Анжуманда сўзга чиққан Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Музаффар Комилов юртимизнинг янада равнақ топтириш йўлида ҳамкорликда амалга оширилаётган ушбу тадбир икки томон учун ҳам жуда манфаатли бўлишига умид билдирди. Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги Халқ дипломатияси маркази билан олиб борилаётган ҳамкорлик алоқаларидан мамнун эканини қайд этди.
– Ўзбекистон – Буюк ипак йўли чорраҳасида жойлашган, турли маданият ва цивилизациялар туташган муборак замин ҳисобланади, – деди Музаффар Комилов. – Шу сабабли асрлар давомида юртимизда истиқомат қилиб келаётган турли миллат ва диний эътиқод вакиллари ягона оиладек аҳил-иноқ яшаб келмоқда. Меҳмондўстлик, ўзаро ҳурмат, барчага эзгулик соғиниш, умуман, бағрикенглик бизнинг халқимизга хос фазилат саналади.
"Дунё" АА мухбирининг қайд этишича, ШҲТнинг Ўзбекистондаги Халқ дипломатияси маркази директори Қобулжон Собиров йиғилганларни семинар билан қутлар экан, марказ томонидан сўнгги йилларда диний-маърифий соҳага катта эътибор қаратилаётганини маълум қилди. Халқ дипломатияси маркази фаолияти гуманитар таркибий қисми турли халқлар ва этник гуруҳлар, маданий анъаналар ва диний эътиқодлар вакилларини бир платформада тўплаш имкони беришини таъкидлади.
Тадбирда «Диний фундаментализм ва экстремизмнинг вужудга келишидаги ёт ғоялар тарқалишини олдини олишга қаратилган профилактик чора-тадбирлар», «Конфессиялараро муносабатларда зиддиятларни бартараф этиш ва бағрикенгликни таъминлашда фаннинг ўрни ва имкониятлари», «Аждодларимиз илмий-маънавий меросида бағрикенглик масалаларини ёритилиши», «Халқ дипломатиясининг диний бағрикенглик тамойилларига амал қилишдаги ўрни» мавзуларида маърузалар тингланди.