Хусусан, бу борадаги ишларга депутатларнинг ҳам масъуллиги муаммоларнинг тез фурсатларга ҳал этилишида катта аҳамият касб этаётир. Айниқса, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг ўз сайлов округларида сайловчилар билан ўтказаётган учрашувлари чекка-чекка ҳудудларда ҳам ислоҳотларнинг бўй кўрсатишига, қишлоқлар ҳам кўркам қиёфа касб этишида ўзгача шукуҳ бахш этмоқда.
Куни-кеча муҳтарам Юртбошимиз мамлакатимизда фаолият юритаётган сиёсий партиялар раҳбарлари ва Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари иштирокида ўтказган йиғилишда депутатлар зиммасида ҳам юксак масъулият борлигини, хусусан, мамлакатимизда ҳудудларни комплекс ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини ошириш, камбағалликни қисқартиришга алоҳида эътибор қаратиш, тадбиркорликни ривожлантириш, аҳолини иш билан таъминлаш ишларининг ижросини назорат қилиш Олий Мажлис палаталари ва маҳаллий кенгашларга улкан масъулият юклашини таъкидладилар.
Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ҳам халқ билан ҳамнафас яшаб, уларнинг муаммоларига ечим топишда жонбозлик кўрсатмоқдалар.

Шу кунларда жойлардаги ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш, мамлакатимизда олиб борилаётган туб ислоҳотлар моҳиятини аҳолига етказиш мақсадида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари сайловчилар билан учрашувлар олиб бормоқдалар. 102-Қува сайлов округидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайланган депутат Иқболжон Мирзаалиев Қува туманидаги ижтимоий соҳа объектлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари, тадбиркорлик субъектларида бўлиб ўз сайловчилари билан учрашувлар ўтказмоқда.
Хусусан, туман юқумли касалликлар шифохонасида бўлиб ўтган учрашувда бош шифокор Мавлудахон Мамарасулова томонидан муассасани мукаммал таъмирлаш, зарур санитария ва тиббий жиҳозлар билан таъминлаш вазифаларини тегишли давлат дастурига киритиш масаласи илгари сурилди.
Учрашувлар “Обидов” номли қишлоқ оилавий поликлиникаси, 17-давлат мактабгача таълим ташкилоти, 61-умумий ўрта таълим мактабларида ҳам ташкил этилиб, сайловчилар томонидан “Саноатчилар” маҳалла фуқаролар йигини ички йўлларини таъмирлаш, қишлоқ оилавий поликлиникасини зарур турдаги замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан таъминлаш, тумандаги 31-умумтаълим мактаби ҳудудида сузиш хавзаси барпо этиш ва шу каби ўнлаб масалалар кўтарилди.
Учрашувлар давомида аҳоли вакиллари томонидан кўтарилган турли даражадаги ижтимоий муаммолар ҳар томонлама ўрганилиб, мутасадди раҳбарларга тегишли кўрсатмалар берилди, вилоят ва республика даражасида ҳал этиладиган масалалар юзасидан зарур чора-тадбирлар белгиланди.
Ш.ТЎХТАМАТОВ,
ЎзЛиДеП Фарғона вилояти Кенгаши матбуот котиби.