Унда Марказий Осиё давлатларининг ички ишлар вазирлари ҳамда Хитой Жамоат хавфсизлиги вазирлиги раҳбарияти иштирок этдилар. Ўзбекистон делегациясига Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Азиз Ташпулатов бошчилик қилди.
Мазкур учрашув сўнгги йилларда жадал ривожланаётган Марказий Осиё – Хитой муносабатларининг мантиқий давомидир.
Давлат раҳбарлари ўртасида мунтазам ўтказилаётган учрашувлар ва очиқ сиёсий мулоқот ўзаро ишончни мустаҳкамлаб, стратегик шерикликни амалий мазмун билан бойитмоқда. Бу жараён иқтисодиёт, савдо, инвестиция, транспорт ва гуманитар соҳалар билан бир қаторда ҳуқуқ-тартибот ва хавфсизлик йўналишини ҳам қамраб олмоқда.
Бугун хавфсизликка таҳдидлар трансчегаравий тус олганлиги сабабли терроризм ва экстремизм, уюшган жиноятчилик, гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмаси, одам савдоси ва кибержиноятчиликка қарши самарали курашиш давлатлар ўртасида тезкор ахборот алмашинуви ва мувофиқлашган ҳаракатларни талаб этади.
Айниқса, кибермаконда содир этилаётган жиноятлар янги ёндашувларни тақозо қилмоқда. Жиноят ташкилотчиси, ижрочиси ва жабрланувчиси турли мамлакатларда бўлиши мумкин бўлган шароитда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг ҳамкорлиги ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
Пекиндаги мулоқотда ана шу масалалар юзасидан тажриба алмашиш, амалий ҳамкорликни кенгайтириш ва замонавий технологиялардан самарали фойдаланиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Тадбир доирасида делегациялар Марказий Осиё ва Хитой давлатлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари учун ташкил этилган ўқув базасининг очилиш маросимида иштирок этдилар.
Мазкур ўқув муассасаси ходимларнинг касбий тайёргарлигини ошириш, илғор тажрибани ўрганиш ва амалий кўникмаларни такомиллаштириш учун муҳим майдон бўлиб хизмат қилади. Айниқса, трансмиллий жиноятчилик, кибержиноятлар ва бошқа замонавий таҳдидларга қарши курашишда турли давлатлар мутахассисларининг тажриба алмашиши муҳим аҳамият касб этади.
Ўқув жараёнларини ягона ҳамкорлик майдонида ташкил этиш турли мамлакатлар мутахассислари ўртасида тўғридан-тўғри тажриба алмашиш, амалий кўникмаларни такомиллаштириш ва соҳадаги илғор ёндашувларни ўзлаштириш имконини беради. Энг муҳими, бундай ҳамкорлик хавфсизликни таъминлашда умумий ёндашувларни шакллантиришга хизмат қилади.
Учрашув доирасида Хитой Жамоат хавфсизлиги вазири Ван Сяохун Ўзбекистон Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Азиз Ташпулатовга икки томонлама муносабатлар ва идоралараро ҳамкорлик изчил ривожланиб бораётгани рамзи сифатида «Буюк девор» эсдалик нишонини тантанали равишда топширди.
Тадбир якунида Хитойнинг жамоат хавфсизлигини таъминлаш, рақамли технологияларни ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимига жорий этиш борасидаги тажрибаси Марказий Осиё давлатлари учун муҳим аҳамиятга эгалиги, ўзаро тажриба алмашинуви эса жиноятчиликнинг янги шаклларига қарши курашиш самарадорлигини оширишга хизмат қилиши алоҳида қайд этилди.