сабаб бўлган бўлиши мумкин. 

Воқеа жойида вилоят ФВБ раҳбар ходимлари, Денов тумани ИИБ, ССБ ҳамда «Ҳудудгазтаъминот» ташкилоти вакиллари иш олиб бормоқда. Ҳодиса оқибатида 2 нафар фуқаро, шундан бир нафари 10 фоиз, яна бир нафари 3-4 фоиз енгил куйиш тан жароҳати олган. Уларни соғлигига хавф йўқ, ҳозирда аҳволи яхши. Ҳалок бўлганлар йўқ.