Мақола муаллифи, таниқли минтақавий эксперт Маҳмуд Ул Ҳасан Хон саммит аҳамиятини икки мамлакат ўртасида турли соҳалардаги ҳамкорликнинг янги даврини бошлаб берган, янги имкониятлар эшигини очган тарихий учрашув, дея баҳолайди.
Экспертнинг фикрича, Марказий ва Жануби-Шарқий Осиё мамлакатлари билан манфаатли алоқаларни ривожлантириш Президент Шавкат Мирзиёев олиб бораётган ташқи сиёсатнинг бош мақсадидир. Бу стратегик мақсадлар минтақада тинчлик, барқарор ривожланиш ва дўстона муҳит шаклланишида муҳим аҳамият касб этди. Пировардида, Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида товар айирбошлаш ҳажми ўртача 50 фоиздан ошди.
Мақолада Ўзбекистонда миллий валютани халқаро валюта саватига киритиш – унинг асл қийматини мустаҳкамлаш ва қисқа вақтларда экспорт ҳажмини оширишга хизмат қилиши ҳам алоҳида эътироф этилган.
Ўзбекистон ва Покистон етакчилари вазирликлараро, парламентлараро амалга оширилаётган лойиҳаларни янада фаоллаштириш, мудофаа ва хавфсизлик, савдо-иқтисодий, таълим, маданият ва туризм соҳаларидаги ўзаро алоқаларни кучайтиришга келишиб олди.
– Мен Ўзбекистон ва МДҲ бўйича таниқли минтақавий эксперт сифатида виртуал саммитни икки қардош мамлакат ўртасида барқарор стратегик шериклик йўлидаги улкан қадам деб атайман. Бу, албатта, Ўзбекистон – Покистон ўртасидаги икки томонлама алоқаларни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш учун имконият яратади, – деб ёзади Маҳмуд Ул Ҳасан Хон.
Мақолада Трансафғон темир йўли қурилиши ва мазкур транспорт коридорининг минтақавий аҳамияти ҳам тилга олинади. Бу йирик лойиҳа ишга тушиши билан минтақада ўзаро савдо-сотиқ янги форматда ривожланиши, шунингдек, саммитда Покистон денгиз портларига кириб бориш бўйича ҳам келишувларга эришилгани айтилади.
Муаллиф ёзишича, Ўзбекистон транзит транспорт ва савдо-сотиқни енгиллаштириш бўйича Хитой, Покистон, Қирғизистон ва Қозоғистон ўртасида тузилган тўрт томонлама шартномага қўшилишга қизиқиш билдирган. Покистон томони Ўзбекистоннинг бу ташаббусини қўллаб-қувватлайди.
“Жаноб Имрон Хон айтишича, Покистоннинг Карачи ва Гвадар портлари Марказий Осиё учун денгизга чиқиш эшиги бўлиши мумкин, чунки Покистон Марказий Осиё мамлакатларига халқаро денгизларга энг қисқа йўлни тақдим этади. Унинг қўшимча қилишича, Покистон Ўзбекистоннинг ўз портларига киришини осонлаштиради”, деб ёзади эксперт.