Олий таълим муассасаларида ўқиш учун имтиёзли кредитлар бериш масаласига доир сўров юбориш қарори Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бугунги мажлисида маъқулланган.

Маълумки, амалдаги ҳужжатларда тижорат банклари томонидан 2020 йил 1 январдан бошлаб талаба кредити фоиз харажатларининг бир қисмини “Ёшлар – келажагимиз” жамғармаси маблағлари ҳисобидан компенсация қилиш механизмидан фойдаланиш имконияти билан бозор фоиз ставкаларида ажратилиши белгиланган.

Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов фикрича, бу механизмнинг ҳуқуқий асослари ҳанузгача ишлаб чиқилмаган. Бу ҳолат келгусида “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонуннинг 23-моддаси ижросининг амалда таъминланмаслигига олиб келиши мумкин.

Шулардан келиб чиқиб Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Б.Мусаевга “Ёшларнинг таълим олиши учун янада кенг имкониятлар яратиш мақсадида олий ўқув юртлари талабаларига таълим кредитларини ажратиш борасидаги ишлар тўғрисида” Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг парламент сўровини юбориш ҳақида қарор қабул қилинди.