Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракцияси аъзолари Сирдарё вилоятидаги учрашувлари давомида “Сардоба” СИУ ҳудудидаги “Оқолтин поултри” фермер хўжалигининг 4.5 гектар ер майдонини ишсиз ёшларга ажратиб бериш жараёнида қатнашди.

–Мамлакатимиз аҳолиси сони ортиб бориши билан бир қаторда унинг меҳнат бандлигини таъминлаш масаласи ҳам долзарб аҳамият касб этади, – дейди парламент қуйи палатасининг Агар ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси аъзоси Бегали Қодиров. – Бу борада давлатимиз раҳбарининг айнан ишсизлик муаммосини ҳал этишга қаратилган чора-тадбирлари ижобий натижалар бераётганини кўриб, гувоҳи бўлиб турибмиз. Бугунги учрашув давомида 9 нафар ёшга 50 сотихдан ер майдони ажратиб берилиб, йигит-қизларга сабзавот, полиз, дуккакли ва бошоқли дон экинлари экиш учун зарур тавсиялар берилди.

Куннинг иккинчи ярмида халқ вакиллари Оқолтин туманида ўтказилган “Депутатлар ва тадбиркорлар мулоқоти” форумида иштирок этиб, бизнес вакиллари билан мулоқот қилди, мавжуд муаммоларни ҳал этиш чораларини кўрди.  

“Навоий” маҳалласида яшовчи Г.Эломонова икки йилдан буён Сардоба шаҳарчаси марказида ижара асосида гўзаллик салони очиб фаолият юритиб келмоқда. Энди у ўз фаолиятини янада кенгайтириб, қўшимча 4 нафар ёшни иш билан таъминламоқчи.Ҳатто ер олиш масаласида туман ҳокимлигига ҳам мурожаат қилган. Лекин орадан шунча вақт ўтса-да негадир унинг мурожаати ечим топмаяпти.

Йиғилишда кўтарилган бу масалани туман ҳокими ўринбосари – маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими раҳбари А.Ибодуллаев ўз назоратига олиб, ҳал этишга ваъда берди.

Хусусий тадбиркор М.Тошходжаева тикувчилик фаолиятини кенгайтириш учун кредит олмоқчи. Шу масала билан мутасаддиларга юзланган тадбиркорнинг мурожаатини халқ вакиллари жойида қаноатлантирди.

Мулоқотлар чоғида депутатлар йиғилганларга айни дамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида муҳокама қилинаётган “Қишлоқ хўжалиги кооперацияси тўғрисида”ги қонун лойиҳаси юзасидан тушунчалар берди. Мазкур ҳужжатни янада такомиллаштириш юзасидан тадбиркор ва фермерларнинг таклифларини олишди.

Учрашувлар доирасида халқ ноиблари Сирдарё туманида давлат-хусусий шерикчилик асосида ишга тушган мактабгача таълим муассасалари фаолияти билан яқиндан танишди.

Туманнинг “Навоий” ва “Деҳқонобод” МФЙда яшовчи фуқаролар учун давлат-хусусий шерикчилик асосида ташкил қилинган “Камалак – 2021” номли мактабгача таълим муассасасида болажонлар учун барча шароитлар яратилган.

Ҳозирги кунда оилавий боғчага 44 нафар ўғил-қизлар қамраб олинган бўлиб, уларга 6 нафар тарбиячи сабоқ бериб келмоқда. Эътиборлиси, мазкур оилавий боғчада ҳафтанинг ҳар шанба кунлари  болалар учун бепул хизмат кўрсатиш йўлга қўйилган.

Бахт шаҳридаги “Ҳулкар Лобар” МЧЖга қарашли 100 ўринга мўлжалланган “Растишка” мактабгача таълим муассасасида эса хорижий тилларни чуқур ўргатишга асосий эътибор қаратилади. Айни кунларда МТМга фарзандларини бериш истагини билдирган фуқаролар сони 300 нафардан ортиқ. Тадбиркор шуларни инобатга олиб ўзига тегишли бўлган “Расти Солнишка” МЧЖ томонидан 150 ўринга мўлжалланган давлат- хусусий шерикчилик асосидаги мактабгача таълим ташкилотини очиш ҳаракатида.

Суҳбат ва мулоқотлар давомида Н.Маъмирова керакли барча ҳужжатларни тегишли банкка топширганини, лекин маблағ ажратиш масаласи ортга сурилаётганини билдирди. Депутатлар ушбу масалани ўз назоратига олиб, ижобий ҳал этиш бўйича зарур чоралар кўришини маълум қилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракцияси аъзоларининг ҳудудлар бўйлаб ўрганишлари давом этмоқда.