Далмун маҳалласида истиқомат қилувчи С.Ражабованинг фарзандига нафақа тўлаш масаласи жойида ҳал қилинди. Ойдин маҳалласи Жўйимўмин қишлоғига қўшимча 100 КВт трансформатор ўрнатилиши белгиланди. Фуқаро Ш.Ҳотамов “Етти пир” зиёратигоҳига кексаларнинг сафарини уюштириш бўйича қилган мурожаатига тезда ечим топилди. Бунинг учун 29 март куни алоҳида автобус ажратиладиган бўлди.
Бу Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Жаҳонгир Шириновнинг Жондор тумани “Далмун”, Ибн Сино, “Луқмон”, “Ойдин”, “Жамият”, “Мирзаён” ва “Ромиш” маҳаллалари аҳолиси билан учрашувида эришилган натижалардан бир шингил, холос.
Депутатнинг аҳоли билан бўлган учрашувларида ички йўлларни таъмирлаш, тоза ичимлик суви, дренаж ишлари бўйича ҳам кўплаб мурожаатлар бўлди. Барча масалалар назоратга олиниб, айримлари бўйича депутатлик сўрови йўлланадиган бўлди. Шунингдек, депутат 22-сон оилавий поликлиника шарт-шароитлари билан ҳам танишди.
– Президентимиз масъулларни бежиз “Маҳаллабай” ишлашга даъват қилаётгани йўқ ва бу билан кўплаб муаммолар аниқланиб, ечим топилмоқда, – деди депутат Жаҳонгир Ширинов. – Масалан, тумандаги 20-сонли мактабгача таълим ташкилотида қулфланган тиббий хонани ҳатто ҳамширанинг ўзи ҳам оча олмаганини қандай баҳолаш мумкин?! Шундай пайтда тиббий ёрдам зарур бўлиб қолса, нима бўлади? Энг ачинарлиси, болаларга эрталабки нонуштага сутли бўтқа берилиши лозим бўлса-да, амалда берилмаётганини аниқладик. Наҳот, МТТ мутасаддилари болалар ҳаққидан қўрқмаса.