Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиали директори, вилоят кенгаши депутати Аброржон Алижонов раҳбарлигидаги бир гуруҳ шифокорлар маҳаллий ҳамкасблари иштирокида тиббий асбуб-ускуна ва лаборатория текшируви аппаратлари билан Баҳриободга келиб кун давомида аҳолини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказди.

Тиббий тадбир кексаю ёшда катта қизиқиш уйғотди. Шифокорлар ташрифи саломатлик байрамига айланиб кетганлиги бежис эмас. Одамлар ўзлари ва яқинлари саломатлигини текширувдан ўтказишга ошиқишди.

Жарроҳ, акушер-гинеколог, педиатр, қон-томир жарроҳи, кардиолог,  терапевт, невролог, нейрожарроҳ, травматолог ва бошқа тор соҳаларнинг энг тажрибали мутахассислари тўлиқ жамланган ҳолда илк бора бу ерга етиб келишди.

УЗИ, ЭКГ ва лаборатория текширувларидан ўтган аҳоли вакиллари тор соҳа мутахассислари ҳузурига йўлланди. РШТЁИМ нейрожарроҳлик бўлими мудири Комилжон Абдусатторовнинг қабулини кузатамиз. Унинг олдида оғир дардга чалинган бемор ўтирибди. Шифокор суҳбатдан сўнг, Нигора Солиеванинг саломатлигини акс эттирувчи рентгент плёнкасини обдон ўрганиб, диск чурраси ҳақидаги таҳминлари тўғри чиққанлигига амин бўлди.

Унга умуртқа остеохондрози, асоратланган диск чурраси ташхиси қўйилди. Муаммого шу ернинг ўзида ечим топилди.  Нигора икки кундан кейин РШТЁИМ Наманган филиалида имтиёзли равишда соғломлаштирилишини эшитиб қувонди.

– Шифокорларга минг раҳмат. Дардимга даво топилди. Эл саломатлиги учун қайғураётган, одамларнинг дардига дармон бўлаётган давлатимиз раҳбарига ҳар қанча миннатдорлик билдирсак, оз,- дейди Н.Солиева.

Бундай дил изҳорларини травматолог Неъматжон Юсупов хизматидан мамнун бўлган Ҳалимахон ая Қобулова, кардиолог Маликжон Ортиқов тавсияларини олган Асқаржон ота Мадаминов ва набираларини тиббий кўрикка олиб келган Абдумутал ака Эрматов ва бошқалар ҳам баён этишди.

Кун давомида тиббиёт ходимлари фаол иш олиб боришди. Жарроҳ Аҳадхон Исмонов, қон-томир жарроҳлиги ва микрохирургияси бўлими мудири Абдулҳоди Йўлдошев, акушер-гинеколог Раъно Бузурхонова, педиатр Бобуржон Хўжаев, терапевт Шоҳида Абдусаматова, невропатолог Бахтиёр Ёқуббоев, врач-лаборант Акрамжон Аҳмадалиев, жарроҳ Улуғбек Бозорбоевларнинг саъй-ҳаракатлари билан икки юз нафардан зиёд кексалар, аёллар ва болалар тиббий кўрикдан ўтказилди. Аниқланган касалликларни даволаш ва касалликка мойиллиги бор инсонларни соғломлаштириш чоралари кўрилди.

– Шифокорларимизнинг ташрифидан аҳоли беҳад мамнун бўлдим,  - дейди маҳалла фуқаролар йиғини раиси ўринбосари Асияхон Отахонова. – Ҳудудда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш борасида олиб бораётган ишларимиз доираси янада кенгайди. Туман Кенгаши депутати, Қўғайўлмас оилавий шифокорлик пункти мудири Фотимахон Ғафурова билан кўкрак бези саротонининг олдини олиш ва хавф гуруҳига кирувчи одамларни скрининг текширувларидан ўтказиш босқичма-босқич давом этмоқда.

РШТЁИМ Наманган филиали директори Аброржон Алижоновнинг таъкидлашича, бу режалаштирилган эзгу ишларнинг дебочаси. Яқин кунларда туманнинг бошқа ҳудудларида яшовчилар ҳам малакали тиббий хизматдан баҳраманд бўладилар.

 Абдулла ҒОЗИЕВ