Жорий йилнинг 8 октябрь Тошкентда бўлиб ўтган брифингда Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган президент сайловлари бўйича ЕХҲТ нинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси миссияси 15 сентябрдан 5 октябргача бўлган оралиқ ҳисоботини тақдим этди. Ҳужжат ЕХҲТ сайтида эълон қилинди.

Миссия аъзолари Ўзбекистондаги сайловлар янги демократик ва эркин Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар шароитида ўтказилаётганини қайд этишди.

Ҳужжатда ҳар бир фуқаронинг конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш, хусусан, Ўзбекистонда фуқароларнинг хоҳиш-истакларини мустақил ифода этишлари учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича олиб борилаётган муҳим ишларга алоҳида эътибор қаратилган.

Масалан, аҳолининг бўлажак сайловлардан хабардорлигини ошириш мақсадида, МСК «Сайлов-2021» иловасини ишлаб чиқди. Унда сайловчи қайси сайлов участкасида рўйхатдан ўтгани ва қаерда овоз бериши мумкинлиги тўғрисидаги маълумотларни топиши мумкин. Бундан ташқари, иловада «ўқув материаллари» бўлими ҳам мавжуд бўлиб, сайловчи унинг ёрдамида ўзининг ҳуқуқ соҳасидаги билимларини мустаҳкамлаши мумкин.

Ҳужжатда шунингдек, сайлов кампаниясининг ошкоралиги ижобий баҳоланади. Хусусан, МСКнинг барча йиғилишлари очиқ ўтгани, онлайн режимда ёритиб борилгани, МСК қарорлари чоп этиб борилгани, сайлов ўтказиш кунлари муддатига амал қилингани алоҳида қайд этилади.

Ҳисобот муаллифлари ногиронлар ҳуқуқларига ҳам алоҳида эътибор қаратишган. Уларнинг қайд этишича, Ўзбекистонда алоҳида эҳтиёжли шахсларнинг мамлакат сиёсий ҳаётида камситилмайдиган иштирокини кафолатлайдиган янги Қонун қабул қилинганини таъкидлайдилар.

ДИИҲБ Миссияси эътиборини тортган яна бир йўналиш – сайлов комиссияларини тузишда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятлар яратиш масаласидир. Натижада, округ сайлов комиссияси таркибидаги хотин-қизлар сони 39%ни, участка сайлов комиссияси таркибидаги хотин-қизлар сони - 46% ни ташкил этади.

Эслатиб ўтамиз, МСК таклифига кўра, президент сайловларини кузатиш учун ЕХҲТ нинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси миссияси Ўзбекистонда бўлиб турибди. Ирландиялик дипломат Оуэн Мёрфи бошчилигидаги Миссия 14 сентябрь куни Тошкентда жойлашган 11 нафар кишидан иборат асосий гуруҳ ва 24 сентябрда мамлакатимизнинг барча вилоятларига тақсимланган 28 нафар узоқ муддатли кузатувчилардан ташкил топган. Миссия аъзолари ЕХҲТ га аъзо бўлган 26 та мамлакатдан жалб қилинган. Шунингдек, сайловларда овоз бериш, овозларни санаб чиқиш ва сайлов якунларини чиқаришни кузатиш учун ЕХҲТ га аъзо мамлакатлардан яна 250 нафар қисқа муддатли кузатувчиларнинг юртимизга ташриф буюриши кутилмоқда.