Ўзбекистон республикаси вазирлар маҳкамасининг давлат тилини ривожлантириш департаменти тилимиз тараққиёти, унинг нуфузини ошириш борасида қатор тизимли ишларни амалга оширмоқда. Шу пайтга қадар давлат тили билан боғлиқ 10 дан зиёд энг ноёб китоблар, қўлланмалар чоп этилиб, тегишли жойларга бепул етказилгани департамент фаолиятининг амалдаги юксак кўриниши бўлди.
Яқинда департамент ходимлари, давлат тили бўйича маслаҳатчилар, таниқли тилшунос олимлар, том маънода тилимиз фидойиларининг 2020 йилда мамлакатимиз оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган она тилимизни ривожлантириш, унинг халқаро миқёсдаги ўрни ва нуфузини янада ошириш масалаларига бағишланган ранг-баранг мақолалари тўплами Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан нашр этилди.
“Миллий ўзлик ва мустақил давлатчилик тимсоли” деб номланган мазкур тўплам тақризчилари — Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти мудири, профессор Абдуғаффор Қирғизбоев, “Янги Ўзбекистон” ва “Правда Востока” газеталари Бош муҳаррири, филология фанлари бўйича фалсафа доктори Салим Дониёров. Тузувчилар — Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти бош мутахассиси Рустам Мирвоҳид, “Янги Ўзбекистон” газетаси таҳририяти бўлим мудири Нодир Маҳмудов. Масъул муҳаррир Ўзбекистон республикаси маданият вазири маслаҳатчиси, филология фанлари доктори М.Йўлдошев.
Ўйлаймизки, департамент буюртмаси билан чоп этилган мазкур тўплам тилимиз ривожи йўлида меҳнат қилаётган жонкуяр юртдошларимиз учун муносиб туҳфа бўлади.