Тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, санъат ва маданият арбоблари, олимлари, диний-маърифий соҳа вакиллари, Д.Ғуломованинг фарзандлари, ҳамкасблари, шогирдлари ва талабалар иштирок этди.

Дастлаб Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева сўзга чиқиб, мамлакатимизда хотин-қизларнинг жамиятдаги фаоллигини ошириш, уларга муносиб турмуш шароитини яратиш, ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва истеъдодларини ривожлантириш ҳамда халқимизнинг азалий қадриятларини асраб-авайлаш, диний-маърифат соҳасидаги кўп йиллик самарли фаолияти учун Ғуломова Дилбар Мухамедхановна “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси” фахрий унвони билан тақдирлангани тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони ўқиб эшиттирилди.

— Таниқли давлат ва жамоат арбоби, қадрли устозимиз Дилбар Ғуломова ҳақиқий маънода Ўзбек аёли тимсоли, хотин-қизларимиз учун ўз меҳнат фаолиятлари, илмий салоҳияти, фидойилиги ва оиласига садоқати ҳамда фарзандлар тарбиясидаги жонкуярлиги билан ибрат мактабини яратдилар, — дейди табрик сўзида Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева. — У киши ўзларининг 40 йилдан ортиқ меҳнат фаолиятлари давомида мамлакатимизда оила институтини ривожлантириш, хотин-қизларимиз учун фаровон турмуш шароитини яратиш, уларнинг жамиятдаги мавқеини ошириш борасида самарли ва фидокорона хизмат қилдилар.   

Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Президентининг жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Ш.Миноваров ҳам юбилей соҳибасини самимий қутлаб, у кишининг юртимизда маънавий-маърифий соҳада кўрсатаётган фидокорона хизматлари давлатимиз томонидан юқори баҳоланаётганини  эътироф этди.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқ Тошбоев томонидан ҳам Дилбар Ғуломованинг 80 ёшлик юбилейи ҳамда давлатимизнинг юксак мукофоти билан тақдирлангани муносабати билан табрик йўлланди. Қутлов номаси ҳамда эсдалик совғаларини Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори вазифасини бажарувчи Музаффар Комилов самимий дил изҳорлари билан тантанали топширди.      

Дарҳақиқат, халқимиз қадим қадриятларини асраб-авайлаш, уни ёш авлодга муносиб етказиш орқали давлатимиз тараққиёти, элимиз фаровонлиги йўлида фидойилик кўрсатган Дилбар Ғуломованинг ҳаёт йўллари ва илмий фаолиятларига назар ташласак, ушбу мукофотга том маънода муносиб эканликларини кўрамиз. Дилбар Ғуломова 1941 йил 30 майда Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Тошкент давлат тўқимачилик институтини муваффақиятли тамомлагач, турли йилларда масъулиятли вазифаларда ишлаб келган, жумладан, Тошкент вилояти махаллий саноат, маиший хизмат ва коммунал хўжалиги касаба уюшмалари қўмитаси раиси, Тошкент вилояти касаба уюшмалари кенгаши раиси, Республика хотин-қизлар қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари, раис, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари лавозимларда, 2019 йилдан буён эса Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари лавозимида самарли фаолият юритиб келмоқда.

Дилбар Ғуломова давлатимиз томонидан “Дўстлик”, “Меҳнат шуҳрати” ва “Эл-юрт ҳурмати” орденлари билан тақдирланган.

Тадбирда шунингдек, Дилбар Ғуломованинг сафдошлари, шогирдлари ва фарзандлари номидан Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари Гулнора Маърупова, фан доктори, профессор Ҳалима Алимова, “Соғлом авлод учун” хайрия фонди раиси Светлана Инамова, “Саодат” журнали бош муҳаррири, шоира Мунаввара Усмонова ҳам сўз олиб, ўзбек аёлига ҳақиқий маънода ҳам давлат ва жамоат ишларидаги фаоллиги билан, ҳам оилага садоқати, рўзғор тебратишдаги оқилалиги-ю, фарзанд тарбиясидаги намунаси билан ибрат бўлиб келаётган устозларига ўз ҳурматларини билдиришди.

Учрашув давомида меҳрибон олима ва жонкуяр инсон Дилбар Ғуломова узоқ йиллик меҳнат фаолияти давомида юртимиз ривожи учун сидқидилдан меҳнат қилганлиги, малакали шогирдлар тарбиялагани эътироф этилди. Ўз навбатида Дилбар Ғуломова кўрсатилган эътибор ва ҳурмат учун давлатимиз раҳбари ҳамда ҳукуматимиз, халқимизга ўз миннатдорлигини билдирди.